ФАҚИР КИШИНИНГ ҚУРБОНЛИК ҚИЛИШИ

ФАҚИР КИШИНИНГ ҚУРБОНЛИК ҚИЛИШИ

Mimon.uz 2025-04-10 11:15:59 46

Фақир киши учун қурбонлик қилиш муносиб ва мустаҳаб амаллардандир. Бу ҳукм Қуръон оятларидан маълум бўлади. Аллоҳ таоло Куръони Каримда буюради:

«Одамларни ҳажга чақир, улар сен томон пиёда... келурлар» (Ҳаж сураси, 27-оят).

  Маълумки, пиёда келувчиларнинг аксари ғариб бўлишади. Қурбонлик вожиб бўлган киши уни қилиши зарур ва қилиши ҳам керак. Моли ҳақиқий ёки ўлик нисобга етмаган кишиларга қурбонлик қилиш вожиб эмас. Аммо моли нисобга етмаса ҳам қурбонлик қилишга қурби етса ва бу қурбонлик зиммасидаги бошқа вожиб ҳақларни адо этишга таъсир қилмаса, бундай кишиларга ҳам қурбонлик қилиш муносибдир. Чунки курбонликда шундай фазилатлар борки, уни тарк қилган киши жуда кўп манфаатлардан маҳрум бўлиб қолади. Шу сабабли Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳар йили қурбонлик қилардилар. Ваҳоланки, у зот ўта саховатли бўлганлари учун қўлларида ҳеч ҳам мол турмаган. Шундай бўлса-да, қурбонликни канда қилмаганлар. Ҳатто ўзлари ва умматлари номидан ҳам қурбонлик сўярдилар.

  Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят килинади:

«Қурбонлик куни Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам оқ-қора, шохдор, бичилган икки қўчқорни қурбонлик қилдилар. Иккисини қиблага юзлантирганларида:

«Инний важжаҳту важхий лиллази фаторос-самааваати вал ард ъала миллати Иброҳима ҳанийфа ва маа анаа минал мушрикийн. Инна солаатий ва нусукий ва маҳяая ва мамаатий лиллаҳи роббил ъаламийн лаа шарийка лаҳ ва бизаалика умирту ва анаа минал муслимийн. Аллоҳумма минка ва лак. Бисмиллаҳи валлоху акбар – Осмону ерларни яратган Зотга юзландим. Иброҳимнинг ҳаниф миллатига кўра мен мушриклардан эмасман. Намозим, қурбонлигим, ҳаётим ва мамотим оламлар Робби Аллоҳ учун. Унинг асло шериги йўқдир. Мен шу ишга буюрилдим. Мен мусулмонларданман. Аллоҳим, Ўзинг берганингдан Ўзинг учун. Аллоҳнинг номи билан. Аллоҳ улуғ», дедилар, кейин сўйдилар» («Бадрул мунийр»).

  Қурбонлик қилишга мутлако шароити йўқ кишидан бу амал соқит бўлади.


"Қурбонлик сўйишлар ва ақиқага оид масалалар" китобидан

Ижтимоий тармокларда улашинг

Фейзбукда изоҳ қолдиринг

Мавзуга оид