Дўстлик ва муҳаббат

Дўстлик ва муҳаббат

imon.uz 2024-07-12 01:56:33 452

Аҳмад ибн Юсуф ўзининг «Мукофот ва гўзал оқибат» номли китобида шундай ёзади:

«Ҳорун ибн Маллул отасидан жуда катта мол-давлатни мерос қилиб олди. У молни ҳисоб-китоб қилмай ўнг ва чап томонга сочиб исроф қила бошлади.

Бир куни унинг олдига отасининг дўсти Исҳоқ ибн Тамим келди. Исҳоқ унинг аҳволини кўриб деди:

- Либосларингнинг гўзаллиги, катта мол-дунёга эга бўлганинг мени роса хурсанд қилди. Аллоҳ отангдан мерос олган бу молингга барака берсин!

Сўнгра Исҳоқ ибн Тамим чиқиб кетди. Кеч киргач, Ҳоруннинг олдига хизматкорини юбориб, бу кеча уйида Ҳоруннинг отасининг дўстлари жамланишини, агар у ҳам ташриф буюрса хурсанд бўлишларини, бирга дўстларини хотирлашларини, Ҳорун келса у орқали тасалли топишларини айтиб юборди.


Ҳорун келди. Мажлисда отасининг дўстлари жамланишган эди. Исҳоқ дарров ходимларига ишора қилди. Ходимлар Ҳорунни қўл ва оёқларини тутиб боғлашди. Исҳоқ деди:

- Эй жоҳил! Отам ўтиб кетди, қутилдим деб ўйлаяпсанми? Мана буларнинг барини ўзидан кейин қолдирганини унутдингми? Буларнинг бари сенга ота. Керак бўлса, сени жазолаб бўлса-да, гуноҳ ва жиноятдан қайтаришга кучлари етади!

Отасининг дўстлари Ҳорунга ҳар томондан гапириб танбеҳ беришди, уни койишди. Ҳорун отасининг молини сақлаш ва авайлашга, исроф қилмасликка, уни муносиб ўринлардагина сарфлашга ваъда берганидан сўнггина уни бўшатиб юборишди. 

Кейинчалик Ҳорун солиҳ инсонга айланди. Қачон отасининг дўстларини кўрса: «Марҳабо! Отамдан кейинги отам!», дер эди».


Муҳаббат ва дўстлик севганларимиз ёки дўстларимиз вафот этиб кетиши билан тугамайди, ўлмайди. Акс ҳолда бу муҳаббат йиртиқ муҳаббат ҳисобланади. Бунақа дўстлик ёмон дўстлик ҳисобланади!

Юқоридаги дўстларга боқинг. Дўстлари вафот этиб кетганидан сўнг унинг фарзандини қўлидан тутишди. Яъни, «Барчамиз сенга отамиз!», демоқчи бўлишди.

Дўстларимиз ва суйган инсонларимизнинг фарзандлари, аҳлини йўқлаб туришимиз керак. Дўстлик ва муҳаббатни кўмиб бўлмайди.

Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳу бир аъробийни кўриб қолиб унга кўп садақалар қилди. Шунда асҳоблари сўради:

- Аллоҳ сизга раҳм қилсин! Унга озроқ берсангиз ҳам бўлар эди!

Абдуллоҳ деди:

- Бунинг отаси менинг отам Умар ибн Хаттобга яқин дўст эди!


Ибн Умарнинг вафосига қаранг. Отасининг дўстини ўғлига инфоқ қиляпти!

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам олтмишдан ўтиб қолганларида бир гуруҳ кампирларни кўриб қолдилар. Уларга чопонларини ечиб ерга тўшаб бердилар. Уларни ўтиришга таклиф қилдилар. Кишилар бунинг сабабини сўрашганда: «Булар Ҳадичанинг дугоналари!», деган эдилар!

Набий алайҳиссаломнинг муҳаббатларига қаранг! Ҳадича розияллоҳу анҳонинг кўзи учун минглаб кўзлар эҳтиром қилинишга лойиқ!

«Гўзал аҳд иймондандир!», деган Набиййимиз нақадар буюк эдилар!


Ижтимоий тармокларда улашинг

Фейзбукда изоҳ қолдиринг

Мавзуга оид