130100 Узбекистон мусулмонлар идораси Жиззах вилоят вакиллиги

Ашраф Али Таҳонавийнинг 3 насиҳати
Mimon.uz 2021-07-27 03:35:14 564Инсон ҳаётига назар ташлар экан баьзида қалби қотганлиги, ибодати унга таьсир этмаётганидан нолийди. Ваҳоланки унинг қалбининг қотишлигининг катта сабаби бор. Бу ҳақда Молик ибн Динор айтади: “Агар қалбинг қотганлиги, баданинг заифлашгани ва ризқингда маҳрумликни кўрсанг, огоҳ бўлгинки, сен ўзингга фойда бермайдиган нарса тўғрисида гапиргансан”.
Юнус ибн Убайд айтади: “Киши ўзига манфаат келтирмайдиган бир сўзни тарк қилиши бир кун рўза тутишидан афзалдир.”
Имом Шофеъий айтади: “Ким Аллоҳ қалбини нурлантириб қуйишини хоҳласа, беҳуда гапларни тарк қилсин”.
Имом Шофеъий айтади: "Уч нарса ақлни ўткирлаштиради.
- Уламолар билан ўтириш;
- солиҳлар суҳбатида бўлиш;
- беҳуда гап-сўзлардан тийилиш".
Умматнинг ҳакими Ашраф Али Таҳонавий раҳматуллоҳи алайҳ Муҳаммад Шафиъ раҳматуллоҳи алайҳга бундай васият қилган: “Албатта фарз, вожибларни адо қилиш, суннат ва мустаҳабларга риоя этиш хос-авом мусулмонга бирдек лозимдир. Лекин сенга уч амалда бардавом бўлишингни васият қиламан:
- Аллоҳга тақво қилгин. Зеро, у намоз, рўза ва зоҳирий муомалот масалалари билан чегараланмаган. Балки ботиний амалларда ҳам тақво риоясини қилиш вожибдир. Шундай экан, тақво зоҳирий амалларда кўрингани каби ботинийларида ҳам руёбга чиқсин.
- Фойда келтирмайдиган нарсалардан четлан. У хоҳ амал, хоҳ калом бўлсин фарқи йўқ.
- Ҳар куни озгина бўлса-да, Қуръон тиловатида бардавом бўл. Бундан ташқари, “Субҳаналлоҳ”, “Алҳамдулиллаҳ”, “Лаа илаҳа иллаллоҳ”, “Астағфируллоҳ” каби зикрларни такрорлашда ва Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга салавот йўллаш ҳамда намоздан сўнг айтиладиган тасбеҳларда бардавом бўлгин.
Шундай экан, юқоридаги ўгитларга амал қилиб, ўтаётган ҳар бир лаҳзамизни ғанимат билишимиз, бизга берилган тил неъматидан унумли фойдаланишимиз керак. Зеро, вақтимизни беҳуда гап-сўзларга совуриш ўрнига, илм-фан, касб-ҳунар, таълим-тарбия ва жамиятимиз фаровонлиги йўлида сарфласак, икки дунё саодатига эришамиз. Аллоҳ таоло бизларга ато қилган барча неъматларидан оқилона фойдаланишимизни насиб айласин.
Алишер ЖУМАЕВ,
Шаҳрисабз туман бош имом-хатиби