Расулуллоҳнинг меҳмонига таом берган киши

Расулуллоҳнинг меҳмонига таом берган киши

imon.uz 07-11-2019 379

Бир куни Расулуллоҳ саллоллаҳу алайҳи васаллам саҳобалар билан ўтирганларида бир бегона киши келиб: 

“Ассалому алайка ё Расулуллоҳ”, деди. Расулуллоҳ саллоллаҳу алайҳи васаллам:  

“Ва алайкум ассалом ва роҳиатуллоҳи ва барокатуҳ”, деб чиройли алик қайтардилар. Киши: 

Ё расулуллоҳ мен очман, таом хоҳлайман, деди. Расулуллоҳ саллоллаҳу алайҳи васаллам бу кишига таом беришлари учун аёлларига одам жўнатган эдилар, уларда сувдан бошқа ҳеч нарса топилмади. Расулуллоҳ саллоллаҳу алайҳи васаллам саҳобаларга қараб: 

“Бу кишини, бу кеча ким меҳмон қилади”, дедилар. Ансорлардан бир киши: “Бу кишини мен меҳмон қиламан, ё Расулуллоҳ”, деди. Расулуллоҳ саллоллаҳу алайҳи васаллам табассум қилдилар ва саҳобалари доим хайрли ишларни яхши кўришларидан хурсанд бўлдилар. Ансорий бу кишини меҳмон қилиб икром қилиш учун уйига олиб борди ва хотинига:  

“Ассалому алайкум эй менинг азизам”, деганди, хотини:  

“Ва алайкум ассалом ва роҳматуллоҳи ва барокатуҳ, соғ саломат қайтганингиз учун Аллоҳга ҳамд бўлсин”, деди. Ансорий аёлига: 

“Уйда таом борми?”, деди. Аёли: 

“Алҳамдулиллоҳ, болаларимизга етгудек таом бор”, деди. Ансорий аёлига:  

“Ташқарида меҳмоним бор, шу таомни меҳмонга тайёрла”, деди. Аёли эрига қараб: 

“Боларимиз нима ейдилар?”, деди. Ансорий:  

“Уларни бирор иш билан машғул қил”, деди. Аёли:  

“Болалар кечки таомни сўрашсаларчи?”, деди. Ансорий:  

“Болалар овқатланишни хоҳласалар уларни бир амаллаб ухлатгин”, деди. Аёли:  

“Сиз нима десангиз шу”, деди. Ансорий:  

“Таомни киритганингда чироқни ўчириб қўй:, деганди, аёли таажжубланиб:  

“Нега чироқни ўчириб қўйя?”,деб сўради. Ансорий:  

“Таом бир кишилик бўлгани учун мен емай тураман, меҳмон мени еяпти деб ўйлаб беҳижолат таом ейди”, деди. Аёли эри айтганларини ҳаммасини бажарди. Болалар ухлади. Аёли таомни олиб кирган заҳоти чироқни ўчириб қўйди. Меҳмон ансорий ҳам овқат еяпти деб ўйлаб тўйгунича  таомланди. Меҳмон таомланиб бўлгач ансорийга раҳмат айтиб кетди. Ансорий, аёли ва болалари оч ухладилар. 

Эрталаб ансорий масжидга борганида Расулуллоҳ уни кўриб, олдиларига чақириб: “Аллоҳ у ва хотини меҳмонга қилган ишидан кулди ва у иккиси ҳақида оят нозил қилди”, деб ушбу оятни ўқидилар: 


Ўзларида эҳтиёж бўла туриб, (эҳсон қилишда бошқа муҳтожларни) ихтиёр қилурлар. Кимки ўз нафси бахиллигидан сақлана олса, бас, ана ўшалар (охиратда) нажот топувчидирлар 

(Ҳашр сураси, 9-оят.) 


Қиссадан олинадиган фойдалар: 


1 Дунё Аллоҳнинг ҳузурида пашшанинг қанотича ҳам арзимас. Молнинг кўплиги Аллоҳ бандани яхши кўришига, молнинг озлиги банда Роббисининг ҳузурида хорлигига далил бўла олмайди. 

Расулуллоҳнинг уйларидан сувдан бошқа бир бурда нон ҳам топилмади. Лекин шундай бўлса ҳам Расулуллоҳнинг уйлари дунёдаги барча уёларнинг яхшиси ва саодатлисидир. 


2 Мусулмон хайрли ишни яхши кўриши. 


3 Мусулмон бошқаларни ҳижолатли ҳолатдан чиқариши лозим. 


4 Меҳмонни ҳурмат қилиш иймон аломатларидан Расулуллоҳ саллоллаҳу алайҳи васаллам: “Ким Аллоҳга ва охират кунига иймон келтирган бўлса, меҳмонини ҳурмат қилсин”, дедилар. 


5 Аллоҳ яхши амал қилган банданинг ажрини зоя қилмайди. Ҳадисларда Аллоҳ бирор бандасига қайси маконда бўлса ҳам кулса, у бандани қиёмат куни жаннатига ҳисоб-китобсиз ва азобсиз киритади, дейилган. 


6 Саодатли уйда эру хотин ўртасида дўстлик, муҳаббат ва бир бирини тушуниш топилиши. 


Жиззах  вилояти вакиллиги imon.uz матбуот хизмати


Ижтимоий тармокларда улашинг

Фейзбукда изоҳ қолдиринг

Мавзуга оид