АЛЛОҲ ТАОЛОДАН ҚЎРҚИШ

АЛЛОҲ ТАОЛОДАН ҚЎРҚИШ

imon.uz 08-04-2020 640

   Аллоҳ таолонинг улуғлиги ва буюклигининг ҳаққи инсон доимо Уни норози қилиб қўйишдан хавфда бўлишидир. Аллоҳ таолони норози қилиб қўйишдан эҳтиёт бўлиш Қуръони Карим ва ҳадиси шарифларда мақталган амаллардандир. Унинг фазилати юқоридаги икки манбада бот-бот таъкидланган.

Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Биз Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан бир дарахт остида ўтирганимизда, тўсатдан шамол туриб, дарахтнинг яшил барглари қолиб, қуриган япроқлари тўкилди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Бу дарахтдан қандай зарбулмасал чиқади?”, дедилар. “Аллоҳ ва Унинг Расули яхши билувчидир”, деди қавм. У зот: “У Аллоҳ азза ва жалладан қўрққанидан титраб, яхшиликлари қолиб, гуноҳлари тўкилган мўмин мисолидир”, дедилар”. (Байҳақий ривояти)

Қалбда Аллоҳ таолодан хавфни пайдо қилиш учун, У зотнинг улуғлиги ва қудратини дил ёки ҳаёлда жам қилиш лозим. Масалан, ўтган умматларнинг ҳолатлари, Қуръон ва ҳадисда итоатсиз қавмларга юборилган азобларни тасаввур қилиш орқали, Аллоҳ таолодан қўрқиш ва хавф пайдо бўлади. Натижада, гуноҳ, зулм каби иллатларга чек қўйиб, тақвога эришилади. Тақво яхшиликларнинг негизи ва дунё-ю охиратда нажот топишнинг ёлғиз калити ҳисобланади. Аллоҳ таоло барчамизга бу неъматни ато қилсин. Омин! 

 

Жиззах вилояти Зарбдор тумани

"Дувлонбой" жоме масжиди имом-хатиби

Хусниддин Абдукодиров 

Ижтимоий тармокларда улашинг

Фейзбукда изоҳ қолдиринг

Мавзуга оид