МУФАССИР “АБУ ЛАЙС САМАРҚАНДИЙ”

МУФАССИР “АБУ ЛАЙС САМАРҚАНДИЙ”

imon.uz 25-05-2020 788

Исмлари Наср ибн Муҳаммад ибн Иброҳим Хаттоб Самарқандий Тусий Балхий. Баъзилар Наср ибн Муҳаммад ибн Аҳмад ибн Иброҳим Самарқандийдир, деганлар.

Абу Лайс Самарқандийни тарихий асарларда “Имомул ҳуда”, яъни “ҳидоятга бошловчи имом” деб аташган. Тарихда бу зотдан бошқа фақатгина буюк мутакаллим олим Абу Мансур Мотуридийгина шу ном билан аталгани маълум.

Олим ўз ҳаётларини Аллоҳ таолонинг илмига бағишладилар.Аллоҳ таолонинг китобини тафсир қилишдек улуғ шараф ва изланиш Абу Лайс Самарқандийга бошқа олимлар қаторида насиб этди.

Аллоҳ таолонинг каломини тафсир қилишнинг ўзи хос қоидалари ва амал қилиш лозим бўлган жойлари бор экан. Тафсир бил маъсур услубида ёзилган Тафсири Самарқандий жуда мукаммал ёзилган. Тафсир ёзишда энг аввал эътибор бериладиган жиҳатлар Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламдан сўнг саҳобаи киромлардан ўрганилиши лозим.

Бу қоидаларга амал қилган тафсир ёзувчи ҳақиқий муфассир ҳисобланган.

Абу Лайс Самарқандий ёзган тафсир бизнинг ҳудудларда балки,ислом оламида жуда қимматли ва мўътабар тафсир ҳисобланган. Тафсир илмлари ва китобларини шаклланиб келишида ўтган асрларда жуда кўплаб хизматлар қилинган ва уларни халқ севиб ўқиган.

Бугунги кунда ёш авлодни улуғ бобокалонларимизнинг мўътабар илмлари билан тарбиялаш, уларнинг онгида асл исломнинг моҳиятини сингдириш, тафсир илмларининг нақадар манфаатли илм эканлигини тушунтириш лозим. Асрлар давомида шаклланиб келган тафсир китоблари ва қўлёзмаларини ўрганиш ва таржима қилиш янги илмларни очишга хизмат қилади.

Фақиҳ Абу Лайс ўзининг маънавий устози имом Абу Ҳанифа қаламига мансуб аҳли сунна вал жамоа эътиқоди асослаб берилган «Фиқҳул абсат» асарига мукаммал шарҳ ёзган.

Олим ҳанафий мазҳаби фиқҳига оид «Навозил», «Хизонатул фиқҳ», «Уюнул масоил», «Муқаддимату фис солат» каби бир қанча асарлар ёзган. Эътиборли томони шундаки, Абу Лайс Самарқандий тарихда биринчи бўлиб ўзидан олдин ўтган Абу Ҳанифа, Муҳаммад ибн Ҳасан каби ҳанафий мазҳаби пешволарининг фатволарини жамлаб китоб ҳолатига келтирган.

Абу Лайс “Танбеҳ ал-ғофилийн” асарини тамомлагач, уни Расулуллоҳнинг равзаларига қўйди. Шу кеча тушида пайғамбаримизни кўрди. У зот китобни тутқазаркан: “Китобингни ол, ей фақиҳ”, - дедилар. Уйғониб қараса китобда у зотнинг қўл излари бор эди. Шу сабабли Самарқандий бу номни яхши кўрар эди.

Тарихий асарларда айтилишича Самарқанддаги машҳур Чокардиза қабристони аслида Абу Лайс Самарқандийнинг боғи бўлган. Олим милодий 985 йил, ҳижрий 393 йилда вафот этганда ўз боғининг жануби-ғарбида ҳозирги “Фақиҳ Абу Лайс” жоме масжиди ёнида дафн этилган.

Аллома ҳаётда ва илмда ўзи учун адолат ва ҳаққонийликни бош мезон қилиб олган. Бу хусусда асарларидан бири сўзбошисида “Самарқандда 40 йил фатво бердим. Ушбу 40 йилда илгари ўтган алломаларнинг ҳаётда амалий ифодасини топган сўзларига амал қилдим.

Менинг асарларимдан қиёмат кунигача ҳасад ҳамда ғийбатга оид бирор сўз ёки жумла чиқмайди. Ўнг қўлимни чап қўлимдан ажратганимдан буён ёлғон гапирмадим. Ҳеч кимга қушни сувга солиб қўтарганда унинг бошида қоладиган сув юқичалик ҳам ёмонлик истамадим”, деб ёзади. Бу мезон уни Шарқда ҳақиқатгўй аллома сифатида машҳур қилди.

Мовароуннаҳрда бенихоя ҳурматга сазовор бўлган “Тафсиру Самарқандий”, бугунги кунда энг зарур бўлган тафсирлардан биридир.

Фақиҳ Абу Лайс Самарқандий роҳматуллоҳи алайҳнинг хизматлари, қолдирган нодир асарлари ва ёзган “Баҳрул улум” (Илмлар денгизи) тафсирлари то қиёматгача динимиз, Қуръони Карим тафсирини мутолаа қилган қалбларни зийнатлаб туради, инша Аллоҳу таъала.

«Тафсир бил маъсур» услубида ёзилган ушбу «Баҳрул улум» тафсири Қуръони Карим оятларини мазмуни ва маъноларини очиб беришда асрлар мобайнида бу умматга беқиёс хизмат қилиб келмоқда. Мазкур тафсир тўғрисида жуда кўплаб илмий ишлар бажарилган. Албатта тафсир илми бандани Аллоҳ таолога яқин қилиб, хазрати инсон эканлигини англатиб турадиган ва хисоб китоб Кунига тайёрланишга сабаб бўладиган мўъжаз илмдир. Тафсир илмини бизгача етиб келишига беминнат хизмат қилган ва қилаётган барча уламолардан Аллоҳ таолонинг Ўзи рози бўлсин. Валлоҳу аьлам.

Оламлар Роббиси Аллоҳ таолога ҳамду санолар бўлсин!

 

Имом Бухорий номли Тошкент

ислом институти махсус сиртқи

бўлим битирувчи талабаси

Панжиев Жасур Қаҳрамонович

 



[1] Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф. http://tafsirihilol.uz/main/2

 

Ижтимоий тармокларда улашинг

Фейзбукда изоҳ қолдиринг

Мавзуга оид