Диний қўмита Умра зиёратини ташкил қилиш учун 12 та турфирмага лицензия берди

Диний қўмита Умра зиёратини ташкил қилиш учун 12 та турфирмага лицензия берди

imon.uz 2024-11-22 12:31:13 84

Октябр ойи бошида Ўзбекистонда 77 та фирма Умра хизматларини кўрсатиш ҳуқуқига эга эди. Аммо лицензия олиш қийинлаштирилиши, хусусан 1 млн долларлик захира талаби киритилганидан кейин, бу хизматни кўрсатувчилар сони кескин қисқарди ва ҳозирда улар 12 тани ташкил этмоқда. Дин ишлари қўмитасининг Kun.uz'га маълум қилишича, бошқа фирмалар ҳам шартларни бажариб, лицензия учун ариза топшириши мумкин.

Дин ишлари бўйича қўмита 21 ноябр куни Умра тадбирларини ташкил этиш ва ўтказиш фаолиятини амалга ошириш учун якка тартибдаги лицензия бериш бўйича танлов ғолиблари рўйхатини эълон қилди.

Танлов комиссиясининг қарорига мувофиқ 12 та турфирма танлов ғолиби деб топилган. Уларнинг 6 таси Тошкент шаҳрида, 3 таси Наманган вилоятида, Хоразм, Фарғона ва Андижон вилоятларида эса биттадан лицензияга эга фирмалар жойлашган.

Айни вақтда Умра зиёрати учун лицензияга эга 12 та тур фирманинг рўйхати билан ушбу ҳавола орқали танишиб чиқиш мумкин.

Дин ишлари бўйича қўмита Зиёрат туризми бошқармаси масъулларининг Kun.uz'га маълум қилишича, юқоридаги 12 та турфирманинг барчаси 1 миллион доллар маблағни – сўмдаги эквивалентида захирага қўйган.

Ушбу турфирмаларга берилган лицензиялар муддатсиз амал қилади. Шунингдек, яна бошқа турфирмаларда лицензия олиш истаги бўлса, шартларни бажариб, қўмитага ариза бериши мумкин. Уларнинг аризаси ҳам кўриб чиқилади”, - деди қўмита расмийси.

Маълум қилинишича, лицензияда кўрсатилмаган манзил бўйича Умра тадбирларини ташкил этиш ва ўтказиш фаолияти билан шуғулланиш тақиқланади. Шу билан бирга зарурат ҳолатларда фирманинг ваколатхоналари орқали ҳам хизмат кўрсатиши кўриб чиқилиши мумкин.

Шунингдек, Дин ишлари бўйича қўмита Умра тадбирларини ташкил этиш ва ўтказишга оид хизматларини лицензияга эга бўлмаган тадбиркорлик субъектлари томонидан кўрсатиш тақиқлангани ҳамда бунинг учун юридик шахсларга БҲМнинг 200 баравари миқдорида жарима белгиланганини эслатиб ўтди.

Эслатиб ўтамиз, 2022 йил охирларида Ўзбекистонда Умра сафарини сайёҳлик фирмалари орқали ҳам ташкил этишга қисман рухсат берилган эди. Кейинроқ, 2023 йил 1 ноябрдан Умра тадбирларини ташкил этувчи турфирмаларга лицензия олиш учун 100 минг доллардан кам бўлмаган маблағни банк реквизитига захира қилиши, диний (исломий) таълим йўналишлари бўйича мутахассис ва мусулмонлар идорасидан гуруҳ раҳбари олиши каби қатор шартлар қўйилди.

2024 йил 2 июлда қабул қилинган қонун билан жорий йил 5 октябрдан Дин ишлари бўйича қўмита Умра хизматини кўрсатиш бўйича лицензия берувчи ваколатли орган сифатида белгиланди. Унга кўра, 5 октябрдан Туризм қўмитаси томонидан Умра зиёратини амалга ошириш учун берилган лицензиялар автоматик равишда тўхтатилди.

2024 йил 12 октябр куни «Умра тадбирларини ташкил этиш ва ўтказиш билан боғлиқ чора-тадбирларни янада такомиллаштириш тўғрисида»ги 668-сонли ҳукумат қарори қабул қилиниб, Дин ишлари бўйича қўмита томонидан бериладиган лицензиянинг янги шартлари эълон қилинди.

Хусусан, 1 миллион АҚШ доллари миқдоридаги маблағни «Зиёрат жамғармаси»га захира қилиб қўйиш, 2 йилдан кам бўлмаган тажрибага эга авиакомпания билан ҳамкорлик қилиш ҳамда Умра хизматини 3-давлатлар орқали кўрсатмаслик шартлари маҳаллий турфирмалар томонидан бизнес учун оғир шартлар бўлиши қайд этилди.

Ижтимоий тармокларда улашинг

Фейзбукда изоҳ қолдиринг

Мавзуга оид