130100 Узбекистон мусулмонлар идораси Жиззах вилоят вакиллиги

АРАЗЛАШИШ ЭРКАЛИКМИ ЁКИ ХАТОМИ?
Mimon.uz 2023-02-17 02:03:54 515Мусулмоннинг дин қардоши билан уч кундан ортиқ аразлашиб юриши ҳалол эмас. (Ярашиш учун) олдин сўзлаган жаннатга киради.
Ҳадиси шариф маъноси
Ҳар биримиз аразлашиш ва қариндошлардан узоқлашиш, гина-адоват, нафрат, адоватни авж олдирувчи шайтоннинг фитнасидан паноҳ тилашимиз лозим. Аллоҳ мўминларнинг қалбини иймон билан поклади. Қуръон ва суннатда баён қилинган одоблар кишининг қалбидан шайтоннинг насибасини чиқариб ташлайди. Қуръон ва суннат мусулмонларни яқинларига нисбатан ишончда бўлиши учун бир-бирларига ўзаро муҳаббат ва меҳр-оқибат изҳор қилишга буюрди. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам мўмин киши бир-биридан уч кундан ортиқ аразлашиб юриши жоиз эмаслигини марҳамат қиладилар. Зеро, гина-араз яқин кишилар ўртасида меҳр-оқибат йўқолишига олиб келади. Шайтонга мўминлар орасида низо солиши учун қулай фурсат туғилади. Мусулмоннинг араз қилиши уч кеча-кундуздан ортиқ бўлса, бу иш гуноҳи кабирадир. Чунки бу одамларнинг ораси бузилиб кетишига олиб келади. Шунинг учун уч кундан кейин саломлашиб, ярашиб олиш буюрилади. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай марҳамат қилдилар: "Аллоҳга қасамки, то мўмин бўлмагунингизча жаннатга кира олмайсизлар. То бир-бирингизга меҳр-муҳаббатли бўлмагунча мўмин бўла олмайсизлар. Агар амал қилсангиз, ўрталарингизда муҳаббат пайдо қиладиган нарсани айтиб берайми - ораларингизда саломлашишни ёйинглар" (Бухорий ва Абу Муслим ривоятлари). Кимдир оила даврасида кўп эркалик кўрганидан, улғайганида ҳам унга ҳамма жойда шундай муносабатни кутади. Аммо ҳамма ҳам бировнинг эркалигини кўтаравермайди. Шундай экан, ҳар нарсага аразлаб, яқинлари билан неча кунлаб гаплашмай юриш мўминнинг иши эмас. Аллоҳга хуш келмайдиган бундай ишлардан тийилайлик. Шунда яқинларимиз ҳурматига сазовор бўлиб, осуда ҳаёт кечирамиз.
"Ғам-қайғусиз яшай десангиз (ўксинма) китобидан.