Ғийбатнинг тақсимлари

Ғийбатнинг тақсимлари

imon.uz 2023-12-29 02:42:22 551

Олтинчи тақсим

Айблов воситасига қараб ғийбат беш қисмга бўлинади:

1. Тил билан ғийбат қилиш.

Ҳикоя. Баъзи кишиларга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Хилол қилинглар, яъни тишларингиз орасини тозалаб ташланглар», дедилар. Улар: «Эй Аллоҳнинг Расули! Биз бугун таом емаган эдик», дейишди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Мен тишларингиз орасида фалончининг гўштини кўряпман», дедилар. Дарҳақиқат, улар айтилган ўша кишини ғийбат қилишган эди.[1]

Ҳикоя. Бир одам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларидан туриб кетгач, бошқа бир киши уни ғийбат қилди. Шунда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам унга: «Хилол қил (тишинг орасидаги нарсани чиқариб ташла)», дедилар. У: «Гўшт емаган бўлсам, нима учун хилол қилайин, яъни тишим орасидан нимани чиқариб ташлайин?» деди. У зот: «Сен биродарингнинг гўштини единг», дедилар.[2]

2. Қулоқ ғийбати. Биров ҳақидаги ғийбатни эшитиш ва унинг тарафини олмасдан жим туриш ҳам уни қулоқ билан ғийбат қилиш бўлади.

Шайх Саъдий шундай дейдилар:

Туро онки чашму даҳан дод-у гўш,

Агар оқилий дар хилофаш макўш.

Назмий маъноси:

 

Кўзу қулоқ, оғиз берган Зотга сен,

Оқил бўлсанг, ҳаргиз исён этмагин.

 

Насрий маъноси: Ақлинг бўлса, сенга кўз, оғиз, қулоқ берган Зотга – Аллоҳга (бу аъзоларни ноўрин ишлатиш билан) қарши чиқма, осийлик қилма.

Ҳадис. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: «Сен бор жойда бирор киши ғийбат қилинса, сен (тарафини олиш, ҳимоя қилиш ёки мақташ билан) у кишига ёрдамчи бўлгин, (ғийбат қилувчи) қавмни ғийбатдан қайтаргин ва (шунда ҳам улар ғийбатдан тўхтамасалар) ўша ўтиришдан туриб кетгин».[3]

Ҳикоя. Маймун ибн Сиёҳ[4] раҳимаҳуллоҳ шундай нақл қилади: «Бир куни ухлаб ётсам, тушимда бир қора танли ҳабашнинг ўлиги келтирилди. Кимдир менга: «Буни егин» деди. Мен: «Эй Аллоҳнинг бандаси, нега буни ейман?» дедим. У: «Фалончининг ходимини ғийбат қилганинг учун», деди. Мен: «Аллоҳга қасамки, мен унинг бирор яхши ёки ёмон сифатини зикр қилмадим», деб айтдим. У одам: «Лекин сен қулоқ солдинг ва рози бўлдинг, яъни тилинг билан ғийбат қилмаган бўлсанг ҳам, уни эшитиб, рози бўлиб, жим ўтиравердинг», деди».

Шундан кейин Маймун ибн Сиёҳ ҳеч кимни ғийбат қилмайдиган ва ҳузурида бошқаларга ҳам бировни ғийбат қилишларига йўл қўймайдиган бўлди.[5]

Иншааллоҳ, ғийбатга қулоқ солиш масаласига иккинчи бўлимда батафсил тўхталиб ўтамиз.

3. Қалб ғийбати. Қалб ғийбати деганда биров ҳақида ёмон гумон қилиш, яъни бирор белги ва сабаблар бўлмай туриб, солиҳ, мусулмон киши ҳақида дилда ёмон гумон туғдириш тушунилади. Иншааллоҳ, ёмон гумон қилиш баёни ҳам қуйироқда келади.

4. Аъзолар билан ғийбат қилиш. Аъзолар билан ғийбат қилиш – бу бирор кишининг айбини одамларга қўл, кўз ва бошқа аъзолар билан ишора қилиб кўрсатишдир. Масалан: мажлисдан туриб кетган кишининг қандайдир айбини билдириш учун қўл билан ишора қилиш ёки кўз билан ортидан кинояли қараш, ёхуд лабни қимирлатиш, ё бўлмаса мажлисда биров мақталаётганда (бу мақтов тўғри эмас дегандек) бўйинни қимирлатиш ва ҳоказо.

Ҳикоя. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига бир паст бўйли аёл келди. У кетганидан сўнг Оиша розияллоҳу анҳо қўллари билан унинг бўйи паст эканига ишора қилдилар. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Эй Оиша, сен уни ғийбат қилдинг», дедилар.[6]

Ҳадис. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Мусулмон киши учун ўз биродарига озор берадиган назар билан ишора қилиш ҳалол эмас», дедилар.[7]

Оят. Аллоҳ таоло: «Ҳар бир ҳумаза ва лумазага вайл бўлсин»[8] деб огоҳлантирган. Муфассирлар «ҳумаза» ва «лумаза» сўзларининг маъноси ҳақида турли фикрлар айтганлар. Байҳақий Ибн Журайждан келтирган ривоятда «Ҳумаза – одамларга кўзи ва қўли билан, лумаза эса тили билан озор берадиган кишидир», дейилади. Имом Суютий ҳам «Ад-Дуррул мансур»да шу ривоятни нақл қилган. Бағавий Суфён Саврийдан: «Ҳумаза – одамларга тили билан таъна қиладиган, лумаза эса кўзи билан ишора қилиб озор берадиган кишидир», деган қавлни келтиради. Сулаймон Жамал «Тафсири Жалолайн»га ёзган ҳошиясида Ибн Кайсондан: «Ҳумаза – суҳбатдошига ёмон сўзи билан, лумаза эса кўзи, қоши ёхуд боши билан кинояли ишора қилиб, озор берадиган кишидир», деган гапни келтирган. Бу оят ҳақида, иншааллоҳ, яна тўхталиб ўтамиз.

Ҳикоя. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай марҳамат қилдилар: «Мен меърожга олиб чиқилганимда териси оловли қайчи билан кесилаётган бир неча кишиларни кўриб, Жаброил алайҳиссаломдан «Булар кимлар?» деб сўрадим. Жаброил алайҳиссалом: «Булар зино учун зийнатланганлар», деди. Кейин ичидан қаттиқ овозлар эшитилиб турган бадбўй қудуқ ёнидан ўтиб, Жаброил алайҳиссаломдан: «Булар кимлар?» деб сўрадим. У: «Булар зино учун зийнатланган ва ўзига ҳалол бўлмаган ишни қилган аёллар», деб жавоб берди. Сўнг кўксидан осиб қўйилган эркак ва аёллар ёнидан ўтдим. «Эй Жаброил, буниси кимлар?» деб сўраган эдим, «Булар ҳумаза ва лумазалар», деб жавоб берди.[9]

5. Қалам билан ғийбат қилиш. Қалам билан ғийбат қилиш деганда бировнинг айбини бошқа бирор кишига хатда ёзиб жўнатиш ёки ахборот воситаларида босиш ёки бостириш, таҳқирлаш мақсадида ўз китобида замондошларининг айбларини кўрсатиш кабилар тушунилади.

Эслатма. Имом Ғаззолий раҳматуллоҳи алайҳ ўзининг «Иҳёу улумид-дин» номли китобида, Сафурий «Нузҳатул мажолис»да, Фақиҳ Абу Лайс «Танбеҳул ғофилин»да ва Офандий ўзининг «Сийрати Аҳмадия»сида ғийбат турлари ҳақида жуда қисқа ёзганлар. Мен одамлар фойдаланиши ва залолат йўлидан ҳидоят йўлига юришлари учун бу баҳсларни кенгроқ тафсилоти билан ёздим. Энди учинчи бобга ўтсак ҳам бўлаверади, чунки айтиб ўтилган тафсилот зийрак киши учун кифоя қилади. Зеро, шоир айтади:

Нахоҳам дарин навъ гуфтан басе,

Ки ҳарфе бас ар кор бандад касе.

 

Назмий маъноси:

 

Бул хусусда ортиқ сўзламам абас,

Амал қилгувчига бир сўз етар, бас.

 

Насрий баёни: Бу борада мен кўп гапирмоқчи эмасман, чунки амал қилмоқчи бўлган киши учун бир ҳарф ҳам етарлидир.

«?Ғийбат ўзи нима»

 Муҳаммад Абдулҳай Лакҳнавий

Таржимон: Ёрқинжон Фозилов


[1] Суютий «Ад-Дуррул мансур»да Абд ибн Ҳумайддан нақл қилган.

[2] Мунзирий «Ат-Тарғиб ват-тарҳиб»да Табаронийдан нақл қилган.

[3] Суютий «Ад-Дуррул мансур»да Ибн Абу Дунёдан ривоят қилган.

[4] Маймун ибн Сиёҳ ал-Басрий. Куняси Абу Баҳр. Жундуб ибн Абдуллоҳ ал-Бажалий, Анас ибн Молик, Хасан Басрий ва Шаҳр ибн Ҳавшаб розияллоҳу анҳумлардан ҳадис ривоят қилган («Таҳзибут-таҳзиб»).

[5] Бағавий, «Маъолимут-танзил».

[6] Суютий «Ад-Дуррул мансур»да Байҳақийдан ривоят қилган.

[7] Ибн Муборак, «Зуҳд» китоби, 689-ҳадис; имом Ғаззолий, «Иҳёу улумид-дин».

[8] Ҳумаза сураси, 1-оят.

[9] Мунзирий, «Ат-Тарғиб ват-тарҳиб».

Ижтимоий тармокларда улашинг

Фейзбукда изоҳ қолдиринг

Мавзуга оид