130100 Узбекистон мусулмонлар идораси Жиззах вилоят вакиллиги
![Уйқида ҳам ибодатда бўлувчи амал!](https://imon.uz/uploads/news-2103.jpg)
Уйқида ҳам ибодатда бўлувчи амал!
imon.uz 2025-01-07 01:18:37 127Ривоят қилинишича, Абу Умома ал-Боҳилий разияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан “қайси амал энг афзал?”, деб сўради. Шунда Ул зот: “Рўза тут! Зеро, унинг тенги йўқдир!”, дедилар. (Имом Аҳмад, Насоий ва Байҳақий ривоятлари).
Рўзадор киши ҳатто ҳечнарса қилмасдан ётоғида ухлаб ётган пайтида ҳам ажр-савоблар қўлга киритади. Абул Олия айтадилар: "рўзадор гарчи тўшагида ухлаб ётган бўлсада ибодат ичра бўлур". Ҳафса онамиз (разияллоҳу анҳо): "Ётоғимда уйқуда бўлсам ҳам давом этадиган қандай ҳам яхши ибодат экан бу (рўза)?!", дер эдилар.
Ибн Ҳассосия (розияллоҳу анҳ)дан ривоят қилинган ҳадиси қудсийда ривоят қилинишича, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бундай деганлар: «Аллоҳ айтди: «Рўза оловдан қалқондир, рўза Менинг учундир, унинг мукофотини Мен бераман. Зеро, рўзадор емоғини, ичмоғини, нафсоний истакларини Менинг учун тарк этади. Рўзадор оғзининг ҳиди Аллоҳ наздида мушк ҳидидан ҳам ёқимлироқдир» (Бағавий ва Табароний ривояти).
Абдуллоҳ ибн Масъуд (розияллоҳу анҳ)дан ривоят қилинган ҳадиси қудсийда келтирилишича, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бундай деганлар: «Аллоҳ айтади: «Ҳар кимсанинг аъзолари ҳаромдан, гуноҳлардан тийилмаса, емоқ-ичмоғини тарк этишига аҳамият бермайман» (Абу Нуайм ривояти).
Абу Ҳурайра (розияллоҳу анҳ)дан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бундай деганлар: «Рўза (дўзах ўтидан асровчи) қалқондир. Рўза тутган киши ёмон сўзларни сўзламасин, қўполлик қилмасин. Агар бирор киши уни уришса ёки ҳақорат қилса, икки марта «мен рўзадорман», десин. Аллоҳга қасамки, рўзадор оғзининг ҳиди Аллоҳ наздида мушк-анбар ҳидидан ҳам хушбўйроқдир. Чунки Аллоҳ таоло: «Рўзадор Менинг учун емайди, ичмайди ва шаҳватини тарк қилади. Рўза холис Менга ибодатдир, унга Ўзим ҳисобсиз савоб бераман. Ваҳоланки, ҳар бир яхшиликка ўн баробар яхшилик бордир». (Имом Бухорий ривояти).
Абдуллоҳ ибн Аббос (розияллоҳу анҳ)дан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам инсонлар ичида хайр қилишда энг сахийи эдилар. У зотнинг яна ҳам сахий бўлишлари Рамазон ойига тўғри келар эди. Рамазоннинг ҳар кечасида у зотга Жаброил алайҳиссалом келиб учрашар эди. Расулуллоҳ солаллоҳу алайҳи ва саллам ундан Қуръонни ўтказиб олар эдилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Жаброил келган пайтда сахийликда тез эсган шамолдек бўлиб кетар эдилар» (Имом Бухорий ривояти).
Абдимуродов Қамариддин тайёрлади.