Имом Термизий асарлари

Имом Термизий асарлари

imon.uz 2021-04-01 10:45:33 1835

Имом Термизий асарлари

Ўз ижодий фаолияти даврида ат-Термизий ўндан ортиқ асарлар яратди. Унинг маданий меросида, шубҳасиз, «Ал-Жомиъ» асари катта аҳамиятга эгадир. Бу асар «Ал-Жомиъ ас-саҳийҳ» («Ишончли тўплам»), «Ал-Жомиъ ал-кабийр» («Катта тўплам»), «Саҳийҳ ат-Термизий», «Сунан ат-Термизий» («Термизий суннатлари») номлари билан ҳам юритилади[1].

Муаллифнинг йирик асарларидан яна бири «Аш-шамоил ан-набавиййа» («Пайғамбарнинг алоҳида фазилатлари»)дир. Бу асар «Аш-шамоил муҳаммадиййа», «Аш-шамоил фи шамоил ан-набий саллоллоҳу алайҳи вассаллам»[2]номлари билан ҳам аталади. Ушбу асар Саудия Арабистонида истиқомат қилган ватандошимиз Саид Маҳмуд Тарозий (у 1992 йили вафот этган) томонидан ўзбекчага ўгирилган (араб алифбосида ва кириллчада Тошкентда бир неча бор нашр қилинган)[3]. «Китоб ат-таърих», «Китоб ал-илал ас-сағийр ва ал-илал ал-кабийр», «Китоб уз-зуҳд» («Тақво ҳақида китоб»), «Китоб ал-асмо вал-куна» («Ровийларнинг исми ва лақаблари ҳақида китоб»), «Ал-илал фил-ҳадийс» («Ҳадислардаги иллатлар ёки оғишлар ҳақида»), «Рисола фил-хилоф вал-жадал» («Ҳадислардаги ихтилоф ва баҳслар ҳақида рисола»), «Асмо ус-саҳоба» («Пайғамбар саҳобаларининг исмлари»)[4] шулар жумласидандир. 

«Ал-Жомиъ ас-Саҳийҳ» Ат-Термизийнинг ижодий фаолиятида яратилган асарлари ичида «ал-Жомиъ ас-саҳийҳ» («Ишончли тўплам») энг асосий ўринни эгаллайди. Ушбу асар юқорида қайд қилганимиздек, «ал-Жомиъ ал-кабийр», («Катта тўплам»), «Саҳийҳ ат-Термизий», «Сунан ат-Термизий» («Термизий суннатлари») каби номлар билан ҳам юритилади. Тарихчи Ибн Хажар ал-Асқалонийнинг ёзишича, ат-Термизий ушбу асарини 270 ҳижрий (884 мелодий) йилда, яъни қарийб олтмиш ёшларида, илм-фанда катта тажриба орттириб, имомлик даражасига эришгандан кейин ёзиб тугатган[5].

Ушбу асар қўлёзмалари дунёнинг бир қанча шаҳарларида, шунингдек, ўзимизда, Ўзбекистон Фанлар Академияси, Абу Райҳон Беруний номли Шарқшунослик институтида ҳам сақланмоқда. Муҳим манба сифатида «Ал-Жомиъ ас-саҳийҳ» бир неча марта нашр қилинган. Бунга далил сифатида 1283 (1866) йили Митоҳда, 1292 (1875) йили Қоҳирада, шунингдек, 1980 йили Байрутда нашр этилганлигини кўрсатиш кифоя. Ат-Термизийнинг бу муҳим асарига бир қатор шарҳлар ҳам ёзилган бўлиб, улардан ибн ал-Арабий (вафоти 543 ҳижрий, 1148 мелодий йили) номи билан машҳур бўлган имом ҳофиз Абу Бакр Муҳаммад ибн Абдулла ал-Ашбилийнинг «Оридат ал-Аҳвазий ала китоб ат-Термизий» номли 13 жузъ (қисм)дан иборат шарҳларини келтириш мумкин. Ушбу шарҳ дастлаб 1931 йидда Қоҳирада нашр қилинган. Имом Ҳофиз Абу Али Муҳаммад Абдурраҳмон ибн Абдураҳим ал-Муборакфурий (1283—1353) қаламига мансуб яна бир шарҳ ҳам «Туҳфат ул-Аҳвазий бишарҳи ат-Термизий» деб аталади. Тўрт жузъдан иборат бўлган бу асар 1979 йилда Байрутда нашр қилинган (Ҳиндистон нашри ҳам мавжуд). Мисрлик олим ва адиб Жамолиддин Абдурраҳмон ибн Абу Бакр ас-Суютийнинг (1445—1505) ат-Термизий асарига ёзган шарҳи «Қут ал-муғтазий ала Жомиъ ат-Термизий» (ундан икки қисми нашр қилинган), деб аталган.

Аввал эслатиб ўтганимиздек, ҳижрий учинчи аср (мелодий тўқкизинчи аср) ҳадис илмининг ривожида олтин давр ҳисобланади. Дастлаб бу даврда яшаб ижод қилган Имом ал-Бухорий, Имом Муслим каби алломаларнинг сермаҳсул фаолияти катта аҳамият касб этади.

Ўз устозлари Имом ал-Бухорий, Имом Муслим асос солган хайрли ишни Имом ат-Термизий чуқур масъулият ва катта идрок билан давом эттирди. Ҳадисшуносликнинг илмий асосда ривожланишига улкан ҳисса қўшиб, мусулмон дунёсидаги энг нуфузли муҳаддислардан бири даражасига кўтарилди. Абу Исо ат-Термизийнинг шоҳ асари бўлмиш «Ал-Жомиъ ас-саҳийҳ» олим машаққатли меҳнатининг маҳсули сифатида ҳадис илмида катта аҳамиятга эга. Энг аввало шуни айтиш керакки, муаллиф ўз асарини алоҳида-алоҳида бобларга бўлади, имкони борича ҳар бир ҳадис ровийларини келтиради. Ҳар бир ҳадисдан кейин унинг ишончли ёки ишончсизлик даражасини аниқлаб алоҳида кўрсатади. Олдинроқ биз асарини «Ас-сунан» («Суннатлар») номи билан («Сунан ат-Термизий») аталишини ҳам эслатиб ўтгандик[6]. Бу ном билан аталишига асосий сабаблардан бири — унда фиқҳ масаласига доир аҳком ҳадислар жуда кўп келтирилган. Шулар билан бир қаторда асарда панд-насиҳат, ахлоқ-одоб, гўзал хулқу фазилатлар хусусида ҳам жуда кўп ҳадиси шарифлар келтирилганки, бу даражадаги ҳадислар ҳеч бир муаллиф асарида учрамайди, десак муболаға бўлмайди.

Таркибий жиҳатдан асар қуйидаги бобларга бўлинади. Ундан таҳорат, салот (намоз), закот, рўза, ҳаж, жаноза, никоҳ, эмизиш, талоқ, савдо-сотиқ, қозилик аҳкомлари, товон тўлаш, меъёр, сайд, қурбонлик, назр-нузур, иймон, сийратлар, жиҳод, кийим-кечак (либос), таомлар, ичимликлар (ал-ашриба), хайр-эҳсон ва саховат, табобат, фарзлар, васиятномалар, хайрихоҳлик ва тақдир, хуружу фитналар, башоратлар, шаҳодатлар, зоҳидлар, жаннат ва жаҳаннам сифатлари, илм, изн сўраш, одоб ва ахлоқ, масаллар, Қуръон фазилатлари, қироат, тафсир, дуолар, маноқиблар (фазилатлар), иллатлар ҳақидаги боблар келтирилган[7].

Мана шу боблар асарда сарлавҳа тарзида бўлинган бўлиб, бобга доир ҳадислар бўлим мазмунини тўла-тўкис ифодалайди. Ушбу бобга доир масала бўйича муаллиф бир қанча ҳадисларни келтиради, сўнг бу масала юзасидан бошқа уламою фақиҳларнинг фикрларини ҳам батартиб баён этади. Ундан кейин ривоят қилинган ҳадиснинг саҳийҳ, ҳасан, заиф ёки ғариблиги даражасига ўз муносабатини билдиради. Шундан сўнг ҳадис ровийлари, санадлари ва санаднинг ўз ичига олган иллатлари хусусида ўз фикрини билдиради.

Юқорида айтилган фикримизга мисол тариқасида Абу Исо ат-Термизийнинг «Ал-Жомиъ ас-саҳийҳ» асарида «Таҳорат» бобида «Сафардаги ва бир жойда муқим турган киши маҳсисига масҳ тортиши» ҳақида келтирилган бир ҳадис хусусида муфассал тўхталамиз.

«Бизларга Қутайба сўзлаб берди, унга Абу Увона ривоят қилган, у Саъйид ибн Масруқдан, у Иброҳим ат-Тайамийдан, у Амир ибн Маймундан, у Абу Абдуллоҳ ал-Жадалийдан, у Хузайма ибн Собитдан, у пайғамбар алайҳиссаломдан ривоят қиладилар. Расули акрамдан маҳсига масҳ тортиш ҳақида савол билан мурожаат қилганларида, пайғамбар алайҳиссалом: «Сафардаги киши учун уч кеча-кундуз, бир жойда муқим киши эса бир кеча-кундуз ўз маҳсисига масҳ тортади», деб жавоб қилганлар. Яҳё ибн Муъийн масҳ ҳақидаги Хузаймадан ривоят қилган ушбу ҳадисни саҳийҳ (ишончли) дейдилар. Юқорида зикри ўтган Абу Абдуллоҳ ал-Жадалийнинг исми эса Абу ибн Абд бўлиб, баъзан уни Абдураҳмон ибн Абад ҳам деб аташар эди.

Имом Абу Исо ат-Термизий айтадилар: «Бу ҳадис ҳасан (маъқул) ва саҳийҳдир». Шу боб ҳақида Али, Абу Бакр, Абу Ҳурайра, Сафвон ибн Уссол, Авф Ибн Молик, Ибн Умар ва Жарийрдан ривоят этилган ҳадис бор. Бизларга Худод ривоят қилди, у Абул Аҳвасдан, у Осим ибн Аби ан-Нужуддан, у Зар ибн Хубайшдан, у Сафвон ибн Уссоддан, у айтди: «Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васаллам сафарида бирга бўлган чоғларимизда бизларга уч кечаю уч кундузгача чориқ — маҳсиларимизни ечмасликка буюрардилар. Фақат жунуб бўлгандагина ечиб, катта ва кичик таҳорат синганда ҳам, уйқудан кейин ҳам ечмас эдик». Абу Исо ат-Термизий айтдилар: бу ҳадис саҳийҳ ва ҳасандир. Ал-Ҳакам ибн Утайба ва Ҳаммод Иброҳим ан-Нахайидан, у Абу Абдуллоҳ ал-Жадалийдан, у Хузайма ибн Собитдан ривоят қилган ҳадис саҳийҳ эмас. Али ибн ал-Мадийний хабар беради: «Менга Яҳё Ибн Саъйид айтди, унга Шуъба шундай деган: Иброҳим ан-Нахайи «Масҳ» ҳақидаги ҳадисни Абу Абдуллоҳ ал-Жадалийдан ҳеч қачон эшитмаган. Заида Мансурдан эшитганига таяниб шундай дейди: «Биз Иброҳим ат-Тайамийнинг ҳужрасида ўтирган эдик, бизлар билан бирга Иброҳим ан-Нахайи ҳам бор эди. Шунда Иброҳим ат-Тайамий бизларга ҳадис ривоят қилди, у Амр ибн Маймундан, у Абу Абдуллоҳ ал-Жадалийдан, у Хузайма ибн Собитдан, у пайғамбар алайҳиссаломдан «Маҳси — чориққа масҳ тортиш» ҳақидаги ҳадис эди. Муҳаммад ибн Исмоил ал-Бухорий: «Ушбу бобдаги энг маъқул ҳадис Сафвон ибн Уссол томонидан ривоят этилган ҳадисдир», дейдилар.

Абу Исо ат-Термизий айтадилар: Масҳ бобидаги бу сўз пайғамбар алайҳиссаломнинг аксари саҳобаи уламолари ва тобеъинлари ҳамда улардан сўнг ўтган Суфён, Ибн ал-Муборак, аш-Шофиъий, Аҳмад ва Исҳоқ каби фуқаҳоларнинг сўзларидир. Улар: «Бир жойда муқим турган киши бир кеча-кундуз, сафардаги киши эса уч кеча-кундузгача масҳ тортади», дейдилар. Баъзи бир аҳли илмлардан ривоят қилишларича, улар маҳс — чориққа масҳ тортишда муддатни белгиламайдилар. Бу Молик ибн Анаснинг сўзидир. (Аммо) Абу Исо ат-Термизий айтганлар: «(Масҳ тортишда) вақт (муддат) белгилаш ва унга риоя қилиш тўғридир». Дарҳақиқат, ушбу ҳадис (аввал зикр қилинганидек) Сафрон ибн Уссолдан ривоят қилинган эди[8].

Муаллиф ровийларнинг фикр-мулоҳазалари пайғамбар алайҳиссаломга яқин бўлган саҳобалар ва бошқа уламолар фикрига таяниб ҳадис ҳақидаги фикрларини баён этади. Асарга киритилган бир неча минг ҳадисни шундай тадқиқ қилиш муаллифдан тинимсиз меҳнат, сабр-тоқат, иродани талаб қилганлигини тасаввур қилиш қийин эмас.

Чунончи, ат-Термизий китобларида бу хилдаги ҳадисларнинг бирмунча кўплиги унинг беназир изланишларидан далолатдир. Ушбу асар ҳақида муаллифнинг ўзи ҳам: «Ал-Жомиъ»ни ёзиб тугатиб Ҳижоз, Ироқ ва Хуросон олимларига кўрсатганимда, улар уни мамнунлик билан бир овоздан маъқул топдилар. Ростдан ҳам кимнинг хонадонида бу китоб бўлса, гўёки бу уйда пайғамбар алайҳиссаломнинг ўзлари сўзлаётгандек[9], — деб ёзади.

Машҳур олим Тошкўбрийзода Имом ат-Термизий фаолиятига юқори баҳо бериб шундай ёзади: «Имом ат-Термизийнинг ҳадис илми соҳасида кўплаб таснифотлари бор. Ул зотнинг «Ас-Саҳийҳ» асари ушбу китобларнинг энг яхшиси ва ғоят фойдалисидир. Бу китобда «саҳийҳ», «ҳасан», «ғарийб» каби турли хилдаги ҳадислар баён этилади. Китобнинг «Китоб ал-илал» қисми иллатли ҳадисларга бағишланган ҳолда фойдали мулоҳазаларни ўз ичига олган. Ушбу асарни мутоала қилган ҳар бир киши унинг ноёб дурдоналаридан бебаҳра қолмайди»[10][11].

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси

Жиззах вилоят бош имом-хатиби ўринбосари

БОТИРХОН Рўзиев

 



[2]Нуриддин Атар. Ал-Имом ат-Термизий, 37-бет.

 

[3]Абу Исо ат-Термизий. Аш-шамоил ан-набавиййа, Тошкент, 1993.

[4]Ал-Асқалоний. Таҳзийб ат-таҳзийб, 9-жилд, 389-бет.

[5]Ал-Асқалоний. Таҳзийб ат-таҳзийб, 9-жилд, 389-бет.

 

[6]«Сунан ат-Термизий»нинг биринчи жилди ўзбек тилига таржима қилиниб, 1999 йилда Тошкентда нашр этилган.

[7]Мабоҳис фи уълум ал-ҳадийс, 35-бет.

[8]Нуриддин Атар. Ал-Имом ат-Термизий, 51—52-бетлар.

[9]Шамсуддин аз-Заҳабий. Тазкират ал-ҳуффоз, 634-бет; Ибн Хажар ал-Асқалоний. Таҳзийб ат-таҳзийб, 9-жилд, 389-бет.

 

[10]Аш-Шайх Комил Мухаммад Авайда. Абу Исо ат-Термизий, 66-бет.

[11]Муҳаддислар сайтидан 11.12.2014 й

 

Ижтимоий тармокларда улашинг

Фейзбукда изоҳ қолдиринг

Мавзуга оид