Ислом бу муваффақиятли даъводир

Ислом бу муваффақиятли даъводир

imon.uz 2023-03-24 01:30:44 213

1996 йил 9-март кунида шайх Муҳаммад Ғаззолий раҳимаҳуллоҳ вафот этди. Ғаззолий анъанавий ва одатий даъватчиларга ўхшаб ёдлаганини ривоят қилмас, сатрдан чиқиб кета олмасдан ўқиганини айтадиган киши эмас эди.

Аксинча, унинг китобини ўқиганлар унинг буюк мутафаккир, меҳрибон инсон, исломни тўғри англаган онг соҳиби эканлигини фаҳмлайди.

Муҳаммад Ғаззолий шариат асосларини китоблар ичидан ҳаёт кўчаларига қайтаришга уриниб яшади.

Ғаззолий таъбир жоиз бўлса очкўзлик билан ўқийдиган ўқувчи эди. Унинг билими, маърифати кенг эди.

Унинг китобларининг барчасида қайсидир адибнинг, қайсидир мутафаккирнинг, қайсидир психологнинг, қайсидир тарихчининг гаплари далил сифатида келтирилади.

Ғаззолий ўзининг «Ҳаётингни янгила» номли китобининг муқаддимасида бу китобни ёзишида Дейл Карнегининг «Ташвишни қўй, ҳаётни бошла» китоби туртки бўлганини ёзади.

У ўзгалардан фарқли инсон эди. Кишиларга раҳми келар эди. Ғулувдан доимо узоқда бўлар, шариатни қаттиқ тутар эди. Беайб фақатгина Аллоҳ, аммо юқоридаги гаплар фақатгина менинг фикрларим холос!

Бир куни бир йигит Ғаззолийдан сўради:

- Бенамоз кишининг ҳукми нима?

Ғаззолий деди:

- Уни масжидга олиб боришинг!

Қисқаси Ғаззолийнинг йўналиши шу! Унинг бағрикенгилиги мана шу!

Ғаззолийнинг фикрларидан намуналар:

1. Гоҳида сохта диндорлик умматни очиқ атеизмдан кўра кўпроқ барбод қилади!

2. Тўнкалар иймонини ёмон кўраман. Чунки бу иймонга айланган тўнкаликдир. Ожизларнинг тақвосини ёмон кўраман. Чунки бу тақвога айланган ожизликдир!

3. Оламда тарқалган куфрнинг ярим гуноҳи, ўзларининг ёмон қилмишлари ва ёмон гаплари билан Аллоҳни бандаларига ёмон кўрсатган диндорлар гарданига тушади!

4. Иймонга мажбурлаш кишини мўъмин қилиб қўймаганидек, фазилатли ишга кишиларни мажбурлаш ҳам уларни фазилатли инсон қилиб қўймайди. Фазилатнинг асоси ҳурриятдир!

5. Ислом бу муваффақиятли даъводир. Аммо унинг адвокатлари омадсиздир!

6. Диннинг вазифаси йиқилиб тушган инсоннинг қўлидан тутиб турғизиб қўймоқдир, уни ўлдириш эмас!

Ижтимоий тармокларда улашинг

Фейзбукда изоҳ қолдиринг

Мавзуга оид