“Уламолар кенгаши”нинг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди

“Уламолар кенгаши”нинг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди

Mimon.uz 29-12-2025 36

Бугун Ўзбекистон Мусулмонлари идораси уламолар кенгаши раиси муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратлари раҳбарлигида Zoom платформаси орқали “Уламолар кенгаши”нинг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди. Унда республикамизнинг барча вилоятларидан имом-хатиблар ҳамда соҳавий масъуллар иштирок этдилар.

Йиғилиш давомида жойларда йил мобайнида амалга оширилган диний-маърифий ишлар, жамоат билан ишлаш, аҳолининг маънавий савиясини ошириш, ёшлар тарбияси ҳамда оилавий қадриятларни мустаҳкамлаш борасида олиб борилган фаолиятлар юзасидан йиллик ҳисоботлар тингланди. Шунингдек, соҳада мавжуд айрим муаммолар ва уларнинг ечимлари атрофлича муҳокама қилинди.

Мажлисда ижтимоий тармоқларда олиб борилаётган тарғибот ишлари ва эришилган ютуқлар ҳақида ҳам алоҳида тўхталиб ўтилди. Хусусан, имом-хатиблар томонидан Telegram, Facebook, YouTube ва бошқа платформалар орқали аҳоли, айниқса ёшлар ўртасида соф исломий таълимотни тарғиб этувчи мақолалар, маърузалар, видео ва аудио чиқишлар мунтазам равишда эълон қилиб келинаётгани таъкидланди. Бу йўналишда ижтимоий тармоқлар замонавий ва самарали тарғибот воситаси сифатида муҳим аҳамият касб этаётгани қайд этилди.

Йиғилишда 2026 йилда “Маҳаллани ривожлантириш ва жамиятни юксалтириш” устувор йўналишлари доирасида имом-хатиблар фаолиятини маҳаллалар билан узвий боғлаган ҳолда ташкил этиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди. Хусусан, имом-хатибларнинг маҳаллага яқин бўлиши, аҳоли билан доимий мулоқот олиб бориши, жойларда мавжуд ижтимоий-маънавий масалаларни ўз вақтида аниқлаш ва уларнинг ечимида фаол иштирок этиши муҳим вазифа сифатида қайд этилди.

Шунингдек, маҳаллаларда маънавий-маърифий муҳитни мустаҳкамлаш, оилалар билан ишлаш, ёшлар тарбиясига қаратилган тадбирларни маҳаллий фаоллар билан ҳамкорликда тизимли равишда амалга ошириш зарурлиги таъкидланди. Бу борада имом-хатибларнинг жамоатчилик билан ҳамжиҳатликда иш олиб бориши жамиятда маънавий барқарорликни таъминлашда муҳим аҳамият касб этиши қайд этилди.

Йиғилишда Жиззах вилояти имом-хатиблари томонидан ҳам йил давомида амалга оширилган ишлар сарҳисоб қилиниб, жойларда аҳоли билан мулоқотни янада кучайтириш, маънавий-маърифий тадбирлар қамровини кенгайтириш ҳамда ижтимоий тармоқларда мазмунли материаллар сонини ошириш юзасидан маълумотлар тақдим этилди.

Йиғилишнинг навбатдаги босқичида Уламолар кенгаши таркибини шакллантириш ва янгилаш масалалари муҳокама этилди. Жумладан, амалдаги таркибни қайта кўриб чиқиш, янги уламо номзодларини сайлаш ҳамда Кенгаш аъзолигига қабул қилиш билан боғлиқ масалалар кўриб чиқилиб, мазкур йўналишда тегишли қарорлар қабул қилинди. Ушбу қарорлар Кенгаш фаолиятини янада тизимли ва самарали ташкил этишга қаратилгани қайд этилди.

Йиғилиш якунида муфтий ҳазратлари томонидан имом-хатибларга зиммасидаги масъулиятни янада чуқур ҳис этган ҳолда фаолият олиб бориш, жамиятда маънавий барқарорликни таъминлашга қаратилган ишларга алоҳида эътибор қаратиш ҳамда келгуси давр учун белгиланган устувор вазифаларни самарали амалга ошириш бўйича тегишли кўрсатма ва тавсиялар берилди.

Ижтимоий тармокларда улашинг

Фейзбукда изоҳ қолдиринг

Мавзуга оид