Аёлларни масжидлардан ман қилманг, бироқ уйлари улар учун яхшироқдир

Аёлларни масжидлардан ман қилманг, бироқ уйлари улар учун яхшироқдир

imon.uz 24-12-2024 11

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин

Ибн Умар розияллоҳу анхумодан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деганлар:

«Аёлларни масжидлардан ман қилманг, бироқ уйлари улар учун яхшироқдир» (Абу Довуд ривояти). Айни шу тарзда ҳасан санад билан Аҳмад ибн Ҳанбалнинг «Муснад»ида ва Табаронийда Абу Ҳумайд розияллоҳу анҳунинг аёли Умму Ҳумайд розияллоҳу анҳодан ривоят қилинган ҳадисда Умму Ҳумайд Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига келиб, «Ё Расулуллоҳ! Мен сиз билан бирга намоз ўқишни яхши кўраман», деди. Бунга жавобан Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай дедилар: «Албатта, мен билан намоз ўқишни яхши кўришингни биламан. Бироқ уйингдаги намозинг ҳужрангдаги намозингдан яхшироқдир. Ҳужрангдаги намозинг ҳовлингдаги намозингдан яхшироқдир, ҳовлингдаги намозинг қавминг масжидидаги намозингдан яхшироқдир, қавмингнинг масжидидаги намозинг менинг масжидимдаги намозингдан яхшироқдир». Аёл киши намозини уйда ўқишининг мукофоти улуғлиги Аллоҳ таолонинг аёлларга ва жамиятга бўлган раҳматидир. Бу аёл кишининг фитнадан узоқ бўлиши ва ўзини сақлаши учундир. Айни вақтда уйдаги болалар билан ёши улуғларни асраш ва яна бир қатор фойдалар ҳам бор. Мазкур мукаммал шариатни нозил қилган Аллоҳ ҳар қандай нуқсонлардан покдир! Энди бу ерда бизни қизиқтирган нарса аёл киши учун иймон ва риё имтиҳонининг намозни ўз вақтида адо қилишда эканидир. Шундай қилиб, имтиҳонда муваффақият қозонган мўмина аёл эркаклар бомдод намозини масжидда адо этишаётган вақтда намозини уйида ўқиган аёлдир. Қалбида иймон лаззатини ҳис қилмаган аёл эса бомдод намозини қуёш чиқишидан бироз олдин ўқиб, намознинг вақтини кечиктирган ёки намозга жиддий ёндашмай, фарзни қазо қилган ва намозини қуёш чиққандан кейин ўқийдиган аëлдир! Кимки бомдод намозини қасддан қуёш чиққанидан кейин ўқийдиган бўлса, Аллоҳнинг фарзини қасддан тарк этган бўлади! Бу ўта хатарли иш. Умму Айман розияллоху анҳодан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай дедилар: «Намозни қасддан тарк қилманг. Зеро, кимки намозни қасддан тарк этса, дарҳақиқат, ундан Аллоҳ ва Унинг Расулининг зиммаси (ҳимояси) соқит бўлади» (Имом Аҳмад ривояти). Будильник вақтини қуёш чиқишидан кейинга қўйган киши намозни қасддан тарк этаётган бўлади. Энди бунинг оғир оқибатларини ўзи кўтараверсин! Бошқа тарафдан қарайдиган бўлсак, Аллоҳга энг маҳбуб амал қайси? Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анху ушбу саволни Расулуллоҳ соллаллоху алайҳи васалламдан сўради. У зот Имом Бухорий ва Имом Муслим ривоят қилган ҳадисда келганидек жавоб бердилар: «Аллоҳ учун амалларнинг энг севимлиси ўз вақтида ўқилган намоздир». Абдуллоҳ ибн Масъуд: «Кейин-чи?» деди. «Ота-онага яхшилик қилиш», дедилар. «Кейин қайси?» деди. «Аллоҳ йўлида жидду жаҳд қилиш», дедилар. Эй Аллоҳ раҳм қилгур банда, қара, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўз вақтида адо этилган намозни улуғ ибодат бўлган ота-онага яхшилик қилишдан олдинга қўймокдалар! Субханаллоҳ! Мусулмонлар қандай қилиб бомдод намозининг ҳисобини юритмайдиган бўлиб қолишди?!

                                                                                                                                                                                                                                                                                                                                                       «Бугун бомдод ўқидингизми?» китобидан.

Ижтимоий тармокларда улашинг

Фейзбукда изоҳ қолдиринг

Мавзуга оид