Деҳқончилик – ризқ рўзимиз

Деҳқончилик – ризқ рўзимиз

imon.uz 01-06-2020 712

Аллоҳ таолога беадад ҳамду санолар, Пайғамбар алайҳис саломга солату-дурудлар бўлсин.  Аллоҳ таоло Наҳл сурасининг 10-11 оятларида:

У осмондан сизлар учун ундан ичимлик бўладиган сувни (ёмғирни) ёғдирган зотдир. (Ҳайвонларингизни) боқадиган гиёҳлар ҳам ўша сувдан (суғорилур). У сизлар учун ўша (сув) билан (турли) экинларни, зайтун, хурмо, узум ва барча меваларни ундирур. Албатта, бунда тафаккур қиладиган кишилар учун аломат бордир, деб марҳамат қилган.

Дарҳақиқат, Аллоҳ таоло ер юзида инсонлар ва ҳайвонларни чиройли яшашлари учун обод қилиб, осмондан барокот сувларини ёғдириб, шу сув орқали дарахтлар, ўт-ўлан ва барча набототларни ўстириб қўйди.

Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинган ҳадисда:

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: 

Ризқни ер остидан талаб қилинглар”, деганлар.

Байҳақий ва Табароний ривоят қилган.

Деҳқончилик ер юзини обод қилувчи касблардан биридир. Ислом дини деҳқончилик ва боғдорчилик ишларига катта эътибор беради ва тарғиб қилади.

Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

“Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: 

Қайси бир мусулмон бирорта дарахт ўтқазса ёки бирор экин экса ва ундан бирорта қуш ёки инсон ёки ҳайвон тановул қилса, у сабабли унга садақа (савоби) бўлади – дедилар”.  Имом Бухорий ривоят қилган.

Бошқа ривоятда:

Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: Ким Аллоҳга ишониб, савоб умид қилган ҳолда қаровсиз ерни обод қилса, унга ёрдам ва барака бериш Аллоҳга лозим бўлди”, дедилар”. Байҳақий ва Табаронийлар ривоят қилган. (Аллоҳга лозим бўлди дегани – мазкур бандага Аллоҳнинг фазл-карами бўлди деганидир)

Ушбу ҳадисда зикр қилинган Аллоҳ таолонинг ваъдасига етишиш учун деҳқонлар қилаётган ишларни ибодат деб қилишлари лозимдир. Ҳалол покиза йўллар билан меҳнат қилса, иншоаллоҳ, зироатига барака кириб, албатта мўл-кўл ҳосилга эга бўлади.

Саҳобалардан бир қанчалари деҳқончилик билан машғул бўлганлар. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу саҳобалар ичида зоҳидлардан бири бўлсада, деҳқончилик қилар эди. Саъд ибн Абу ваққос розияллоҳу анҳу деҳқончиликдан мўл ҳосил олиш учун ўз ерига ўғитлар билан ишлов берар эди.

Аллоҳ таоло деҳқонларимизга, боғбонларимизга, барча қишлоқ хўжалик ходимларига ҳосиллари мўл-кўл бўлишини, юртимизга Ўзининг баракотлари ёғилишини, етиштирилган ҳосилларини нест-нобуд ва увол қилмай йиғиб-териб олишларини насиб этсин.

 

Жиззах вилоят бош имом-хатиби

Меҳмонхон Жабборов 

Ижтимоий тармокларда улашинг

Фейзбукда изоҳ қолдиринг

Мавзуга оид