Гўзал хулқ инсоний фазилатларнинг олийсидир

Гўзал хулқ инсоний фазилатларнинг олийсидир

imon.uz 28-05-2020 546

Гўзал ахлоқда ислом оламига намуна бўлган Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ўз умматларини доимо ҳусни хулқга, хуш муомалага, ўзаро меҳр-оқибатга, катталарга иззат-ҳурмат, кичикларга эса раҳм-шафқатли бўлишга, ўзгани айб-нуқсонларини ва саҳв-хатоларини кечириш каби гўзал ахлоқлар билан зийнатланишларига чақирганлар. Пайғамбаримиз алайҳиссалом ўзлари биринчи даражадаги ахлоқ соҳиби бўлганлар. Зеро Аллоҳ таоло Қалам сурасининг 4-оятида:  “Албатта, Сиз буюк хулқ узрадирсиз!”, деб марҳамат қилган.

 Динимиздаги барча ибодатларнинг негизи ва моҳияти гўзал ахлоқдир. Намоз, рўза, закот, ҳаж ва бошқа ибодатларнинг мукаммал ва Аллоҳнинг ҳузурида мақбул бўлишида гўзал ахлоқ асосий ўрин тутади. Чунки, иймон барча гўзал ахлоқларни ўзида мужассам этади. Мусулмон кишининг гўзал ахлоқи унинг соғлом эътиқоди ва иймонининг комиллигига далолат қилади. Бу ҳақда Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам:

 “Мўминларнинг ичида энг имони комили хулқи чиройли бўлганидир. Сизларнинг яхшиларингиз аёлларига яхши хулқ билан муносабатда бўладиганингиздир”, деганлар. Имом Термизий ривояти.

Ўзидан заифларга чиройли муомалада бўлиш энг яхши мўъминлар қаторига кириш ҳисобланади. Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Пайғамбар алайҳиссалом:  “Сизларнинг менга суюклироғингиз ва қиёмат куни менга яқинроғингиз ахлоқи гўзалларингиздир”, деганлар. Имом Термизий  ривояти.

Ҳусни хулқ эгасидан доимо яхшилик кутилгани сабаби у инсондаги барча фазилатларнинг энг олий ва афзалидир. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам инсонларни жаннатга киришларига кўпроқ сабаб бўладиган нарса ҳақида сўралдилар. Шунда У зот “Аллоҳга тақво қилиш ва ҳусни хулқли бўлиш” - деб жавоб бердилар, Имом Термизий  ривояти.

Ибни Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинган ҳадисда эса, инсон чиройли хулқи сабаб охиратда улуғ даражаларга эришиши баён қилинган. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: Албатта, банда чиройли хулқи сабабли охиратда улуғ даражаларга эришади. Чиройли хулқ, худди сув музни эритгани каби, гуноҳларни йўқотади, ёмон хулқ эса, худди сирка асални бузгани каби, амални бузади”, деганлар Имом Табароний ривояти.

Абдуллоҳ ибн Муборак раҳматуллоҳи алайҳ гўзал хулқни: “Очиқ юзлилик, яхшилик қилиш ва азият беришдан тийилиш” дея таърифлаганлар.

Ҳазрати Али каррамаллоҳу важҳаҳу: “Гўзал хулқ учта хислат билан ҳосил бўлади: ҳаромдан тийилиш, ҳалолни излаш, аҳлига бағрикенглик қилиш”, деганлар. 

Саҳл ибн Тустарий раҳматуллоҳи алайҳдан гўзал хулқ ҳақида сўрашганда: “Гўзал хулқнинг энг қуйи даражаси машаққатларни кўтариш, мукофотдан кечиш, золимга раҳм-шафқат қилиб, уларга мағфират тилаш”, дедилар.

Юқоридаги ҳадиси шариф ва уламолар ўгитларидан хулоса қиладиган бўлсак, инсон чиройли хулқларга одатланиши ва ёмон хулқларни тарк этиши бу динимизнинг асоси  ва Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг асосий ўгитларидир. Чиройли хулқлар инсонни дунё ва охиратдаги мартабасини баланд қилади, ризқини кенг қилади. Ёмон хулқ эса икки дунёда ҳам хорлик ва надоматга сабаб бўлади.

 

Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг

 Жиззах вилоят вакиллиги матбуот

котиби Усмонали ОРАЛОВ

Ижтимоий тармокларда улашинг

Фейзбукда изоҳ қолдиринг

Мавзуга оид