Ер юзидагиларга раҳм қил

Ер юзидагиларга раҳм қил

imon.uz 2024-01-05 01:31:29 210

 Қубайса ибн Жобирдан ривоят қилинади:

«Умар шундай деди:

«Ким раҳм қилмаса, унга ҳам раҳм қилинмайди.

Ким бировни кечирмаса, у ҳам кечирилмайди.

Ким бировни афв қилмаса, у ҳам афв қилинмайди.

Ким бировни бирор нарсадан сақламаса, уни ҳам биров бирор нарсадан сақламайди».

Шарҳ: Қубайса ибн Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган бу ҳадис аввалги ҳадиснинг айнан ўзи. Бироқ раҳмга даъват қилингани учун такрор келтирилибди.


373. Муовия ибн Қурра отасидан ривоят қилади:

«Бир киши:

«Эй Аллоҳнинг Расули! Мен қўй сўйсам, унга раҳм қиламан ёки қўйга раҳмим келганидан сўя олмайман», деди.

«Сен қўйга раҳм қилган бўлсанг, Аллоҳ сенга раҳм қилади», деб икки марта айтдилар».

Шарҳ: Демак, нафақат инсонга, балки ҳайвонга кўрсатилган раҳм-шафқат ҳам вақти келганда Аллоҳ таолонинг раҳм-шафқатига сабаб бўлар экан.

Шунинг учун нафақат инсон зотига, балки ҳайвонот оламига, наботот оламига ҳам раҳм-шафқатли бўлиш, уларни қийнамаслик, қийналган бўлса, қийноқдан озод этиш, уларга озор бермаслик мўмин-мусулмонларнинг одобларидан ҳисобланади.

Бундай амални қилган одамга Аллоҳ таолонинг Ўзи раҳм қилади, унга Аллоҳ таолонинг раҳм-шафқати, меҳрини қозониш насиб бўлади. Бу жуда улуғ нарса.

374. Абу Ҳурайрадан ривоят қилинади:

«Мен содиқул масдуқ Абулқосим Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг «Раҳмат фақат бадбахтдангина суғуриб олинади», деганларини эшитдим».

Шарҳ: Фақат ҳақиқий бахтсиз, бадбахт инсондагина раҳм-шафқат бўлмайди. Раҳм-шаф­қат бошқа барча инсонларда бўлади.

Кимда раҳм-шафқат бўлмаса, бу унинг бахтсизлиги, бадбахтлиги аломати бўлади.

Кимнинг мўмин-мусулмонлиги ҳақиқий бўлса, унда албатта раҳм-шафқат бўлади.

Бундай шафқат умумий бўлиб, инсон зотига, ҳайвонотга, набототга, раҳм-шафқатга муҳтож бўлган ҳар қандай нарсага тааллуқлидир.

Аллоҳ таоло ана шу раҳм-шафқатни мўмин-мусулмонларга раво кўрган экан. Уни фақат бадбахт инсондангина суғуриб олиб, уни бераҳм, бешафқат бир жонзотга айлантириб қўяр экан. Бундан Аллоҳ таолонинг Ўзи сақласин.

375. Жарийрдан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким одамларга раҳм қилмаса, Аллоҳ унга ҳам раҳм қилмайди», дедилар».

Шарҳ: Демак, одамларга раҳм қилмаган одам Аллоҳ таолонинг раҳматидан умидвор бўлиши мумкин эмас экан.

Аксинча, «мафҳумул мухолафа» қоидасига биноан, одамларга раҳм қилган одам Аллоҳ таолонинг раҳматидан умидвор бўлиши мумкин.

Иншааллоҳ, одамларга кўрсатилган раҳм туфайли Аллоҳ таолонинг раҳматига, шафқатига сазовор бўлиш мумкин.


Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф

  (Одоблар ҳазинаси китобидан)

Ижтимоий тармокларда улашинг

Фейзбукда изоҳ қолдиринг

Мавзуга оид