ФОТИҲА СУРАСИНИНГ НОЗИЛ БЎЛИШИ.

ФОТИҲА СУРАСИНИНГ НОЗИЛ БЎЛИШИ.

imon.uz 2025-01-03 11:28:13 263

Бу суранинг нозил бўлиши ҳақида уламолар ихтилоф қилишган. Абу Майсара розияллоҳу анҳу айтади: «Расулуллоҳ соллаллоҳуалайҳи ва саллам ташқарига чиқсалар, «Эй Муҳаммад», деган нидони эшитар эдилар. Буни эшитиб, қўрқиб орқага қайтардилар. Шунда Варақа ибн Навфал у зотга: «Агар нидони эшитсанг, жойингда туриб, нима демоқчилигини кут», деди. Кейин у зот яна «Эй Муҳаммад» деган нидони эшитганларида «Лаббайка», дедилар. Нидо қилувчи: «Ашҳаду алла илаҳа иллаллоҳу ва ашҳаду анна Муҳаммадар росулуллоҳ», дегин ва «Алҳамду лиллаҳи роббил ъаламин...», деб айт», деди. Булар Али ибн Абу Толибнинг сўзидир.

Кўпчилик уламоларнинг фикрича, Фотиҳа сураси Маккада нозил бўлган. Ибн Аббос розияллоҳу анҳумо айтади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Маккада турганларида «бисмиллаҳ»ни айтиб, Фотиҳа сурасини ўқирдилар. Шунда Қурайш: «Аллоҳ оғзингни юмсин», деди ёки шунга ўхшаш гапни айтишди». Буни Ҳасан ва Қатода ҳам ривоят қилишган.

Мужоҳиднинг фикрича, Фотиҳа сураси Мадинада нозил бўлган. Ҳусайн ибн Фазл айтади: «Ҳар бир олим ҳам янглишади. Бу Мужоҳиднинг хатосидир. Чунки у бу сўзи билан яккаланди. Уламолар эса бунинг аксини айтадилар».

Бунинг маккий сура эканига қатъий далил ушбу оятдир:

«Дарҳақиқат, биз сизга етти такрорланувчини (яъни, «Фотиҳа» сурасини) ва улуғ Қуръонни бердик» (Ҳижр, 87).

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу айтади: «Расулуллоҳга соллаллоҳу алайҳи ва саллам Убай ибн Каъб Уммул Қуръон (яъни, Фотиха)ни ўқиб бердилар. Шунда у зот: «Нафсим измида бўлган Зотга

қасамки, Аллоҳ на Тавротда, на Инжилда, на Забурда ва на Қуръонда бу кабини нозил қилган. Албатта, у етти такрорланувчи ва менга берилган улуғ Қуръондир», дедилар».

Ҳижр сураси, шубҳасиз, маккийдир. Энди Аллоҳ Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга Маккада ушбу оятни нозил қилиб, анча вақтдан кейин Мадинада Фотиҳа сурасини тушириши мумкин эмас. Яна Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шунча йил Маккада туриб, Фотиҳа сурасисиз намоз ўқиб юрганлари ақлга сиғмайди.


«Оятларнинг нозил бўлиш сабаблари» китобидан.

Ижтимоий тармокларда улашинг

Фейзбукда изоҳ қолдиринг

Мавзуга оид