130100 Узбекистон мусулмонлар идораси Жиззах вилоят вакиллиги

АКСА УРИШ ВА ЭСHАШ ОДОБИ
Mimon.uz 2025-04-10 11:19:39 89Ушбу одоб қоидаларини ўз ичига олган ҳадиси муборак билан батафсил танишамиз.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу ривоят қилади: Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: "Бирор киши акса урса, "Алҳамдулиллаҳ” десин, уни эшитган киши "Ярҳамукаллоҳу” десин. Агар акса урган кишига "Ярҳамукаллоҳу” деса, у “Яҳдикумуллоҳу ва юслиҳ балакум” десин", дедилар. (Имом Бухорий ривояти).
Бу ҳадислардан акса урувчи “Алҳамдулиллаҳ” ёки “Алҳамдулиллаҳи Раббил оламин” ёки “Алҳамдулиллаҳи ала кулли ҳол” дейиши лозим бўлади. Дўст унга “Ярҳамукаллоҳ” дейиши керак. Унга аксирган биродари "Яҳдикумуллоҳу ва юслиҳ балакум” ёки “Яғфираллоҳу лан ва лакум” дейиши, мусулмон киши бу сўзларни ёдлаб олиши лозим.
Акса урувчи ҳамд айтмаса, унга ташмит айтмаслик
Абу Мусо розияллоҳу анҳу ривоят қилади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: "Бирор киши акса урса ва Аллоҳга ҳамд айтса унга яхшиликни тиланглар. Агар Аллоҳга ҳамд айтмаса, бас, унга яхшиликни дуо қилманглар”, дедилар. (Имом Муслим ривояти).
Анас розияллоҳу анҳу ривоят қилади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам икки кишининг бирига яхшиликни дуо қилдилар ва иккинчисига дуо қилмадилар. Яхшилик дуо қилинмагани “Нега фалончига яхшиликни дуо қилдингиз, менга дуо қилмадингиз?” деди.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: "У Аллоҳга ҳамд айтди ва сен айтмадинг”, дедилар". (Имом Бухорий ва Имом Муслим ривояти).
Акса урувчига ҳамд айтишни эслатиш учун унинг ҳузурида ҳамд айтишнинг зарари йўқ.
Қўл ёки рўмолча билан овозни пасайтириш Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу ривоят қилади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам агар акса урсалар, оғизларига кўлларини ёки кийимларининг бир учини қўярдилар ва овозларини пасайтирардилар ёки беркитардилар”. (Абу Довуд ва Имом Термизий ривояти).
Уч марта ташмит тилаш Агар акса урувчи кетма-кет кўп акса урадиган бўлса, уч мартагача акса урганга яхшиликни дуо қилиш суннатдир.
Кўп уламолар ёнида ўтирган биродари уч мартадан сўнг тинчлик ва соғликни тилаб дуо қилишини мустаҳаб дедилар.
Мусулмон бўлмаганга ташмит айтилмайди Абу Мусо Ашъарий розияллоҳу анҳу ривоят қилади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳузурларида яҳудийлар акса урарди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам "Ярҳамукаллоҳу” дейишни умид қилардилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уларга "Яҳдикумуллоҳу ва юслиҳ балакум", дердилар. (Абу Довуд ва Имом Термизий ривояти).
Бегона аёлга ташмит айтилмайди.
Кўп аҳли илм ва мужтаҳидлар бегона ёш аёл ёки қиз бола акса урса, унга ташмит айтишни макруҳи таҳрима деганлар. Кекса аёлга айтиш макруҳ эмас. Қизга айтишнинг макруҳлиги фитнанинг олдини олиш учундир.
Ибн Жавзий айтади: Имом Аҳмад ҳузурида бир обид киши бор эди. Имом Аҳмаднинг хотини акса урди. Обид унга: “Ярҳамукаллоҳ” деди. Шунда Имом Аҳмад: "Обид жоҳилдир”, деди ва бегона аёлга ташмит айтиш макруҳлигини билмаганини назарда тутди.
Қурби етса, эснашни қайтариш
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу ривоят қилади: Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Агар сизларнинг биронтангиз эснаса, қурби етганча уни қайтарсин, чунки эснаса, шайтон кулади”, дедилар. (Имом Бухорий ривояти).
Эснашда қўлини оғзига қўйиш
Абу Саид Худрий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Сизларнинг биронтангиз эснаса, қўлини оғзига қўйсин (оғзини ёпсин), чунки шайтон (оғиздан) киради”, дедилар. (Имом Муслим ривояти).
Кўп аҳли илм ва ижтиҳод аҳли намоз ичида ва намоздан ташқарида эснаганида қўли билан оғзини ёпишни мустаҳаб санашди.
Эснаш вақтида овозни баланд чиқармаслик
Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Албатта, Аллоҳ акса уришни яхши кўради. Агар сизларнинг биpopтaнгиз эснаса, "ҳоҳ” демасин. Чунки у шайтондан, кулади” дедилар. (Имом Муслим ва Имом Аҳмад ва Имом Термизий ривоят қилади).
Абдуллоҳ ибн Зубайр розияллоҳу ривоят қилади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Аллоҳ азза ва жалла эснаш ва акса уришда овозни баланд қилишни ёмон кўради”, дедилар. (Ибн Сунний ривояти).
Юқорида айтилганлар акса уриш ва эснаш одобларининг Исломга оид муҳим қоидалари.
"Оилада фарзанд тарбияси” китобидан.