“АЛЛОҲ ТАОЛО” ОСМОНДА ДЕБ ЭЪТИҚОД ҚИЛИШНИНГ ХАТАРЛАРИ BA ОҚИБАТЛАРИ

“АЛЛОҲ ТАОЛО” ОСМОНДА ДЕБ ЭЪТИҚОД ҚИЛИШНИНГ ХАТАРЛАРИ BA ОҚИБАТЛАРИ

imon.uz 2023-04-14 01:54:49 235

Ислом дини инсониятга Аллоҳ таолонинг омонати, бу омонатни ҳар бир авлод ўзидан олдингилардан қабул қилиб олиб, қандай бўлса шундайлигича етказишга ҳаракат қилади ва ҳатто бу йўлда турли хилдаги даврий синовларга дуч келсаларда, сабр-бардош қиладилар. Жумладан, хорижийлар “гуноҳи кабира инсонни имондан айиради” деган даъво билан чиққанларида саҳобалар уларга қарши илму маърифат билан кураш олиб бордилар. Хорижийлардан сўнг “гуноҳи кабира инсонни аросатга солиб қўяди, Қуръон махлуқ” деган қараш вакиллари – муътазилийлар юзага чиқди. Улар саҳоба ва тобеъинлардан мустаҳкам илм олган пухта олимларга қарши кескин кураш олиб бордилар.

Бу йўлда Имом Аҳмад ибн Ҳанбал қамоққа ҳам олинди. Лекин, соф ислом эътиқодида маҳкам туриб, қатъий равишда “Қуръон яратилмаган” дедилар. Бундай синовларда тобланган тўрт фиқҳий мазҳаб ва икки ақидавий таълимот ҳозирги кунгача саҳоба ва тобеъинлар, салафи солиҳлар йўлидан оғишмай келмоқдалар. Хорижий, муътазилий, мушаббиҳа, мужассима, ҳашавий ва бошқа шу турдаги оқимлар пайдо бўлиб, тарихий жараёнда секин аста ўз ўрнини бошқа оқимларга бўшатиб бермоқда.

Бугунги кунда ҳам ҳар вақтда, замонда бўлганидек динни ниқоб қилган ҳолда сохта салафий, ҳизбий, акромий, ИШИД ва бошқа бир қанча гуруҳлар юзага келаётганини афсус билан қайд этиш лозим. Булар орасида ўзининг серқирралиги, тарихий оқимларнинг айрим қарашларини ўзида у ёки бу жиҳатдан мужассам этгани билан ажралиб турадиган сохта салафийлар ислом умматига ўта хатарли ва фитнага бой фирқа сифатида шаклланди.

Бу оқим вакиллари бугунга келиб хилма-хил қарашларни ўзида акс эттирди ва ҳатто бир-бирини инкор қилувчи таркибий бир неча гуруҳларга бўлиниб ҳам улгурди. Улар тарихий оқим ва фирқаларнинг, жумладан хорижийлардаги “такфир”, мушаббиҳалардаги “Аллоҳ таолони жисмли деб билиш”, ҳашавийлардаги “Аллоҳни осмонда деб эътиқод қилиш”, муътазилийлардаги “олимларни қадрсизлантириш, қонини тўкиш”, аҳли ҳадислардаги “насснинг зоҳирига амал қилиш” каби қарашларни ўзида мужассам этган гибрид бир оқим сифатида намоён бўлди.

Тинчлик, миллатлар ва динлараро бағрикенглик, Ватанни ардоқлаш, оилани муқаддас санаш каби ғояларни тарғиб қилувчи динимиз номига доғ тушурган ва бутун жаҳон халқлари нигоҳида ислом динини “терроризм дини”га айлантиришга хизмат қилаётган ва мусулмонларни ислом цивилизацияси ривожига қўшган тарихий хизматини йўққа чиқараёзган сохта салафийлик XXI асрда мусулмонлар бошига келган энг катта мусибат бўлди. Бу оқим кўплаб уламоларнинг жонига қасд қилиш, худкушлик, тинч аҳолини қириб ташлаш, вояга етмаган болаларни қўлига қурол бериш, олимларни қадрсизлантириш каби мусулмончиликка умуман тўғри келмайдиган сифатларга эгалиги билан мусулмонларни жаҳон ҳамжамияти олдида қадрсизланишига хизмат қилди.

Сохта салафийлар “тасаввуф – бу куфр”, “мазҳабга эргашиш — ширк”, “васила – ширк”, “Аллоҳ таоло осмонда” каби кўплаб фитнага сабаб бўлувчи мавзулар орқали ўсиб келаётган ёш авлоднинг ақлини заҳарлашга ҳаракат қилдилар ва озми-кўпми жамиятни пароканда қилиш, олимларни қадрсизлантириш ва ёшларни ўз йўлларига оғдириш каби жирканч мақсадларга эришишга интилдилар. Салафийларнинг “Аллоҳ таоло осмонда” деган ақидавий фитнаси мусулмонлар орасида тафриқаланишни келтириб чиқаришга сабаб бўлган мавзулардан биридир.

Рисолат даврига назар солинса, Расулуллоҳ алайҳис-салом, у кишидан сўнг саҳобаи киромлар мусулмонларга: “Аллоҳ таоло юқорида” деб эътиқод қилинглар” деб буюрмаганликлари кўзга ташланади. Чунки, у пайтда мусулмонлар орасида “Аллоҳ таоло осмондами, ердами?” деган савол ёки қарашга ўрин йўқ эди. Чунки улар Аллоҳ таолони Қуръон ва ҳадис асосида содда ва асосли тарзда танир эдилар ҳамда эътиқоддан чалғитувчи ақидавий масалалардан ўзларини олиб қочар эдилар. Шунинг учун ҳам Ҳасан Басрий раҳматуллоҳи алайҳ тавҳид илмида илмий суҳбат қилмочи бўлсалар, салоҳиятсиз инсонларни суҳбатдан четлатар эдилар.

Имом Аҳмад раҳматуллоҳи алайҳ айтади: “Аллоҳ таоло Ўзини ўзи ёки Расулуллоҳ васф этган нарса билан сифатланади. Бунда Қуръон ёки ҳадисга қўшимча қилмаймиз. Аллоҳ у ила васф этилган нарса шаксиз ҳақ деб биламиз. Шу билан бир қаторда “لَيْسَ كَمِثْلِهِ شَيءٌ” (Унга ўхшаш бирор нарса йўқ) деб эътиқод қиламиз. Унинг сифатлари ва феълларини ўхшаши йўқ. Нуқсон ва яратилганликни англатувчи барча нарсадан Аллоҳ азза ва жалла покдир….”.

Имом Шофеъий Имом Моликдан нақл қилган ривоятда, “Расулуллоҳ умматга истинжо ўргатиб, тавҳидни таълим бермасликлари мумкин эмас. У зот ҳадисда: “Ла илаҳа иллаллоҳ” дейиш билан киши мусулмон бўлади деб айтганлар. Лекин бирор ҳадисда Аллоҳ таолога юқори томонни, яъни осмонни нисбатини бериш тавҳидга алоқадор, деб айтилмаган” дейдилар.

Имом Шофеъий: “Ақлли кишига Аллоҳ таолони бирор нарсага ўхшатиш ҳаром ва бу мавзуда чуқур кетиш ҳам” деганлар. Саҳоба ва тобеъинларнинг ҳаётига назар солинса, ақида масаласида улар жуда ҳассос бўлганликлари кўзга ташланади, яъни бу мавзуда улар ўзаро баҳс қилмаганлар. Ақида баҳсига оми халқни жалб қилмаганлар ва минбарларда нозик ақидавий масалаларни мавзу сифатида гапирмаганлар. Сохта салафийлар эса, мусулмонлар орасида мазҳабсизликни сингдириш мақсадида ўз издошларига биринчи кунданоқ “Аллоҳ таоло осмонда”, “васила ҳаром”, “Аллоҳ таолонинг қўли, юзи мавжуд” каби ақидавий масалаларни тизимли баён қилиб келадилар. Ҳолбуки, бу чин салафларнинг йўлига зиддир. Сохта салафийларнинг “Аллоҳ таоло осмонда” деган эътиқодий қарашлари ҳақида сўз юритишдан олдин, аҳли сунна вал жамоанинг эътиқодини баён қилиш ва мусулмонлар эътирофига сазовар бўлган салафи солиҳларнинг мавзу бўйича қарашларини келтириб ўтиш ўринлидир. Зеро, биринчи сингдирилган фикр, у қандай бўлишидан қатъий назар ўқувчи онгига албатта у ёки бу жиҳатдан таъсир қилади:

“Аллоҳ таоло қадимий, азалий. У бирор нарсага ўхшамайди ва бирор нарса Унга ҳам ўхшамайди. Унга томон ва макон нисбати берилмайди. Вақт, замон Унга таъсир қилмайди. У борасида “қаерда?, қайси томонда?” деган саволлар берилмайди. Жаннатда мусулмонлар Уни томонсиз, шаклсиз ва тасаввурсиз кўрадилар. У бўлганида макон бўлмаган. У маконни ва замонни яратди. У олдин қандай бўлса, ҳозир ҳам шундайдир”.

Ибн Шоҳийн Жунайд раҳматуллоҳи алайҳ қуйидаги оятни шундай изоҳлайди: “(Аллоҳ) айтди: “Қўрқманглар! Албатта, Мен сизлар билан биргаман — эшитаман ва кўраман” (Тоҳа сураси, 46-оят). Аллоҳ таоло пайғамбарларга нусрати, оламни қуршаб олиши билан биргадир. Оятдаги мавзуга алоқадор жой “Мен сизлар билан биргаман” деган қисмдир. Буни сохта салафийлар талқинига солинса, — наузанбиллаҳ — Аллоҳ таоло бизнинг ёнимиздаги маконда бўлиши керак.

Мужодала сурасидаги “Уч кишининг ўзаро шивирлашлари бўлса, албатта, уларнинг тўртинчиси Удир, беш кишининг ҳам, албатта, олтинчиси Удир. Бундан оз бўладими ё кўп бўладими, қаерда бўлсалар ҳам, албатта, У улар билан биргадир” оятни сохта салафийлар талқинига солинса, Аллоҳ таолонинг зотига муносиб бўлмаган маъно, яъни маконни исботлаш юзага чиқади. Аҳли сунна вал жамоа бундай эътиқоддан покдир.

Зуннуни Мисрий раҳматуллоҳи алайҳдан “(У) Арш узра муставий бўлмиш Раҳмондир” (Тоҳа сураси, 5-оят) маъноси ҳақида савол сўралди. Шунда у: “У зотини исбот қилиб, маконни инкор қилди” деди. Шиблий раҳматуллоҳи алайҳдан мазкур оят ҳақида сўралганда шундай деганлар: “Раҳмон азалий, Арш махлуқдир. Арш Раҳмон ила олий бўлди” деган. Жаъфар ибн Нусайр эса: “Унинг илми барча нарсадан олий бўлди” деб жавоб берган.

Жаъфар Содиқ раҳматуллоҳи алайҳ айтади: “Ким Аллоҳ таолони бирор нарса ичида ёки бирор нарсадан иборат ёки бирор нарса устида деса, у мушрик бўлибди. Чунки, у бирор нарсанинг ичида бўлса, ҳудуди чегараланган, бирор нарса устида бўлса, кўтариб турилган, бирор нарсадан иборат бўлса, яратилган бўлиб қолади” деган.

Абу Усмон Мағрибий ходими Муҳаммад ибн Маҳбубга бир куни: “Эй Муҳаммад! Сендан Илоҳинг қаерда деб сўрашса, нима деб жавоб берасан” деди. “У азалийдир” деб жавоб бераман” деди. Мағрибий яна қайта: “У азалда қаерда бўлган” деб савол берилса нима дейсан” деди. “Олдин қандай бўлса, ҳозир ҳам шундай” деди. Ходимининг жавобидан хурсанд бўлган Абу Усмон ўта мамнун бўлиб, уни мукофотлади.

Аҳли сунна вал жамоанинг “Макон бўлмаганда ҳам Аллоҳ таоло бўлган”, “Аллоҳ таоло маконни яратган”, “У олдин қандай бўлса, ҳозир ҳам шундай”, “Аллоҳ жисм ва ташбиҳдан пок”, “Қуръон ва ҳадисдаги муташобиҳ оят ва ҳадисларни Аллоҳ таолонинг зотига айбу нуқсон нисбатини бермай тушуниш”, “Инсонлар муташобиҳ оятларни маъносини тушунишда ожиз”, “Тоқатимиз ва имкониятимиз етмайдиган мавзуда савол беришдан тийилиш” каби сўзларидан қайси бири хато ёки янглиш.

Қуйида “Аллоҳ таоло осмонда” деб эътиқод қилувчи сохта салафийлар ва шунга ўхшаш тоифаларнинг далиллари ва уларга аҳли сунна вал жамоанинг муносабатини келтириб ўтамиз:

  1. Салафийларга кўра, “Фотир” сурасининг 15-ояти Аллоҳ таолонинг осмондалигига далилдир: “(Ҳар бир) хуш калима У сари чиқур”. Бу ердаги “يَصْعَدُ” сўзини “кўтарилади, чиқади” деб таржима қилиб, “бу Аллоҳ таолони осмонда эканига далолат қилади” дейдилар. Аслида, бу калима моддий нарсаларга нисбатан ишлатилса, “кўтарилади, чиқади” деган маънода қўлланади. Лекин, сўз ва жумлаларга нисбатан ишлатилганда, “қабул бўлади” деган кўчма маънода ишлатилади. Бу луғат олимлари орасида машҳур ва маълумдир.
  2. “Оли Имрон” сурасининг: “Аллоҳ айтди: “Эй, Исо! Мен сени вафот эттирувчи, ҳузуримга кўтарувчиман” 55-ояти ҳам далил сифатида келтирилади. Бу оятдан сохта салафийлар қандай қилиб, Аллоҳ таоло осмонда деган маънони чиқаришлари мумкин, ажабо. Чунки, оятдаги “ҳузуримга кўтарувчиман” деб таржима қилинган сўз араб тилида “رَافِعُكَ إِلَيّ” тарзида ифодаланган ва бу сўздан даражани, мартабани кўтариш маъноларида ҳам қўлланилади. Масалан, Аллоҳ таоло бир кишининг даржасини кўтарган бўлса, араб тилида “فُلَانٌ رَفَعَ اللهُ شَأْنَهُ” дейилади.
  3. Навбатдаги далиллари “Мулк” сурасидаги 16-оятдир: “(Эй, Макка кофирлари,) ё сизлар осмондаги зот сизларни ерга юттириб юборишидан, бас, бирданига (ер) ларзага келишидан (сизларни ҳалок қилишидан) хотиржаммисизлар (қўрқмайсизларми)?!”. Сохта салафийлар бу оятдаги “مَنْ” сўзи Аллоҳ таолони англатади деб, мазкур оятни ўзларига далил қилаётган бўлишлари мумкин. Бу билан улар Жаброил алайҳиссалом садум аҳлини ерга юттирганини унутган кўринадилар, оятдаги “ман” сўзидан Жаброил алайҳиссалом тушунилади.
  4. Салафийлар “Маъориж” сурасидаги 4-оятдан ҳам “Аллоҳ таоло осмонда” деган таълимотларини асослашда фойдаланадилар: “Фаришталар ва Руҳ (Жаброил) миқдори (масофаси) эллик минг йиллик (бўлган) бир Кунда (Қиёмат кунида) Унинг ҳузурига кўтарилурлар”. Оятда Фаришта ва Руҳни Аллоҳ таолонинг ҳузурига кўтарилиши ҳақида сўз бормоқда. Лекин, бу ерда “осмон”га ёки “Арш”га деган сўзлар мавжуд эмас. Шунинг учун бу оятни салафийлар “Аллоҳ таоло осмонда” деган ақидаларини асослаш учун далил қила олмайдилар.
  5. Улар (фаришталар) устиларидаги (кузатиб турган) Парвардигорларидан қўрқурлар ва фақат ўзларига буюрилган ишларнигина қилурлар” (“Наҳл” сураси, 50-оят). Салафийлар мазкур оятдаги “устиларидаги (кузатиб турган) Парвардигорларидан” деган қисмини Аллоҳ таоло осмонда деган қарашларига ҳужжат ўлароқ келтирадилар. Аслида мазкур оятдаги “фавқа” сўзи “устида, тепасида” деган маънони англатиб, у сўз моддий нарсаларга нисбатан ишлатилади. Масалан, “الدفتر فوق الطاولة” (Дафтар стол устида) каби. Аллоҳ таоло эса, жисмдан покдир.

Ояти каримани “Роббиларининг азоби юқоридан келишидан қўрқадилар” деб тушуниш ҳам мумкинми? Агар шундай тушунилса, Аллоҳ таолога жисм ва ташбиҳ нсибати берилмаган бўалди. Зеро, У зот айбу нуқсондан пок, олийдир. Шунингдек, “фавқа” сўзини “мартаба, даража” маъносида ишлатиш ҳам мумкин. Масалан, араблар “السلطان فوق الأمير” (Султон амирдан юқори мартабали) дейдилар. Бу билан султоннинг мартабаси амирнинг мартабасидан олий демоқчи бўладилар. Мазкур оятни “Роббиларининг азоби юқоридан келишидан қўрқадилар” деган маънода талқин қилинса, ташбиҳ ва тажсимдан Аллоҳ таоло покланган бўлади.

  1. “Аллоҳ таоло осмонда” деб эътиқод қилувчилар томонидан кенг фойдаланиладиган оятлардан яна бири “Тоҳа” сурасининг 5-оятидир. Унда шундай дейилади: “(У) Арш узра муставий бўлмиш Раҳмондир”. Айнан шу маънони ифода этувчи оятлар Қуръони каримда олти ўринда учрайди. Жумладан, “Аъроф” сураси 54-оят, “Юнус” сураси 4-оят, “Раъд” сураси 52-оят, “Фурқон” сураси 59-оят, “Сажда” сураси 54-оят, “Ҳадид” сураси 4-оят. Қайд этиш лозимки, мазкур оят тарихда мушаббиҳа оқимининг ҳам асосий далилларидан бири бўлган. Бугунги кунда эса сохта салафийларнинг “Аллоҳ таоло осмонда” деган таълимотини асосий таянчи ҳисобланади. Араблар “истиво” сўзини “жисмни бир нарсага ўтириши ёки ўрнашиши”га нисбатан ишлатадилар. Сохта салафийлар оятни қандай бўлса шундай тушунишимиз керак, ақлни ишлатмаслигимиз лозим дейдилар. Агар мазкур оятдаги “иставо” сўзини луғавий маънода ишлатилса, наузан биллаҳ, Аллоҳ таолога жисм ва макон нисбати берилиб қолади. Шу ўринда уларга мазкур оятни қандай бўлса шундайлигича тушуниш керак экан, “Ҳадид” сурасидаги “Сизлар қаерда бўлсангизлар, У сизлар билан биргадир” оятини, “Қоф” сурасидаги “Биз унга бўйин томиридан ҳам яқинроқдирмиз” оятини, “Фажр” сурасидаги “ва Раббингиз (ҳукми) ва фаришталар саф-саф бўлиб келганда” оятини ҳам зоҳирий маънода талқин қилинглар, деб мурожаат қилиш ўринли бўларди, албатта. Имом Табарий “Иставаа ъалал Арш” оятига ўзининг “Тафсири Табарий” асарининг биринчи жилдида алоҳида эътибор қаратган ва оятнинг изоҳига доир турли таъвилларни, изоҳларни бир жойга жамлаб, хулоса қилишга уринган. Умуман олиб қараганда Имом Табарий оятни шундай изоҳлаган: “علا عليها علوَّ ملك وسلطان لا علو انتقال وزوال” (Аллоҳ таоло осмонга (подишоҳ ўз) мулки ва султонлигига олий бўлиши каби олий бўлди. Бир жойдан иккинчи жойга кўчиш ёки ўтиш маъносида олий бўлмади).

Бунга жавобан салафийлар “иставо”ни Аллоҳни шаънига муносиб тарзда Арш узра истиво қилди деб тушунамиз десалар. Уларга: “Ундай бўлса, “жиҳат”, яъни Аллоҳ таоло осмонда деган маънони оятни қаеридан оляпсизлар” деймиз. Чунки, биз ҳам Аллоҳ таоло Арш узра ўзига муносиб тарзда истиво қилди, деб тушунамиз ва “Аллоҳ таоло осмонда жойлашган” ёки “Аллоҳ таоло юқорида жойлашган” деб, Унга жой, макон нисбатини бермаймиз. Бу оятни “Аллоҳни шаънига муносиб тарзда Арш узра истиво қилди” деб тушунишда ва талқин қилишда салафийлар аҳли сунна вал жамоа билан бир йўлда, лекин Аллоҳ таолога “жиҳат ва томонни” исботлашда, аҳли сунна вал жамоа мазҳабидан чиқиб кетадилар.

  1. Салафийлар Аллоҳ таоло юқорида, осмонда дейишиб, унга “Ғофир” сурасининг 36-37-оятларини далил сифатида келтирадилар: “Фиръавн айтди: “Эй, Ҳомон, мен учун бир (баланд) минора қургин, шоядки мен (унинг устига чиқиб) йўлларга етсам, осмонларнинг йўлларига. (Зора) Мусонинг илоҳини кўрсам, дарҳақиқат, мен уни ёлғончи деб гумон қилмоқдаман”. Тарихда Фиръавн минора қурдириб, Мусо алайҳиссалом илоҳи, яъни Аллоҳ таолони кўрмоқчи бўлади. Унинг бу ҳаракати Аллоҳ таоло томонидан Қуръони каримда баён қилинган. Шу ўринда бир савол пайдо бўлади: “Қандай қилиб Фиръавннинг тушунчасини мусулмон инсон ўзига далил сифатида қабул қилиши мумкин?”. Фиръавн Мусо алайҳиссаломдан Аллоҳ таоло ҳақида сўраганда, Мусо алайҳиссалом Аллоҳ таолога томон исбот қилмай жавоб берган. Бу савол-жавобни қуйидаги оятларда кўриш мумкин: “Фиръавн деди: «Оламлар Парвардигори (деганинг) нимаси яна? (Мусо) айтди: «Агар ишонадиган бўлсанглар, У осмонлар ва Ернинг ҳамда уларнинг орасидаги барча нарсаларнинг Парвардигори (мураббийси)дир» (Шуаро сураси, 23-24-оятлар). Шундай экан, бу оят ҳам салафийларга далил бўлмайди.
  2. Салафийлар “Фуссилат” сурасидаги “(У) ҳикмат ва ҳамд эгаси (томони)дан нозил қилингандир”, “Анъом” сурасидаги “(Уларга айтинг): «Аллоҳдан бошқа ҳакам излайинми, ҳолбуки, У сизларга Китоб (Қуръон)ни батафсил нозил қилган зотдир” оятларини “Аллоҳ таоло осмонда” деган эътиқодни асослашда фойдаланадилар. Салафийларнинг талқинида мазкур оятлардаги “нозил қилган” сўзи тепадан пастга нисбатан тушуришга ишлатилади. Шундай экан, Аллоҳ таоло осмонда дейишади.

Уларга араб тилидаги “анзала”, “наззала” феълларининг луғавий, ҳақиқий, мажозий маъноларини келтириб ўтирмай, далилларини тўғри англашлари учун Қуръон оятларидан ҳужжат келтириш муаммонинг энг муносиб ечими ҳисобланади: “Яна, Биз темирни туширдик” (Ҳадид сураси, 25-оят), “(У) сизларни бир жондан (Одамдан) яратди, сўнгра ундан жуфтини (Ҳаввони пайдо) қилди ва сизлар учун чорва ҳайвонларидан саккиз жуфтни туширди (дунёга келтирди)” (Зумар сураси, 6-оят). Салафийлар келтирган “Фуссилат” ва “Анъом” сураларида “назала” феълининг иккинчи ва тўртинчи боблари қўлланилган. Шунингдек, уларга қарши келтирилган “Ҳадид” ва “Зумар” сураларида ҳам “назала” феълининг сулосий мазиди ишлатилган. Лекин, ҳеч бир киши “Ҳадид” сурасидаги мазкур оятни зоҳиран тушиниб, темирни осмондан ёғиши ёки тушишини айтмайди ёки кўрмаган. Ва яна “Зумар” сурасида чорва ҳайвонларини Аллоҳ таоло томонидан тушурилганлиги баён этилган. Бу оятни ҳам зоҳиран тушуниб, осмонда чорва ҳайвонлари ёғилишини ёки тушушини ҳеч ким айтмаган ҳатто сохта салафийлар ҳам. Мулоҳаза сифатида шуни айтиш керакки, “Фуссилат” ва “Анъом” сураларидаги мазкур оятларни қандай бўлса шундайлигича талқин қилиш керак экан, келинглар “Ҳадид” ва “Замар” сураларидаги юқоридаги оятларни ҳам зоҳиран тушуниб, осмондан темир ва ҳайвонлар ёғилади ёки тушади, дейлик. Албатта, бунга асло ақлингиз руҳсат бермайди!

Қуръони карим оятлари билан бир қаторда, сохта салафийлар меърож ҳадисини “Аллоҳ таоло осмонда” деган эътиқодни асослашга далил сифатида келтирадилар. Таъкидлаш лозимки, Пайғамбар (алайҳис-салом) сунналарида уларнинг бу эътиқодини асословчи ушбу ҳадисдан бошқа бирор ҳужжатлари мавжуд эмас. Лекин, меърож ҳадисига назар солсангиз, унда ҳам “Аллоҳ таоло осмонда ёки Арш устида” деган сўз ёки ибора ёки жумлани учратмайсиз. Шунинг учун бу далилга жавоб беришга умуман ҳожат йўқ.

Сохта салафийлардан айримлари ўзларининг эътиқодий масалаларини мазҳаб вакиллари орасига суқиш ёки қайсидир мазҳабга боғлаш орқали мусулмонларни чалғитиш учун мазҳаб етакчиларининг сўзларидан далил сифатида фойдаланишлари кузатилмоқда. Аммо, “Қуръон” ва “Сунна” бизга кифоя деб, Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳ сўзларидан “Аллоҳ таоло осмонда” деган эътиқодни асослашда фойдаланиш уммат орасига фитна уруғини сочишдан ўзга нарса эмас. Аллоҳ таолога холис, жамиятпарвар ва ватанпарварликдан заррача ҳам қалбида ғами бор инсон бундай ғаламисликка асло қўл урмайди.

Абу Ҳанифанинг “ал-Фиқҳул абсат” китобида шундай деди: “Роббим осмондами, ердами билмайман деган киши – ҳақиқатда кофир бўлибди. Шунингдек, Аршда деса ҳам”. Салафийлардан айримлари бу сўзларни далил сифатида келтириб, мана Абу Ҳанифа ҳам Аллоҳ таолони осмонда эканини исбот қилмоқда, дейди. Аслида, бу матнда куфрнинг сабаби келтирилмаган. Абу Лайс Самарқандий мазкур матнни: “Роббим осмондами, ердами билмайман деган кишида: “Аллоҳ таоло қандайдир маконда” деган эътиқод бўлади ва шу эътиқоди учун у мушрик ҳисобланади” деб изоҳлаган. Шунингдек, Аллоҳ таолога нисбатан Қуръони каримда “фис самаа” ибораси нима учун қўллангани ҳақида Абу Ҳанифанинг мазҳабини билмоқчи бўлган киши “ал-Фиқҳул абсат” китобининг “Роббим осмондами, ердами билмайман деган киши – ҳақиқатда кофир бўлибди. Шунингдек, Аршда деса ҳам” деган иборасидан кейинги жумлаларга назар солсин.

Ўз асрининг муҳаддиси Абу Жаъфар Таҳовий ўзининг “ал-Ақидату-т Таҳовия” асарида Аллоҳ таолони юқорида, осмонда дейиш мумкин эмаслиги ҳақида шундай деган: “Аллоҳ таоло чегара, аъзо, асбоблар билан сифатланмайди ва Уни олти томон махлуқотлардек қуршаб олмайди”. Бу матнда Аллоҳ таолога олти томонни, яъни юқори, паст, ўнг, чап, олди ва орқа томонларни нисбатини бериб: “Аллоҳ (наузан биллаҳ) осмонда, пастда, ўнгда чапда” дейиш мумкин эмаслиги айтилмоқда. Бундан ташқари Аллоҳ таолони охиратда кўриш масаласида ҳам, Унга томон, жиҳат нисбатини бериш мумкин эмаслиги ҳақида Таҳовий: “Жаннат аҳли Аллоҳнинг дидорини кўрурлар, лекин макон ва кайфиятсиз” деган. Айни бу матн ҳам Аллоҳ таолога макон ва томон собит қилиш мумкин эмаслигини англатади. Шунингдек, Қуръони каримда Аллоҳ таолога араб тилидаги “яд (қўл)”, “важҳ (юз)”, “ризо (розилик)” сўзларининг нисбати берилган. Тарихда мушаббиҳа оқими (наузан биллаҳ) Аллоҳнинг қўли бандаларнинг қўли кабидир, деган ғояни илгари сурган. Бугунки кундаги айрим ўзбек салафийлари айни шу қарашни илгари сурмоқдалар. Буларга қарши Абу Жаъфар Таҳовий шундай дейди: “Кимки Аллоҳ таолони таърифлаганда, Уни инсонга ўхшатса, кофир бўлиб қолади”.

Абу Ҳафс Насафий ўзининг “ал-Ақоид ан-Насафия” асарида шундай дейди: “Аллоҳ таоло моҳият, кайфият билан сифатланмайди. У бирор маконда қўним топмайди. Унга замон таъсир қилмайди. Бирор нарса Унга ўхшаш эмас ва бирор нарса унинг қудрати ҳамда илмини четлаб ўта олмайди”. Имом Насафий мўминлар Аллоҳ таолони жаннатда қандай кўришлари тўғрисида шундай деган: “Аллоҳ таоло маконсиз, томонсиз, қарама-қарши жиҳатсиз, кўз нури етиб боришисиз ва кўрувчи билан Аллоҳ таолонинг орасида масофасиз кўрилади”. Абу Ҳафс Насафий охиратда ҳам Аллоҳ таолога макон ёки томон хослашлик мумкин эмаслиги, бу Аллоҳ таолога нисбатан айб ва нуқсон эканлигини англатиб, мўмин-мусулмонлар бундай нарсалардан доимо ҳазарда бўлишларини уқтирмоқда.

Мавзу доирасида Зоҳид Кавсарий таҳқиқи остида нашр қилинган “ал-Фиҳул абсат” таълиқи, Камолиддин Баёзийнинг “Ишоратул маром мин иборотил имом”, Муҳаммад Зоҳид Кавсарийнинг “ал-Ақида ва илмил калом” китобларида батафсил сўз юритилган. Тўлиқ маълумот олиш учун мазкур китобларни ўқиб чиқиш тавсия этилади.

Умуман олиб қараганда чашмага яқин жойлашган инсон, узоқдаги инсонларга нисбатан ундан қониб ичади ва сероб бўлади. Ҳудди шунингдек, Расулуллоҳ замонасига яқин яшаган мазҳаббошилар ва биздан олдин ўтиб, тўртта мазҳабни тутган ва икки ақидавий таълимот йўлида асарлар битган олимлар ўзларининг устозлари орқали санадлари Пайғамбаримизгача қироатда, ҳадисда, фиқҳда ва тасаввуфда етиб боргандир. Бу силсила мана неча асрлар бўлибдики, узулмай бардавом келмоқда. Бунга тарих гувоҳдир.

XIII аср атрофида маълум мазҳаб доирасида шакллантирилиб, XXI асрда сохта салафий атамасини тамға қилиб олган шахслар ўз тарихлари билан тўртта мазҳаб тарихига холис назар солсинлар ва қиёсий таҳлил қилсинлар. Мазҳабларда ёзилган тафсирлар, ҳадис шарҳлари, фиқҳий китоблар ва ахлоқий асарлар билан ўзларининг “устозлари” томонидан ёзилган асарлар рўйхатини бир жойга шакллантириб таққослаб кўрсинлар. Мотуридия ва ашъария таълимотини маҳкам тутган олимларнинг қолдирган бой илмий мерослари билан ўзларининг “устозлари” қолдирган китобларни сонини қиёслаб кўрсинлар. Ҳар бир замонда турли оқимлар чиққан ва чиқишда давом этади. Лекин, аҳли сунна вал жамоа деб эътироф этилган тўрт мазҳаб ва икки ақидавий таълимот асрлар оша давом этиб келмоқда ва давом этади. Чунки, уларнинг илдизи Расулуллоҳга боғлангандир. Лекин, сохта салафийларнинг ўтмиши ҳам, келажаги ҳам қоронғидир. Бу ҳам ақлли инсонларга етарли далилдир.

Ижтимоий тармокларда улашинг

Фейзбукда изоҳ қолдиринг

Мавзуга оид