Берган нарсани миннат қилиш

Берган нарсани миннат қилиш

imon.uz 2023-06-09 01:46:50 406

Аллоҳ таоло айтади:

«Эй иймон келтирганлар, молини одамларга кўрсатиш учун берадиган, Аллоҳга ва охират кунига ишонмайдиган кимсага ўхшаб, берган садақаларингизни миннат ва озор билан йўққа чиқарманг!» (Бақара сураси, 264).

Калбий: «Қилган садақасини Аллоҳга миннат қилиш ва олган одамга озор бериш билан», деб тафсир қилганлар.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтганлар: «Қиёмат кунида Аллоҳ уч тоифа одамга гапирмайди, қарамайди, уларни покламайди ва уларга аламли азоб бордир: кийимини узун қилиб ерга судраб юрувчи, миннатчи ва ёлғон қасам билан молини ўтказувчи» (Муслим ривояти).

Бошқа бир ҳадисда: «Қиёмат кунида Аллоҳ уч тоифа одамга – ота-онасига оқ бўлган, маст қилувчи нарсаларга муккасидан кетган ва берган нарсасини миннат қилган одамга қарамайди. Шунингдек, уч тоифа кимса жаннатга кирмайди: ота-онасига оқ бўлган, даюс ва эркакшода аёл», дейилган (Насоий, Баззор ривояти).

Эркакшода аёлдан мурод эркакларга тақлид қиладиган аёлдир.

Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу ривоят қиладилар: Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: «Маккор-алдамчи, миннатчи ва бахил жаннатга кирмайди» (Термизий ривояти).

«Яхшиликни миннат қилишдан эҳтиёт бўлинглар, чунки у шукрни йўқ қилади, ажрни кетказади», деган хабар ҳам ривоят қилинган.

Ибн Сийрин бир кишининг бошқа бировга, сенга яхшилик қилдим, ундоқ қилдим, бундоқ қилдим, деяётганини эшитиб қолдилар-да, унга: «Жим бўл. Агар саналадиган бўлса, яхшиликларда наф йўқ», дедилар.

Айрим уламолар айтган эканларки: «Ким қилган яхшилигини миннат қилса, ношукр бўлади, ким ўз амалидан ғурурланса, ажри кетади».

Имом Шофеъий қуйидаги маънодаги мисраларни ўқиган эканлар: «Одамларга оғирлигинг тушмасин, токи сенга миннат қилишмасин. Ўзингнинг улушингни ихтиёр қилиб сабр эт, зеро сабр жаннатдир. Бировларнинг миннати қалбга тишлагандан кўра қаттиқроқ таъсир қилади».

«Гуноҳи кабиралар» китобидан

Ижтимоий тармокларда улашинг

Фейзбукда изоҳ қолдиринг

Мавзуга оид