Мўмин киши итоатли бўлади

Мўмин киши итоатли бўлади

imon.uz 19-04-2020 779

Нафақат юртимизда, балки бутун дунё бўйлаб корона вирус номли вабо дунё халқлари бошига кулфат солиб турибди. Бундай оммавий ўлатлар ҳақида ҳазрати Али (каррамоллоҳу важҳаҳу): “Қандай бало келган бўлса, фақат гуноҳ ва ёмонлик сабабидан тушади. Қайси азоб кўтарилган бўлса, тавба орқали кўтарилган” деб марҳамат қилганлиги ривоят қилинади. 

Демак, биз мўмин-мусулмонлар ўтмишда қилган гуноҳларимизга тавба қиламизми йўқми Аллоҳ таолонинг синовида эканлигимизни унутмаслигимиз лозим экан. 

Мана саноқли кунлардан сўнг орзиқиб кутилган “Рамазон ойи” ҳам бошланади. Ибодатга ташна халқимиз,бу шарофатли ойни ҳар йили  масжидларда таровиҳ намозларида жамоат бўлиб хатми Қуръонлар тинглаш, маънавий-маърифий маърузалар эшитиш, Қодир Зотдан жамоат бўлиб элу-халқнинг тинчлиги, юрт ободлигини сўраб дуои хайрлар қилиш,  истиғфору-саловатлар айтиш билан ўтказишар эдилар. Ибодатга ҳарис мусулмонларимиз Рамазон шарифни бу йил ҳам албатта, худди шундай улуғ ниятлар билан қарши олиш ниятида турганликларига шубҳа йўқ эди.  

Барча мўмин-мусулмонларга маълумки, ижтимоий тармоқларда ЎМИ раиси, муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари томонларидан Рамазон ойини хонадонларда ўтказиш ҳақидаги ЎМИ уламолар кенгашининг баёноти эълон қилинди. 

Сир эмаски, мўмин-мусулмонлар орасида “баёнот” ҳақида: “Яхши иш бўлмабди, агар масжидларга рухсат берилганда, хатми Қуръонлар қилинар, мўмин-мусулмонлар жамланиб дуо қилишар ва бу бало тезда кўтарилиб кетар эди”, деган фикрдаги кишилар ҳам кўпчиликни ташкил этиши бор ҳақиқат. 

Аслида Рамазон ойида  ҳар йили бўлгани каби масжидларда хатми Қуръонларда қатнашиб, бу улуғ ой шарофатидан тўлиқ баҳраманд бўлиш ҳар бир мўмин кишининг энг улуғ орзуси, энг яхши кўрган эзгу амалларидан бири эканлигида шубҳа йўқ. Аммо, Ҳақ таборака ва таоло Қуръони каримда: “Балким, сизлар ёқтирмаган нарса (аслида) ўзларингиз учун яхши, ёқтирган нарсангиз эса (аслида) сизлар учун ёмон бўлиб чиқар. Аллоҳ билур, сизлар эса билмассизлар”, деб марҳамат қилганлигини ҳам унутмаслигимиз лозим. 

Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло Ўз каломида: “Эй имон келтирганлар! Аллоҳга итоат этингиз, Пайғамбарга ва ўзларингиздан (бўлмиш) бошлиқларга итоат этингиз!”, деб марҳамат қилган. 

Мўмин киши итоатли бўлади. Ҳаким  Зотнинг бу амрига сўзсиз бўйсуниш эса, барча мўмин-мусулмонларга вожиб бўлади. 

Холиқимизнинг бу буйруғини лаббай деб қабул қилиб, яқинлашиб келаётган муборак ойни аҳиллик билан, мўмин-мусулмонликнинг энг гўзал одобларини намоён қилиб, ЎМИ уламолар кенгашининг баёноти талабларига бекаму-кўст риоя қилиб, закотларимизни, ифторликларга ажратган маблағларимизни, хайри эҳсонларимизни муҳтожларга улашиб, кўнгли ўксик юртдошларимизнинг қалбларига шодлик киритиб, уларнинг дуоларини олсак, инша Аллоҳ Ғаффор Зот гуноҳларимизни мағфират қилиб, корона вирус вабосини юртимиздан кўтаради.  

Бахмал тумани бош имом-хатиби

Р. Маматқулов.



Ижтимоий тармокларда улашинг

Фейзбукда изоҳ қолдиринг

Мавзуга оид