Муносабат: Ижтимоий тармоқларда тарқатилаётган айрим хабарлар хусусида

Муносабат: Ижтимоий тармоқларда тарқатилаётган айрим хабарлар хусусида

imon.uz 2021-09-07 06:40:32 399

Шу кунларда баъзи сайтлар ва ижтимоий тармоқларда Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий вазифасига ким сайланиши ва номзодлар ҳақида турли хабарлар эълон қилинмоқда. Ҳатто айрим ижтимоий тармоқ юритувчилари фалон уламо муфтий вазифасига тайинланди, деган мазмундаги асоссиз ахборотни ҳам тарқатиб, аҳолини ёлғон маълумотлар билан чалғитаётгани кузатилмоқда. Натижада, шундай гап-сўзларни тарқатиш орқали эл-юрт ҳурмат қиладиган ва эҳтиром кўрсатадиган уламоларнинг руҳиятига салбий таъсир ҳам ўтказилмоқда.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси юртимиз фуқароларини асл ҳолат ва мавжуд вазиятни билмай туриб, ҳақиқатга тўғри келмайдиган хабарларни тарқатишдан сақланишга чақиради. Шунингдек, ҳаммани ўзимга қаратаман ёки кузатувчиларим сони кўпаяди, дея арзон шуҳратга учиб, ёлғон ахборот тарқатиш эса журналистик этикасига ҳам, ижтимоий тармоқ юритиш одобига ҳам, динимиз таълимотига ҳам зид эканини маълум қилади.

Шу билан бирга, Ўзбекистон мусулмонлари идораси мазкур мавзу атрофида асоссиз баҳс-мунозарани ҳаётини халқимиз ва муқаддас динимиз хизматига бағишлаган марҳум муфтий Усмонхон Темирхон ўғли ҳазратларининг вафотидан кўп ўтмаган бир даврда кўпайтиришни диний, миллий ва оддий инсонийлик қадриятлари нуқтаи-назаридан одобсизлик сифатида баҳолайди ҳамда фуқароларимизни бундай ишлар қилмасликни сўрайди.

Таъкидлаш жоизки, Ўзбекистон мусулмонлари идораси республика ҳудудида расмий фаолият олиб бораётган исломий диний ташкилотларнинг марказий бошқарув органи бўлиб, мусулмонларнинг эътиқодий бирлигини таъминлашга хизмат қилади. Шу мақсадда, фиқҳда Ҳанафий мазҳаби ва ақидада Имом Мотуридий таълимоти асосида мўмин-мусулмонлар учун барча шарт-шароитларни яратади. Шунингдек, Ислом маърифатини кенг ёйиш, масжид-мадрасалар таъсис этиш, диний адабиётлар нашр этиш, халқаро ташкилотлар ва таниқли уламолар билан ҳамкорликни амалга оширади.

Қайд этиш лозимки, Ўзбекистон мусулмонлари идораси Уставининг тегишли бандига асосан Диний идора раиси, муфтий Уламолар Кенгаши йиғилишида беш йил муддатга сайланади. Муфтий лавозимига сайланаётган шахс Ўзбекистон Республикаси фуқароси, олий диний маълумотли, камида ўн йил Ўзбекистон мусулмонлари идораси тизимида ишлаган, уламолар ҳамда халқ орасида обрў ва ишонч қозонган бўлиши лозим.

Айни кунларда муфтий лавозимига муносиб номзодларни атрофлича кўриб чиқиш, меҳнат фаолиятларини ўрганиш, билим салоҳиятларини мезонга солиш, иш тажрибаларини кузатиш ва халқ орасидаги обрў-эътиборларига баҳо бериш ишлари олиб борилмоқда. Мазкур жараёнларнинг якуни тўғрисида Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг расмий матбуотида эълон қилинади.

Ўз навбатида айтиш керакки, бу масалада интернетдаги бетизгин эркинлик сабабли исломий меъёрларни эсдан чиқариш ҳам дуруст эмас. Аллоҳ таоло Қуръони каримда: “У (инсон) бирон сўзни талаффуз қилмас, магар (талаффуз қилса) унинг олдида ҳозиру нозир бўлган бир кузатувчи (фаришта у сўзни ёзиб олур), деб баён қилган (“Қоф” сураси, 18-оят).

Ушбу ояти каримадан бугун ёзганларимиз эртага ўзимизнинг фойдамиз ёки зараримизга ҳужжат бўлиши аён бўлмоқда. Ҳар бир сўзимизни ёзишга чоғланар эканмиз, онгимизда Аллоҳ таоло ва Унинг Расулининг бизни огоҳлантирган каломлари, Ислом дини кўрсатмалари пайдо бўлса, сўз айтиш масъулиятини янада теранроқ англаган бўлар эдик...

Ҳақ таоло барчамизни тўғри йўлда собитқадам қилсин.

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Ижтимоий тармокларда улашинг

Фейзбукда изоҳ қолдиринг

Мавзуга оид