ЭР БОШИГА ИШ ТУШСА

ЭР БОШИГА ИШ ТУШСА

imon.uz 21-04-2020 2187

Тарихдан маълумки, аждодларимиз бундай синовларнинг жуда кўпини бошларидан ўтказишиб, бир мушт бўлиб енгиб ўтишган.

Яқин тарих яъни мустақилликка эришган йилларимизнинг илк даврларини ёдга олайлик. Эҳтиёж учун керакли нарсаларнинг ярмисини  четдан келтирардик. Чегаралар ёпилганди. Бизни орқага қайтариш учун марказнинг топшириғи билан қилинган иш эди бу. Дўконларда консерва қутисидан бошқа ҳеч нарса қолмаган. Устига устак мамлакатимизда иқтисодий қийинчиликдан фойдаланган турли оқимлар кириб кела бошлагани ҳаммасидан ҳам ортиб тушди.

Мактабда ишлаб юрган пайтларим мени Арнасой туман ҳокими ўринбосари вазифасига тайинлашди. Мен учун мустақилликнинг қийинчиликлари Арнасойдан бошлангандек эди гўё. Чиябўрилар хонадон итларини, уй ҳайвонлари уй эгаларини тишлаб, қутуриш касалликлари кўпая бошлади. Чегаралар ёпилганлиги туфайли дори топилмайди. Одамлар озиқ-овқат маҳсулотларидан қийналишди. Ойлаб ойлик берилмади. Кўпчилик ўқитувчилар мактабни ташлаб, ўзини савдо ва бошқа ишларга уришди.

Ўша йиллари биз аҳоли билан мулоқотда бўлиб, томорқадан унумли фойдаланиш, қўй, эчки, парранда, чорва молларини кўпайтириб, ўзимизни ўзимиз боқишимиз кераклигини айтиб, мақсадга эришганмиз.

Аждодларимиз бундай синовларни доимо ақл, меҳнат, сабр ва ҳамжиҳатлик билан енгиб ўтишган.

Бугун дунё бошига тушган  оғир синовлардан факат айтилган талабларга тўлиқ риоя қилган ҳолда енгиб ўтамиз холос. Давлатимиз раҳбари халкимизга мурожаат этиб, куюнчаклик билан уйда ўтирганда ҳам вақтини ғанимат билиб, фарзандларимизга китоб ўкитиш, онлайн орқали бериб борилаётган дарсларни тайёрлатишни сўради. Уй шароитида бажариши мумкин бўлган ижодий ишлари учун онлайн танловлар эълон қилинди. Бу амалий ишларнинг сон-саноғи, чеку чегараси йўқ. Тўғри, биз оқибатли, бир-биримизни яхши-ёмон кунимизда йўқлайдиган халкмиз. Лекин ҳозир вазият шуни тақозо қилаяпти. Бу синовли кунлар бизнинг чекимизга тушди. Шунча тушунтиришлардан кейин ҳам республика бўйича 52000дан ортиқ киши қонунбузарликка йўл қўйибди. Ҳарбийларимизнинг "Уйда колинг, илтимос!" номли видеоролиги, маданият вазири, Ўзбекистон  халк артисти О.Назарбековнинг "Ҳаёт гўзал" қўшиғини эшитиб кўзингизга ёш келиб, юрагингиз жизилладими? Бу ким учун азизларим, ўзимиз, фарзандларимизнинг соғлигини эҳтиёт қилишимиз учун янграяпти, бонг урилаяпти, мурожаат килинаяпти.

Халқим, мен сизнинг соғлигингиздан хавотирдаман”, деди Президентимиз мурожаатномада. Ҳа, бундай пайтда  оила бошига оғирлик  тушади. Биз уйда қолиб, фарзандларимиз, набираларимизга дарс тайёрлатайлик, китоб ўқитайлик, фойдали ишлар билан банд килиб, вақтларидан унумли ўтказайлик.Томорқамизнинг бир парча еридан ҳам унумли фойдаланайлик. Шифокорлар томонидан айтилаётган барча кўрсатмаларга тўлиқ амал қилайлик. Бу синовдан бир тану бир жон бўлиб ўтиб олсак, яхши кунлар олдинда. Ҳаёт гўзал, гўзал ҳаётда яшаш унданда гўзал. Бу синовли кунларда бир-биримизга калбан, руҳан мадад бўлиб, ажал занжирини биргалашиб узиб, яна дориламон кунларга етайлик. 

Мамлакатимиз раҳбари шу кунларда бир неча мамлакатларга хайрия ёрдамларини бераяпти. Бир неча мамлакатлар билан ҳамфикр бўлиб, дунё халқлари бошига тушган бу офатни биргалашиб енгиш чораларини излаяпти.

"Биз қанчалик меҳрибон ва мурувватли бўлиб борар эканмиз, атрофдагилар ҳам бизга шунчалик меҳр билан муносабатда бўла бошлайди", деган экан донолардан бири.

Ҳар кандай оғир кунларни ҳам кенгашиб, жипслашиб, маьнавиятдан куч олиб, енгиб ўтган аждодларнинг давомчиларимиз. Олдинда турган кўп яхши кунларни биргалашиб нишонлаймиз. "Эр бошига иш тушса, этик кийиб сув кечар", деган мақол бор халқимизда. Матонат билан бу синовлардан ўтиб, гўзал ҳаётни авлодларга колдирайлик.

Юртимизда ҳамиша сокин, гўзал тонглар отаверсин.


Фароғат САТТОРОВА,

 

Жиззах вилоят мусулмонлари идораси бош имом хатибининг хотин-қизлар масалалари бўйича ўринбосари.

"Дўстлик" ордени соҳибаси.


Ижтимоий тармокларда улашинг

Фейзбукда изоҳ қолдиринг

Мавзуга оид