Агар луқмамизни ҳалол қилсак...

Агар луқмамизни ҳалол қилсак...

imon.uz 2023-05-05 01:02:35 156

Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам қоринни ва у ўз ичига олган нарсаларни сақланг, деб буюрдилар. Хўш қоринни сақлаш қандай бўлади?

Қоринни сақлашдан мақсад луқмани ҳалол қилишдир. Аллоҳ таоло Ўз каломида марҳамат қилади:

«Эй иймон келтирганлар: Сизларга ризқ қилиб берганимиз пок нарсалардан енглар» (Бақара сураси, 172-оят).

Шуни ёдда тутиш лозимки, кишилар ҳаром молдан ризқ истаётган бўлсалар, уларга аста-аста бу луқмалар таъсир қила бошлайди. Секин-асталик билан гуноҳга майл пайдо бўлиб боради.

Агар биз луқмамизни ҳалол қилсак, Аллоҳ таоло катта-катта гуноҳлардан сақлайди. Шунинг учун устозларимиз доим: «Тасаввуфда икки нарса муҳим: «Ризқи ҳалол ва сидқи мақол», яъни есанг, фақат покиза ҳалол нарсалардан егин, сўзласанг, фақат рост гапни сўзлагин», деганлар. Шуни ёдда тутингки, ҳаром луқма ейдиган кишининг дуосини Аллоҳ таоло қабул қилмайди.

Бугунги кунда ҳаром луқма икки кўринишда кўзга ташланяпти.

Биринчиси, даромади ҳалол йўл билан бўлмайди. Яъни, алдаб-авраб, ёлғон гапириб, қаллоблик қилиб даромад топади.

Иккинчиси, тўғриликча даромад қилади, лекин пулини банкга қўйиб, қайтариб олишда рибо аралашган ҳаром пулни олади. Ана шу тарзда ҳалол молини ҳаромга айлантириб қўяди.

Улуғларимиз ҳалол луқма ейишга катта аҳамият қаратишган. Жумладан, Дорул Улум Девбанднинг биринчи тамал тошини қўйган улуғларимиздан Кичик Соҳиб эдилар. Дорул Улум Девбанд қурилишининг бошланишида Мавлоно Нонутвий раҳматуллоҳи алайҳ бундай эълон қилиб: «Мен бугун бу даргоҳнинг биринчи ғиштини шундай кишига қўйдираманки, у умри давомида ҳеч қачон қасддан гуноҳи кабира қилмаган. Анбиёлар маъсум бўладилар. авлиёлар маҳфуз бўладилар. Аллоҳ таоло у кишини гуноҳи кабиралардан ўзи сақлаган», дедилар.

Эълондан сўнг Кичик Соҳиб Дорул Улум Девбанднинг биринчи ғиштини қўйдилар. Шундан сўнг Аллоҳ таоло у даргоҳга шу қадар барака ёғдирдики, унинг файзи бугунги кунгача бутун оламга тарқалиб келмоқда. Хўш бу Кичик Соҳиб ким эдилар. У зот ўт ўриб кун кечирар эдилар. Ҳар куни бир неча танга ишлардилар. Йилнинг охирига бориб йиғиб қўйган пулларига Дорул улум Девбанднинг устозларини чақириб зиёфат берар эдилар.

Дорул улум устозлари айтадиларки, биз йил бўйи Кичик Соҳибнинг зиёфатга чақиришини кутар эдик. Негаки, унинг дастурхонидан еган кунимиздан бошлаб то қирқ кунгача намозларимизнинг кайфияти бошқача бўлар, бунинг ҳаммаси ҳалол луқмадан эди. Шунинг учун ким ҳалол луқмага эътибор қаратмаса, йиллар давомида қилган ибодатини лаҳзаларда қўлдан бой беради.

Яна бошқа ривоятда бир аёл хамир қориб турганда, эрининг ўлими хабарини эшитади. Шунда у дарҳол ишини тўхтатади, чунки унинг хамирига ворисларнинг ҳақи қўшилиб қолган эди.

«Исломда шарм-ҳаё» китоби асосида

Ижтимоий тармокларда улашинг

Фейзбукда изоҳ қолдиринг

Мавзуга оид