Дуолар ижобат ой Рамазонда дуо қилайлик

Дуолар ижобат ой Рамазонда дуо қилайлик

imon.uz 15-04-2020 1686

Аллоҳ таолога беадад ҳамду санолар бўлсин! 

Пайғамбаримизга энг пок саловату дурудлар бўлсин!

Муҳтарам азизлар ойларнинг энг улуғи бўлган рамазон ойи барчамизга муборак бўлсин! Бундай улуғ кунларга еткизган Аллоҳ таолога қанчалар ҳамд айтиб, шукр қилсак кам. 

Муборак рамазон ойининг рўзаси Исломнинг беш шартидан бири бўлиб, Аллоҳ таолонинг: “Сизларга ҳам саноқли кунларда рўза тутиш фарз қилинди”, “Сизлардан ким бу ойга хозир бўлса, рўза тутсин” хитоби билан фарз амал эканлиги собит бўлган.

Ҳадиси қудсийлардан бирида Аллоҳ таоло: “Рўза мен учундир ва унинг мукофатини мен бераман”,- дейилган ва рўзанинг хос ибодат ҳамда улуғ савобга эга эканлигига ишора қилинган.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

“Сизларга муборак Рамазон ойи келди . Аллоҳ азза ва жалла сизга унинг рўзасини тутмоқни фарз қилди. Унда осмонларнинг эшиклари очилур. Унда жаҳаннамнинг эшиклари ёпилур. Унда ўзбошимча шайтонлар кишанланур. Унда Аллоҳнинг бир кечаси бўлиб, у минг кечадан яхшидир. Ким у кечанинг яхшилигидан маҳрум бўлса, батаҳқиқ маҳрум бўлибди”, деб марҳамат қиладилар.

Бу ҳадиси шарифга амал қилиб, Рамазон ойидан унумли фойдаланишимизни одат қилишимиз лозим. Рамазон  ойини кундузларини рўзадор, тунларини ибодатлар билан бедор ўтказишимиз, айниқса қадр кечасини ғанимат билишимиз даркор. 

Лекин, минг афсуслар бўлсинки, бугунги кунда Аллоҳ таоло бандаларига синов тариқасида юборган коронавирус пандимеяси бутун дунё бўйлаб, жумладан, юртимизда тарқалганлиги, шу боисдан билан юртимизда карантин эълон қилинганлиги ҳаммамизга маълум.

Шу мунасобат билан Рамазон рўзасини, ва бу ойда бажариладиган ибодат, дуоларимизни аҳли оила, ўғил қиз, ота-оналаримиз билан  ўз уйларимизда адо қилишимиз лозим бўлади. Жамоат билан ибодатларни адо қилсак савоби кўп бўлади деб чалғиб, ўзимизни ҳам юртдошларимизни ҳам хатарга қўймайлик. Бу каби ҳолатларда ўз уйларимиздан чиқмасдан қилган ибодатларимизнинг савоби, жамоатлар билан адо қилган ибодатларимизнинг савобидан афзалроқ бўлади. Зеро Аллоҳ таоло Нисо сурасининг 59-оятида: “Эй, иймон келтирганлар! Аллоҳга итоат этингиз, Пайғамбарга ва ўзларингиздан (бўлмиш) бошлиқларга итоат этингиз!”, деб амр қилган.

Муҳтарам азизлар, бу ой дуолар ижобат бўладиган ой бўлганлиги учун, юртимиз, юртошларимиз ҳаққига, хусусан беморларимизга шифои комил сўраб кўпдан кўп дуолар қилайлик.  

Аллоҳ таоло бу коронавирус балосини бутун дунёдан ва азиз жаннатмонанд юртимиздан тез кунларда кўтарсин! Яна олдингидек эмин-эркинликда, тинчлик-омонликда, ишларимизни ва ибодатларимизни давом эттиришимизни насиб айласин!


Ўзбекистон мусулмонлари идораси 

Жиззах вилояти бош имом-хатиби

Меҳмонали домла ЖАББАРОВ


Ижтимоий тармокларда улашинг

Фейзбукда изоҳ қолдиринг

Мавзуга оид