СИЗГА ОТА-ОНАМ ФИДО БЎЛСИН

СИЗГА ОТА-ОНАМ ФИДО БЎЛСИН

imon.uz 2024-11-08 12:34:21 100

Али розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Саъддан бошқага фидо бўлишни айтганларини эшитганим йўқ. У зот унга: «От! Сенга ота-онам фидо бўлсин!» деганлар».

Икки шайх ва Термизий ривоят қилган.

Термизийнинг лафзида:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳеч кимга ота-оналарини жам(лаб фидо) қилмаганлар. Фақатгина Саъд ибн Абу Ваққосга айтганлар. У зот Уҳуд куни унга: «От! Ота-онам сенга фидо бўлсин! От! Эй паҳлавон йигит!» дедилар» зиёда қилинган.

Шарҳ: Уҳуд урушида мусулмонлар қанчалар қийин аҳволга тушиб қолганларини яхши биламиз. Ана ўша пайтда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ва у зотнинг атрофларидаги бир қанча фидокорларнинг ғайрати ила Аллоҳ таоло Ислом лашкарини бутунлай тор-мор бўлишдан сақлаб қолган эди. Худди ўша жангда Саъд ибн Абу Ваққос розияллоҳу анҳу ҳам катта қаҳрамонлик намуналарини кўрсатдилар. У киши машҳур чавондоз, баҳодир жангчи бўлиш билан бирга, уста камончи — мерган ҳам эдилар.

Саъд ибн Абу Ваққос розияллоҳу анҳунинг худди ўша мерганлик сифатлари Уҳуд урушида қўл келди.

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Саъд ибн Абу Ваққосга «От! Ота-онам сенга фидо бўлсин! От!» дейишлари жуда катта гап. Бу гапни у зот бировга айтмаганлар. Бу ҳам Саъд ибн Абу Ваққосда бошқаларда йўқ фазл борлигини билдиради. Фақат кейинроқ бўлган Хандақ урушида у зот алайҳиссалом «Ота-онам сенга фидо бўлсин!» деган гапни Зубайр ибн Аввом розияллоҳу анҳуга ҳам айтадилар.

Имом Термизий ривоятидаги Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Саъд ибн Абу Ваққосга қарата, «Эй паҳлавон йигит!» деган гаплари ёлғиз Саъд ибн Абу Ваққоснинг ўзларига хосдир.

Ибн Асокир раҳматуллоҳи алайҳи Ибн Шиҳоб розияллоҳу анҳудан ривоят қиладилар:

«Саъд ибн Абу Ваққос Уҳуд куни бир ўқ билан уч кишини ўлдирди. Бир отиб биттасини ўлдирди. Улар ўқни унинг ўзига қайтариб отдилар. У ўша ўқни иккинчи марта отиб, яна бир кишини ўлдирди. Улар ўқни унинг ўзига яна қайтариб отдилар. У ўша ўқни учинчи марта отиб, яна бир кишини ўлдирди. Одамлар Саъд ибн Абу Ваққоснинг қилган ишидан ажабландилар. У бўлса:

«Буни менга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам тайёрлаб берган эдилар», деди.

Ўшанда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам унга ота-оналарини жам(лаб фидо) қилдилар».

Имом Муслим раҳматуллоҳи алайҳи Саъд ибн Абу Ваққос розияллоҳу анҳунинг ўзларидан Уҳуд уруши ҳақидаги қуйидаги сўзларни ривоят қиладилар:

«Мушриклардан бири мусулмонларни куйдирган эди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам менга:

«От! Ота-онам сенга фидо бўлсин! От!» дедилар.

Мен учида темири йўқ бир ўқни солиб отдим. Бас, у мушрикнинг қоқ пешонасига тегди. У йиқилиб, аврати очилиб кетди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам кулган эдилар, тишларининг оқи кўриниб кетди»

                                                                                                                                                                                                                                                                                                     МАНБА:      АДАБ КИТОБИДАН

Ижтимоий тармокларда улашинг

Фейзбукда изоҳ қолдиринг

Мавзуга оид