Жиҳод фитна ёки зўровонлик эмас

Жиҳод фитна ёки зўровонлик эмас

imon.uz 2021-04-01 04:50:04 102

Жиҳодчилар иддао қилаётган «жиҳод» сўзининг маъно-мазмунига тўхталиб ўтсак. «Жиҳод» сўзи луғатда киши ўзининг бор имкониятини ишга солиб, бирор ишни бажаришга ҳаракат қилиши маъносини англатади. Мисол, шаръий масалаларни ечишда бор имконини ишга солиб ҳаракат қилган йирик олимлар «мужтаҳид» деб аталган. Улар шаръий илмларда «жиҳод» қилишган. Алоҳида таъкидлаб айтиш лозимки, «жиҳод» сўзи луғатда уруш маъносини англатмайди. Уруш бошқа сўзлар билан ифода этилади. Асосан, уруш маъносини англатиш учун араб тилида «қитол» сўзи ишлатилади. «Жиҳод» сўзининг луғатдаги хусусиятидан келиб чиқиб, жиҳоднинг турлари ҳам кўпайган ва улар орасида босқинчиларга қарши жон-жаҳди билан жанг қилиш ҳам жиҳод дейилган. Ушбу охирги маъно бошқаларидан устун келиб, кейинчалик «жиҳод» деганда айрим ғўр кимсалар фақат урушни тушунадиган бўлиб қолишди.

Ислом истилоҳи бўйича эса, жиҳод асосан уч хилдир.

Биринчиси - нафс билан курашиш, яъни нафснинг измига юриб, гуноҳ ва жиноий ишларга қўл урмаслик.

Иккинчиси - шайтон билан курашиш, яъни шайтоннинг васвасаларига учиб, ҳаром ва тақиқланган ишларга қўл уришдан сақланиш.

 Учинчиси -босқинчилар билан жанг қилишдир.

Пайғамбаримиз ота-онанинг хизматини қилиб, розиликларини олиш ҳам жиҳод турларидан эканини таъкидлаганлар. Уламолар саводсизлик, қашшоқлик, айрим юқумли оғир касалликларга қарши жонбозлик билан курашишни ҳам жиҳод турларидан, деб ҳисоблаганлар. Мазкур мисоллардан хулоса қиладиган бўлсак, инсоният манфаати йўлида, ахлоқимизни яхшилаш йўлида қиладиган саъй-ҳаракатларимиз ҳам жиҳоднинг савобларига тенг солиҳ амаллардан эканини англашимиз мумкин.

 

Бир ҳадиси шарифда Пайғамбаримиз (с.а.в.): «Жиҳоднинг энг афзали - кишининг ўз нафси ва ҳавосига қарши курашмоғидир», деганлар (Ибн Можа ривояти).

Ҳозир эса бузғунчи тоифалар ўзлари илгари сураётган ёвуз мақсадга эришиш учун янги «жиҳод» турларини ўйлаб топишган. Улар «жиҳод - муқаддас уруш» деган тушунчани тарғиб қилиб, айбсиз одамларнинг ноҳақ қони тўкилишига сабабчи бўлишмоқда. Бунга дунёнинг турли нуқталарида «жиҳод» ёки «шаҳидлик» ниқоби остидаги қўпорувчиликлар мисол бўлади.

Шу ўринда машҳур олим, марҳум Муҳаммад Саид Рамазон Бутийнинг қўйидаги сўзларини келтириш лозим: «Улар бир вақтнинг ўзида бирор айби йўқ мусулмонларни кечаси бўғизлаб кетишни «шариат рухсат берган иш», дейдилар. Улар оддий йўловчилар тўла самолётни ичидаги айбсиз инсонлар билан қўшиб портлатиб юборишни ҳам «шариатда бор иш», дейдилар. Ҳар ким кўзларини юмиб, Расулуллоҳ (с.а.в.) бугун орамизда юрибдилар, деб хаёл қилсин. Ул зот шундай разил ишларга рози бўлармидилар?»

Муборак ислом динида бегуноҳ инсон қонини тўкиш бузғунчиликнинг энг улкан кўриниши ҳисобланади. Динимиз ҳатто чумолига озор беришдан ҳам қайтаради. Бундай ваҳшийликни қилаётганлар динга эътиқод қўйгани ҳақида қанча лоф урмасин, қилган ёвузликлари бу даъволарининг сохта эканини фош этмоқда.

 

Ш.Рашидов тумани бош имом-хатиби

 Муҳиддин Алибеков

                                  

Ижтимоий тармокларда улашинг

Фейзбукда изоҳ қолдиринг

Мавзуга оид