130100 Узбекистон мусулмонлар идораси Жиззах вилоят вакиллиги
«ИНСОН ҚАДРИ» — МАЪНАВИЙ БАРКАМОЛЛИК ВА ИНСОНПАРВАРЛИК ТАЪЛИМОТИ
Mimon.uz 2025-12-25 02:38:11 26Ўзбекистон мусулмонлари идораси Жиззах вилояти вакиллиги томонидан Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Нуриддин Холиқназар ҳазратларининг «Инсон қадри» номли китобининг тақдимотига бағишланган маънавий-маърифий тадбир ўтказилди.
Мазкур тадбирда Ўзбекистон мусулмонлари идораси Жиззах вилояти бош имом-хатиби Меҳмонали Жабборов ҳамда вилоятимизда фаолият олиб бораётган имом-хатиблар иштирок этдилар.
Тадбир давомида таъкидланганидек, «Инсон қадри» асарида ислом таълимотида инсон шаъни ва қадр-қиммати, уни ҳимоя қилиш, жамиятда адолат, меҳр-оқибат ва бағрикенглик тамойилларини қарор топтириш масалалари Қуръони карим оятлари ва ҳадиси шарифлар асосида атрофлича ёритилган.
Китоб аввалида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг қуйидаги фикрлари келтирилгани асар мазмун-моҳиятини янада теран очиб беради:
«Инсон қадри деганда, биз, аввало, ҳар бир фуқаронинг тинч ва хавфсиз ҳаёт кечиришини, унинг фундаментал ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлашни назарда тутамиз…»
Шунингдек, асарда ҳозирги тараққиёт даврида инсон қадрини сақлаш, ёмон хулқлар ва фитна-фасоддан йироқ юриш, инсон шаъни ва ор-номусини ҳимоя қилиш масалаларига алоҳида урғу берилган.
Тадбир иштирокчилари ушбу китоб имом-хатиблар фаолиятида, жойларда олиб борилаётган маънавий-маърифий тадбирларда, шунингдек, ёшлар тарбиясида муҳим қўлланма бўлиб хизмат қилишини таъкидладилар.
Тадбир якунида иштирокчиларга «Инсон қадри» китоби тақдим этилди. Ушбу асар жамиятимизда инсон қадрини улуғлаш, маънавий муҳитни мустаҳкамлаш ва исломнинг инсонпарварлик моҳиятини кенг тарғиб этишга хизмат қилиши қайд этилди.






