Бесабр қул тез йўлиқар балоға

Бесабр қул тез йўлиқар балоға

imon.uz 19-04-2020 567

Уламоларимиз сабрга бир неча хил бир – бирини тўлдирувчи таърифлар беришган. Сабр - нафсни ақл ва шариат тақозо  қилганидек тутиб туриш ёки иккиси тақозо қилган нарсадан тутиб туришдир. Сабр -  ҳисссий ва ақлий оғирлик ва аламларга чидай олишдир. Сабр – нафсни қайғу ва аччиқланишдан, тилни шикоятдан ва аъзоларни ташвишдан тутиб туришдир. Сабр – нафснинг фозил ахлоқларидан биридир. Сабр – Қуръон ва суннат аҳкомларида собит туришдир. Сабр – бало етганида, изтироб пайтида қалбнинг гўзал одоби билан, собит туришдир.... 

Ҳа азизлар! Бугун ҳар қанча қийинчилик бўлса ҳам чидаб, аччиқланишдан, турли бўлар- бўлмас шикоятлардан нафсимизни тийиб, қалбимизнинг  энг гўзал одобларини намойиш қиладиган кундир. 

Аллоҳ таборака ва таоло Қуръони каримда:”Сабр қилингиз! Албатта, Аллоҳ сабр қилувчилар билан биргадир” - деб марҳамат қилади (Анфол сураси 46 оят). Бу ояти каримада Яратган Зот биз мўмин мусулмонларга сабр қилувчилар билан бирга эканлигини эълон қилмоқда. Демак, бундай имтиҳон вақтларида бесабрлик қилиш – Аллоҳ таоло билан бирга бўлишдан бебаҳра қолиш демакдир. 

Сабр – бугун биздан машаққат ва фидоийликни талаб қилади. Агар биз ЎМИ Уламолар кенгаши фатволарига ва “карантин” талабларига юксак савияда риоя қиладиган бўлсак, бизга Аллоҳ таоло тарафидан баланд даражалар ато қилинади. 

Чунки, Абдуллоҳ ибн Аббос (розияллоҳу анҳумо): “Қуръонда зикр қилинган сабр уч турлидир: “Аллоҳ таолонинг фарзларига сабр қилиш. Бунга юз даража берилади. Аллоҳ таоло ҳаром қилган нарсаларга сабр қилиш. Бунга олти юз даража берилади. Мусибатнинг аввалида сабр қилиш. Бунга тўққиз юз даража берилади”, - деб марҳамат қилганлар. 

Шундай экан, баъзи арзимас ноқулайликлар учун сабрсизлик қилиб, юқорида зикри келган даражалардан бебаҳра бўлиб қолмайлик. Инша Аллоҳ бу кунлар тезда ўтиб кетишига ишонамиз. Негаки, бу оламнинг Яратувчиси: “Албатта, ҳар бир қийинчилик билан бирга енгиллик бордир” - деб марҳамат қилган (Шарҳ сураси 6 оят). Демак, бу қийинчилик ортида енгилликлар борлигида шубҳа йўқ.

Ҳурматли ватандошлар! Бугун аввало  ўзимиз сабрли бўлиб, аҳлимизни, ён атрофимиздагиларни барча жабҳаларда сабрга, бирдамликка, юксак одоб-ахлоқли бўлишга чақириб, дуои хайрда бардавом бўлайлик. Шунда бу ўлат юртимиздан тезда кўтарилади инша Аллоҳ.

“Сабрсиз қул тез йўлиқар балоға, сабрли қул бора-бора шод ўлар” (Махтумқули).

Бахмал тумани бош имом-хатиби: Р. Маматқулов.


Ижтимоий тармокларда улашинг

Фейзбукда изоҳ қолдиринг

Мавзуга оид