Имом Термизий ҳаёти ва ижоди

Имом Термизий ҳаёти ва ижоди

imon.uz 2021-03-25 05:45:45 1131

Буюк ватандошимиз, имом Абу Исо Муҳаммад ибн Исо аз-Заҳҳок ас-Суламий ал-Буғий ат-Термизий роҳимаҳуллоҳдир. У зот Мовароуннаҳрнинг машҳур муҳаддисларидан бўлиб, ҳижрий 209 (милодий 824) йили Термиз яқинидаги Буғ қишлоғида туғилган. Имом Бухорий, Имом Муслим, Абу Довудлардан дарс олган. Шогирдларининг ёзишича: «Имом Бухорийнинг вафотларидан кейин Хуросон юртида илм, зеҳн, тақво ва зуҳд борасида Абу Исо ат-Термизийдек зот топилмайди».

Имом Термизийнинг энг машҳур китоби «Ал-Китаб ал-азийм»дир («Ал-Жомеъ ас-саҳиҳ»), у «Саҳиҳи Термизий», «Сунани Термизий» номлари билан машҳур бўлиб, «Олти саҳиҳ»нинг тўртинчиси ҳисобланади. Ундаги ҳадисларни тўплаш учун имом Термизий Хуросон, Ироқ, Шом юртларида, Макка ва Мадина шаҳарларида илмий сафарда бўлган.

Имом Термизий «Сунан»ида фақат саҳиҳ ҳадисларни келтиришни ўзига шарт қилиб қўймаган, шунинг учун унда саҳиҳ, ҳасан ҳадисларбилан бир қаторда заиф ва иллатли ҳадисларни ҳам зикр қилиб, уларнинг заифлик сабабларини баён қилган.

«Сунани Термизий»даги ҳадислар сони 4000 тага яқин бўлиб, муаллиф уларни 42 бобга ажратган.

Бундан ташқари, имом Термизийнинг «Аш-Шамоил ан-набавийя». «Китабул-илал», «Китабут-тарих», «Китабуз-зуҳд», «Китаб ал-асм вал-куна» ва бошқа кўпгина асарлари бор.

Имом Термизий ҳижрий 279 (милодий 892) йили вафот этган, қабри: ҳозирги Сурхондарё вилоятининг Шеробод туманидадир.[1]

Жомеъ ат-Термизий" - Мазкур асар тўрт минг атрофидаги ҳадисни ўз ичига олган бўлиб, қирқ икки бобдан иборат. Муаллифнинг ўзи ажратиб чиққан боблар қуйидагилар: поклик, намоз, закот, рӯза, ҳаж, жаноза, никоҳ, эмизиш, талоқ, лион, савдолар, Расулуллоҳнинг ҳукмлари, тўловлар, ҳадлар, ов, қурбонликлар, назр ва қасамлар, сийратлар, жиҳод, кийим, таомлар, ичимликлар, яхшилик ва силаи раҳм, тиб, мерос, васиятлар, васийлик, совға, қадар, фитналар, туш, гувоҳликлар, тақво, жаннат васфи, жаҳаннам ҳақида, иймон, илм, изн сўраш, одоблар, адабиёт, мисоллар, Қуръон савоби, қироатлар, Қуръон тафсири, дуолар, фазилатлар.[2]

Ушбу бобларга эътибор қаратсак, Имом Термизийнинг китоби фиқҳий мавзулардан ташқари сийрат, қироатлар, Қуръон тафсири ва фазилатларга тааллуқли маълумотларни ҳам ўз ичига олганини кўриш қийин эмас. Сунан китоблари эса фақат фиқҳий боблардан иборат бўлади. Демак, Имом Термизийнинг “Жомеъ”лари сунан китоблари сирасига эмас, Жомеъ китоблари сирасига киради.

Бу ҳақда ўзи шундай деган: “Ушбу китобни, яъни "ал-Муснад ас-саҳиҳ”ни ёзиб, уни Ироқ уламоларига кўрсатганимда эътироз билдиришмади. Улардан кейин Хуросон уламоларига кўрсатдим. Улар ҳам эътироз билдиришмади. Кимнинг уйида ушбу китоб, бўлса, гўё Пайғамбар (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) уйида гапириб тургандек бўлади”.[3]

Абул фазл Муҳаммад ибн Тоҳир ал-Макдисий: «Мен Шайхул Ислом Абдуллоҳ ибн Муҳаммад ал-Ансорийнинг шундай деганларини эшитганман: “Абу Исо Термизийнинг китоби менга Имом Бухорий ва Имом Муслимнинг китобларидан фойдалироқ”, деб юқори баҳолайди. Мен ундан “Нима учун?” деб сўраганимда у: "Чунки уларнинг китобидан олимларгина фойдалана олади. Бундан эса ҳамма: фақиҳ ҳам, олим ҳам, бошқаси ҳам фойдалана олади”, деб жавоб берди».[4] Ибн Хойр ал-Ишбилий ўзининг “Фаҳрост" китобида қуйидаги маълумотни келтиради: Шайх Абу Умар ибн Абдулбар: “Уч мухтасар китоб борки, мен учун бошқа барча китоблардан афзал: Абу Исо Термизийнинг “Сунан”и, Ибн Бакрнинг “ал-Аҳком фил Қуръон” асари, ҳамда Ибн Абдулҳакамнинг “Мухтасар”и”, дер эди.[5]

Ўзбекистон мусулмонлари идораси

Жиззах вилоят бош имом-хатиби ўринбосари

БОТИРХОН Рўзиев


 


[1] Олтин силсила, Саҳиҳул Бухорий “Ҳилол нашр” нашриёти 2013,2016,2019 йил. 39-40 бетлар.

[2] Ушбу тартибни Абдуссамад Шарафиддиннинг "ал-Кашшоф ьан абвоби марожить Тухфа алғашроф би маърифа ал-атроф" китоби асосида келтирдик.

[3] Фазоил ал-китоб ал-Жомеъ, 33-бет.

[4] Ўша манба, 33-бет.

[5] Ибн Хойр, "Фаҳрост", 121-бет.

Ижтимоий тармокларда улашинг

Фейзбукда изоҳ қолдиринг

Мавзуга оид