Ҳалол ва ҳаром ҳақидаги ўн битта қоида

Ҳалол ва ҳаром ҳақидаги ўн битта қоида

imon.uz 19-01-2020 894

Ҳалол ва ҳаром ҳақида бир қанча оят ва ҳадислар бор. Лекин ҳалол ва ҳаром ҳақидаги доим кўз олдимизда бўлиши лозим бўлган куллий қоидаларни ўрганишимиз ҳам манфаатдан ҳоли эмас.

Автауловлар учун тормозларни ўрнатиш, уларга юришда халақит бериш учун эмас, балки хавфли ва муҳтож бўлган ҳолатда фойдаланиш учун қўйилганлигидек, ҳаром амаллар озодлигимизни чеклаш учун эмас, балки саломатлигимиз ва саодатимиз кафилдир.

1.     Нарсалардаги асл ҳукум мубоҳлик:

Аллоҳ таоло “Жасия” сурсини 13-оятида шундай деган:

“У ўз томонидан сизларга осмонлардаги ва Ердаги барча нарсаларни бўйин сундирди. Албатта, бунда тафаккур қиладиган қавм учун аломатлар бордир”.

Бу нарсалар бизга бўйин сундирилган, улардан фойдаланиш мубоҳ. Қатъий далилсиз ҳеч-бир нарса ҳаром бўлмайди.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар:

“Аллоҳ китобида ҳалол қилган нарса ҳалол, ҳаром қилган нарса ҳаром, сукут қилган нарса афу, Аллоҳдан офиятни сўранглар, чунки Аллоҳ эсдан чиқаргувчи эмас,-дедилар сўнг бу оятни ўқидилар: “Парвардигорингиз унутувчи эмасдир”. (Абу Довуд ривояти).

Шариъат баъзи нарсаларни ҳалол қилди, уларга амал қилиш  Алоҳга яқинлаштиради. Баъзи нарсаларни ҳаром қилди, буларни бажариш  Аллоҳдан тўсади. Баъзи нарсалардан сукут қилди, яъни бетараф амаллар. Уларнинг ижобий ҳам, салбий ҳам тасири йўқ. Шариъат сукут қилган ҳар-бир нарсани ўзига хос ҳикмати бор.

2.Ҳалол ва ҳаром ҳукмини бериш ёлғиз Аллоҳнинг ҳаққи:

Инсониятнинг иши Роббисидан келган амр ва наҳийни қабул қилиш. Дин ва ақоид ишларига аралашиш башариятнинг иши эмас.

Инсоният борлиқдаги энг гўзал, мураккаб мавжудот, бу мавжудотнинг Яратгувчиси ва У Зотнинг аниқ услуби бор. Инсоният саломатлиги ва саодати бу услубга эргашишда.

Шариъатни қоим қилгувчи Аллоҳ. Аллоҳ ҳалол қилган нарса ҳалол, ҳаром қилган нарса ҳаром. Аллоҳ таоло “Моида” сурасининг 87-оятида:

“Эй иймон келтирганлар! Аллоҳ сизга ҳалол қилган пок нарсаларни ҳаром қилмангиз. Ҳаддингиздан ошманг. Албатта, Аллоҳ ҳаддидан ошувчиларни севмас”, деб амр қилган.

3.     Ҳалолни ҳаромга, ҳаромни ҳалолга ҳукм қилиш катта гуноҳдир

Қандай қилиб Аллоҳ ҳаром қилган нарсага ҳалол, ҳалол қилган нарсага ҳаром ҳукмини берамиз?! Инсон Аллоҳ ҳаром қилган нарсани ҳалол қилишга, ҳалол қилган нарсани ҳаром қилишга журат қилган пайтида, катта гуноҳга ботади.

4.     Ҳалол ва ҳаром шанида

Албатта ҳалол покдир ва ҳаром нопокдир. Ҳалол фитратга муофиқ бўлиб у билан нафс роҳатланади, хурсанд бўлади, бахт ва саодат топади. Ҳаром билан нафс хорланади ва бадбахт бўлади.

Масалан: Бир киши бир аёлга совчи қўйиб уйланди.  Одамларга эълон қилиш учун сурнайлар чалиб тўй, тантана қилди. Келганлар уни табриклашдилар ва ҳадиялар беришди. Вақти соати билан аёли фарзандли бўлди. Яна хурсандчилик, яқинларининг табриклари, янги чақалоқнинг ҳаққига дуолар қилинди.

Кечаси тахминан соат тўртларда ташқарига чиқсам, ерда ётган бир нарса ҳаёлимни бўлди, қарасам қоп, унда латтага ўралган бола бор экан. Кимдир биров боласини шу аҳволда ташлаб кетибди. (Бу воқеани бир киши айтиб берган).

 Буни эшитганимда ўзимча, туғилганида яқинлари тантана қилган бола ва латтага ўраб, қопнинг ичига солиб, кўчага ташлаб кетилган боланинг ўртасини таққосладим. Чунки  аввалгиси пок Аллоҳнинг услубига муофиқ бажарилган амал, иккинчиси эса напок шайтонга эргашиш оқибатида ҳосил бўлган  иш эди. Ҳалол пок, ҳаром нопок, деган сўзнинг мисоли шудир.

5.     Ҳалол ҳаромдан беҳожат қилади

Исломда мутлоқ маҳрум бўлиш йўқ ҳалол ҳаромдан беҳожат қилади. Аллоҳ инсонга жойлаб қўйган ҳар-бир хохиш учун у оқадиган покиза ирмоқ қилиб қўйган. Масалан: Бир аёлни хоҳлаяпсанми? Уйлан унга. Ёки бир молни хоҳлаяпсанми? Ҳалол ишла ва унга тўғри йўл билан эриш.

6. Ҳаромга олиб борадиган нарса ҳам ҳаром

Бу жуда нозик қоида.  Аллоҳ таҳоратни намоз қабул бўлишига восита бўлгани учун фарз қилганидек, нимани ҳаром қилган бўлса унга воситачилик қилаётган нарса ҳам ҳаромдир.

Масалан бино қуриш мубоҳ амал. Лекин ким гуноҳ амаллар қилиб дилхушлик қилиш мақсадида бирор бино қурадиган бўлса. Унга ҳам шу уйда қилинаётган гуноҳлардан насиба бордир.

Чунки ҳаромга олиб борадиган нарса ҳам ҳаромдир.

7.     Ҳаромга ҳийла қилиш ҳам ҳаром

Бунга соҳиллардан чуқур кавлаб, шанба куни тушган балиқларни қамаб, базор куни овлаган Бани Исроилнинг ҳолатини эслаш кифоя.

Хозирги кунда мусулмонларнинг ҳаётидаги шаръий ҳийлаларнинг аксари фақат исмини ўзгартиш орқали бўлаяпди.

Масалан автамабилни минг динорга сотиб олиб, ўша вақтнинг ўзида эгасига саккиз юз динорга нақдга сотади ва ўзига минг динор қарз ёздиради. Саккиз юз пули бор одам пулини фойдасиз бергиси келмайди, шунинг учун бу ерда ҳийла ишлатиб саккиз юзни минг қилиб берасан дея олмасдан, буни мингга сотади буниси уни мингга насия сифатида олиб ўша заҳоти нақдга саккиз юзга сотади. Аслида бу ҳийла билан қарз олиш бўлаяпди. Мол эгаси молини ўзи саккиз юзга сотиб олаяпди. Бу ҳаромни ҳалол қилишга уриниш

8.     Яхши ният ҳаромни покламайди

Шариъат ҳаром қилган нарсани савдо қилиб, фойдасини етимларга берамиз десак, бу ниятимиз ҳаромни ҳалолга айлантириш ҳийлаларидан бири бўлади. Бу каби ниятлар билан ҳаром ҳалолга айланиб қолмайди.

Аллоҳ таоло “Намл” сурасининг 19-оятида: “Ўзинг рози бўладиган яхши амалларнигина қилишга мени муваффақ этгин!», деган.

Аллоҳ рози бўладиган солиҳ амал, суннатга муофиқ ва холис Аллоҳнинг розилиги талаб қилинган амалдир.

9.     Шубҳалардан сақланиш авлодир

Ҳаром амаллар аниқ зино, қотиллик, хамр, ўғирлик каби. Ҳалол ҳам равшан, тоат, намоз, рўза, ҳаж, закот каби. Иккаласининг ўртасида шубҳалар бор. Мушкул мана шунда, кўп инсонлар буни билмайдилар. Бу ўринда илм аҳлига муҳтож бўламиз. Аллоҳ таоло айтади:

“Агар билмасангиз, зикр аҳлидан сўранг”. (Наҳл сураси 43-оят)

Шубҳалар бир жиҳатдан ҳалолга, бир жиҳатдан ҳаромга ўхшайди.

Бир чуқур анҳор, унинг бир соҳили тайғоқ ва қия, бу соҳили эса қуруқ ва текис. Қуруқ ва текис соҳил ҳалол ёки ҳаром, тайғоқ ва қия соҳил, шубҳа. Агар тайғоқ қия соҳилга юрсак анҳорга тушиб кетишимиз мумкин. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам:

“Ҳалол ва ҳаром аниқ, иккаласининг ўртасида шубҳалар бор. Ким дини ва обрўйини сақлаш учун уларни қилмаса саломат бўлади ва ким улардан бирини қилса ҳаромга дучор бўлиши мумкин”, деганлар.(Бухорий ривояти)

10.                        Ҳаром ҳаммага бирдек ҳаром

Шаръий ҳукмлар ҳеч кимдан соқит бўлмайди ёки бир инсон ёлғиз ўзига хослнмайди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам:

“Силардан олдингилар, ораларидан ҳурматли, обрўлилари ўғирлик қилса жазоламай, бечора, заъифлари ўғирлик қилса ҳад урганлари учун ҳалок бўлдилар. Аллоҳга қасамки агар Муҳаммаднинг қизи Фотима  ўғирлик қилса ҳам албатта қўлини кесаман”, деганлар. (Бухорий, Муслим, Абу Довуд, Термизий, Насаий ривояти)

11.                       Ҳалол ва ҳаромнинг қоидаси

Минглаб ҳаром қилинган ва минглаб ҳалол қилинган ҳукумлар бор, лекин буларнинг ҳалол ёки ҳаромлигини қандай қоида билан биламиз? Ҳаромларнинг барча навларини ўрганишнинг имкони борми? Саволига жавоб қуюдагича:

Қайси бир манфаъат, зарарнинг устига қурилса у ҳаром. Қайси бир манфаъат, фойданинг устига қурилса у ҳалол. Ўғирлик ўғрига фойдали лекин ўғирланган кишининг зарарига бино қилинган. Бошқа шаҳардан маҳсулот олиб келиб, олган нархимиздан қимматроқга сотиб фойдалансак ҳеч кимга зарари йўқ. Демак бу ишимиз ҳалол.

Тутун ҳаромлигига нима далил? деб сўраган кишига, тутинни соғликга зарарлиги илмий собит бўлмаганми? Десак. У ҳа дейди. Ундай бўлса у ҳаром, унга далил бу оят деймиз: Аллоҳ таоло айтди:

У (пайғамбар) уларни яхшиликка буюради ёмонликдан қайтаради ва пок нарсаларни ҳалол қилиб, нопок нарсаларни уларга ҳаром қилади”

 

Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг

 Жиззах вилоят вакиллиги матбуот

котиби Усмонали ОРАЛОВ

Ижтимоий тармокларда улашинг

Фейзбукда изоҳ қолдиринг

Мавзуга оид