АЛЛОҲ ЙЎЛИДА БИР-БИРИНИ ЯХШИ КЎРГАНЛАРГА БЕРИЛАДИГАН САВОБ

АЛЛОҲ ЙЎЛИДА БИР-БИРИНИ ЯХШИ КЎРГАНЛАРГА БЕРИЛАДИГАН САВОБ

imon.uz 2024-11-01 11:17:16 129

Абу Муслим Хавлонийдан ривоят қилинади: «Ҳимс масжидига кирдим. У ерда Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг саҳобаларидан ўттиз нафар ўрта ёшли йигитлар бор эди. Улар ичида кўзлари қора, олдинги икки тиши ярқираган бир йигит жим ўтирарди. Жамоа бир масала борасида шубҳаланиб қолишса, унга юзланиб, савол беришарди. Шунда олдимда ўтирган кишидан: «Бу ким?» деб сўрадим. У киши: «Бу Муъоз ибн Жабал», деди. Менда унга нисбатан муҳаббат уйғонди. То тарқалиб кетгунларича улар билан бирга ўтирдим. Бир неча кундан кейин эрта тонгда масжидга бордим. Масжидда Муъоз ибн Жабал устунга қараб намоз ўқирди. Намозини тугатгач, менга гапирмай, жим ўтирди. Шунда мен ҳам намоз ўқидим. Кейин оёғимни кийимим билан ёпиб, тиззамни қўлим билан ушлаб ўтирдим. У ҳам менга гапирмай, сукут сақлаб ўтирарди. Мен ҳам гапирмай, бир муддат жим ўтирдим. Бироздан кейин унга: «Аллоҳга қасамки, мен сени яхши кўраман», дедим. У: «Нима сабабдан мени яхши кўрасан?» деди. «Аллоҳ таборака ва таоло йўлида», дедим. Шунда у олдига чақириб шундай деди: «Агар сўзинг рост бўлса, хурсанд бўл. Чунки мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг «Аллоҳ таоло айтади: «Менинг буюклигим йўлида бир-бирини яхши кўрадиганларга нурдан бўлган минбарлар берилади. Уларга набийлар ва шаҳидлар ҳам ҳавас қиладилар», деганларини эшитганман».


Абу Муслим айтади: «Кўчага чиқиб, Убода ибн Сомитни учратиб қолдим-да, «Эй Абулвалид, Аллоҳ йўлида бир-бирини яхши кўрганлар ҳақидаги Муъоз ибн Жабал менга айтган ҳадисни сенга айтиб берайинми?» дедим. У: «Мен сенга Набий соллаллоҳу алайҳи васалламдан ҳадис айтиб бераман. Бу ҳадисни Аллоҳ азза ва жалладан ривоят қилганлар», деб, «Менинг йўлимда бир-бирини яхши кўрганлар муҳаббатимга эришди. Менинг йўлимда бир-бирини бориб кўрганлар муҳаббатимга эришди. Менинг йўлимда бир-бири билан олди-берди қилганлар муҳаббатимга эришди. Менинг йўлимда бир-бири билан яхши алоқаларни боғлаганлар муҳаббатимга эришди», деган ҳадисни айтиб берди».


Шарҳ: Мусулмон биродарини бирор дунёвий мақсадсиз, холис Аллоҳнинг розилиги учун яхши кўрган, биродарини худди шундай холис ниятда бориб кўрган, биродари учун мол-дунёси ва бошқа нарсасини чин дилдан рози бўлиб сарфлаган инсонга, Аллоҳнинг розилиги учун, Аллоҳ рози бўладиган шаръий кўринишда яқин қариндошлари ва дўстлари билан муносабатни тиклаган инсонга Аллоҳнинг муҳаббати собит бўлади.


«Солиҳлар ҳаётидан сара нақл ва хабарлар» китобидан


Ижтимоий тармокларда улашинг

Фейзбукда изоҳ қолдиринг

Мавзуга оид