​​АЛЛОҲНИНГ ЗИКРИ

​​АЛЛОҲНИНГ ЗИКРИ

Mimon.uz 03-07-2021 548

 Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам марҳамат қилдилар: Албатта, йўлларда зикр аҳлини қидириб юрадиган Аллоҳнинг фаришталари бор. Қачонки Аллоҳни зикр қилаётган қавмни топсалар: “Қидираётган нарсангизга келинглар“, деб бир-бирларини чақирадилар. Сўнгра уларни дунё осмонига қадар қанотлари ила ўраб оладилар.1

Шунда улар(фаришталар)нинг Роббиси Ўзи уларданда яхши билишига қарамай, улардан сўрайди:

- Бандаларим нима деяптилар?

- Сенга тасбиҳ, такбир, ҳамд айтишмоқда, Сени улуғлашмоқда.

- Улар Мени кўрганмилар?

- Аллоҳга қасамки, йўқ, Сени кўрмаганлар.

- Мени кўрсалар қандай бўлар эди?

- Агар Сени кўрганларида эди, ибодат, мақташлик, улуғлаш ва тасбеҳ айтишда янада шиддатлироқ бўлар эдилар.

- Мендан нима сўрайдилар?

- Сендан Жаннатни сўрамоқдалар.

- Уни кўрганмилар?

- Аллоҳга қасамки, эй Роб, йўқ, кўрмаганлар.

- Уни кўрганларида қандай бўлар эди?

- Агар уни кўрганларида эди, унга янада ҳарисманд, янада талабчан, янада интилувчан бўлар эдилар.

- Улар нимадан паноҳ тилайдилар?

- Жаҳаннамдан.

- Уни кўрганмилар?

- Аллоҳга қасамки, эй Роб, уни кўрмаганлар.

- Уни кўрганларида қандай бўлар эди?

- Агар уни кўрганларида эди, ундан янада кўпроқ қочар ва ундан янада қаттиқроқ қўрқар эдилар. Аллоҳ таоло: - Сизларни гувоҳ қилиманки, албатта Мен уларни мағфират қилдим. Фаришталардан бири:

- Уларнинг орасида фалончи бор, улардан эмас. У фақатгина бирор юмуши учун келган. Аллоҳ таоло:

- Улар ҳамроҳдирлар. Уларнинг бирор ҳамроҳи бадбахт бўлмагай, деди.

Имом Бухорий ва Муслим ривояти

Миролим Мансур

Ижтимоий тармокларда улашинг

Фейзбукда изоҳ қолдиринг

Мавзуга оид