Ҳаворижлар кимлар?

Ҳаворижлар кимлар?

imon.uz 03-07-2021 362

Барчамиз биламизки, хаворижлар ҳазрати Алий розияллоҳу анҳу даврида чиққан бўлса ҳам, лекин Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам улар ҳақида ишора айтиб кетганлар. Ўша ҳадиси шарифни ўқиймиз. Бу ҳадисни имом Бухорий ҳам, имом Муслим ҳам Абу Саид Худрий розияллоҳу анҳудан ривоят қилгани учун муттафақун алайҳ дейилади. Бу энг ишончли ҳадислардан бўлиб, ундаги воқеа асли Ҳунайн ғазотидан кейин бўлган.    

Абу Саид Худрий розияллоҳу анҳу айтяптилар: «Пайғамбар алайҳиссалом ғазотидан тушган ўлжаларни тақсимлаётганларида Бану Тамим қабиласидан Абдуллоҳ ибн Зулҳувайсира деган бир одам келиб, қўполлик билан «Эй Аллоҳнинг Расули! (бошқа бир ривоятда «Эй Муҳаммад!) Адолат қил!» деди. Пайғамбар алайҳиссалом: «Шўринг қурсин, мен адолат қилмасам, бошқа ким адолат қилади?» дедилар, яъни менки адолат қилмайдиган бўлсам, шўринг қурийди-ку деган маънода шундай дедилар. Умар розияллоҳу анҳу бу беҳурматликка чидай олмай, «Рухсат беринг, эй Аллоҳнинг Расули, бўйнини чопай!» дедилар. Пайғамбар алайҳиссалом эса «Тек қўй уни, тегма. Қачон мусулмонлар ихтилофга юз тутса, мана шундайларнинг авлоди, бунга ўхшаганлар авлоди пайдо бўлади. Улар ўзларининг намози билан сизларнинг намозларингизни масхара қилади, ўзининг рўзаси билан сизларни рўзаларингиз устидан кулади (яъни ўзларининг намозини, рўзасини олий санаб, сизларнинг намоз-рўзаларингни менсимайди), сизларни намозу рўзаларинг уларнинг намози, уларнинг рўзасини олдида гўёки ҳеч нарса бўлмай қолади. Улар ҳам Қуръон ўқийди, лекин уларнинг Қуръони ҳалқумидан нарига ўтмайди. Улар диндан худди ўқ бориб, ҳайвонга тегиб, уни тешиб ўтгандек тез чиқиб кетади», дедилар.    

Бу ҳадиси шарифнинг охирги жумласи кўп йиллар давомида «Камондан ўқ отилгандек чиқиб кетади» деб, нотўғри таржима қилиб келинарди. Биз ҳам мадрасада ўқиганимизда нотўғри таржимада ўқиганмиз. Лекин аслида бу ерда ўқнинг камондан учиб чиқиши эмас, ўқнинг овланаётган ҳайвонни тешиб ўтиб келиши ҳақида айтилган. Ўқнинг тезлиги катта бўлгани учун уни тешиб, нариёғидан чиқиб кетади.

Ҳадисдаги жумланинг тўғри таржимаси ана шундай экан. Демак, булар иймондан, диндан жуда тез чиқиб кетар экан.      Пайғамбар алайҳиссалом бу ҳадиси шарифда хаворижлар ҳақида хабар беряптилар. Уларнинг бошлиғи ана шу Зулҳувайсира эди. Сурбетликни, гумроҳликни қарангки, тўғри келиб, оламларга раҳмат бўлиб келган Пайғамбар алайҳиссаломга «Адолат қил», деяпти!      

Ҳадисдан билишимиз керак бўлган нуқта шуки, одамлар ихтилофга кириб бошлаган пайтда мана шундайлар чиқар экан. Улар ўзининг намозу рўзалари билан сизу бизни масхара қилар экан, Қуръон ўқир экан, лекин бу Қуръон уларнинг ҳалқумидан нарига ўтмайди, диндан эса ўқ овни тешиб ўтгандек тез чиқиб кетади. Пайғамбар алайҳиссалом уларнинг аниқ белгиларини ҳам айтиб бердилар: уларнинг орасида бир қора одам бўлади, бир тирсаги худди аёл кишининг кўкрагидек бўлади. Эътибор берайликки, бундайлар айнан одамлар ихтилофга юз тутган пайтда пайдо бўлади, дейиляпти.    

Мана шу мазмунда бир қанча ҳадиси шарифлар келган экан, уларнинг матнидаги лафзлар фарқли келган бўлиб, муҳаддисларнинг умумий хулосалари ҳам келтирилган. Зулҳувайсира хаворижларнинг биринчи чиққан вакили бўлган, у мунофиқ эди, Пайғамбар алайҳиссалом унинг мунофиқлигини билардилар, лекин ҳазрати Умарга уни мунофиқ деб айтмаяптилар, балки у намоз ўқийди, рўза тутади деяптилар.    

Бошқа бир ривоятда бир саҳоба шундай дейди: «Мен Пайғамбар алайҳиссаломнинг бу одам ҳақида айтган гапларини ўз кўзларим билан кўриб, ўз қулоқларим билан эшитдим. Кейинчалик, ҳазрати Али розияллоҳу анҳунинг даврларида у киши ўшаларни қандай ўлдирганларига ҳам гувоҳ бўлдим, чунки мен у кишининг қўшини орасида эдим. Ўшанда айнан Пайғамбар алайҳиссалом сифатлаган белгилари бор одамни олиб келишди».      

Мулла Алий Қори раҳматуллоҳи алайҳ ўзларининг машҳур «Мирқотул мафотиҳ» китобларида шундай деганлар: «Ўша кимса ҳақида Қуръони Каримда ўлжалар, садақа моллар бўйича сизни масхара қиладиган баъзилар бор деган маънодаги оят нозил бўлди. Унинг исми Зулҳувайсира эди, Бану Тамим қабиласидан эди, мунофиқлардан эди».        

Ҳадиси шарифдаги хаворижларнинг Пайғамбар алайҳиссаломга муносабатига эътибор берайлик. Уларнинг каттаси Зулҳувайсира Аллоҳнинг Расули соллаллоҳу алайҳи васаллам га «Адолат қил!» деяпти, бетгачопарлик қиляпти, Пайғамбар алайҳиссаломнинг юзларига тик қараяпти, одобсизлик қиляпти. Бундайлар ҳеч кимни менсимайди.

Бугунги куннинг хаворижлари ҳам худди шундай. Хаворижлар саҳобаи киромнинг даврида пайдо бўлган эди, лекин бирорта саҳоба ҳаворижлар тарафда бўлмаганидек, бугунги куннинг хаворижларига ҳам биронта аҳли илм, уламо қўшилмайди. Аксинча, бугунги хаворижлар ҳам аҳли илмлар томонидан доим танқид қилинади. Аммо хаворижларнинг танқид майдонида кимлар бор десангиз, фақат аҳли илмлар, уламолар. Хаворижларнинг биринчи нишони уламолар бўлади, улар энг аввал уламоларни кофирга чиқаради, оғзига келган гапни айтади.      

Менинг шахсимда ҳам, агар интернетга кириб кўрсангиз, не-не қиссаларни ёзадики, ҳайрон қоласиз. Гўёки улар шундан роҳатланади, аслида эса уларнинг тақдири шундай ёзилган. Буни айтганимизнинг сабаби шуки, яқинда интернетда бир роликка кўзимиз тушиб қолди. Роликда улар Мумтаҳана сурасининг тўртинчи оятини бизга, мўмин-мусулмонларга қарши далил қилиб келтиришибди. Лекин Мумтаҳана сурасининг тўртинчи ояти кофирлар ҳақида нозил бўлган. Ҳазрати Иброҳим алайҳиссалом ўзларининг бутпараст қавмлари билан мунозара қилган пайтда уларнинг орасида у зотнинг отаси Озар ҳам бор эди. Бу оят ўша ҳақда нозил бўлган.      

Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳумонинг мавлолари Нофиъ деган зот бўлганлар.  Мавло – озод қилинган қул дегани. У зот бу кишини озод қилиб, сўнгра ўқитганлар. Нофиъ ҳам худди ўз ўғиллари Солимдек катта мужтаҳид уламо бўлган. Одамлар ўша Нофиъ роҳматуллоҳи алайҳдан «Хожангиз ибн Умар хаворижлар ҳақида нималар деган?» деб сўрашган экан. Шунда Ибн Умар шундай дебдилар: «Уларни халойиқнинг энг ёмонидир. Улар кофирлар ҳақида нозил бўлган оятларни мўминларга нисбатан тадбиқ этадилар». Қарангки, Ибн Умар улар кофирлар ҳақида нозил бўлган оятларни мўминларга тадбиқ қилишини бундан неча-неча аср аввал айтяптилар. Бугунги хаворижлар ҳам ўша даврда айтилган сифатга тўлиқ мос тушяпти. Улар ўзларини қандай атаса ҳам, бошқалар уларни қандай номласа ҳам, моҳияти бир хил. Хавориж дейсизми, ваҳҳобий дейсизми, аҳли ҳадисми, салафийми, фарқи йўқ. Саҳобалар даврида чиққан бу хаворижларга биронта саҳоба эргашмаган, аксинча, кўпгина саҳобалар уларнинг қўлида шаҳид бўлишган. Хаворижлар қанча-қанча саҳобаларни худди қўйни сўйгандек сўйишган.      

Улар Мумтаҳана сурасининг 4-оятини топиб олиб, ўз фикрига далил қилишяпти. Қанийди улар Мумтаҳананинг 5-оятини ҳам ўқиса!    

 Аллоҳ таоло бешинчи оятда бизга «Роббимиз, бизни кофирларга фитна, ўйин қилиб қўйма, кофирларга бизни масхара қилиб қўйма, бизларни мағфират қил. Роббимиз, Сен қудрат ва ҳикмат соҳибисан!» деб нола қилишни, дуо қилишни  ўргатяпти.    

Биродарлар, эътибор қилинг, мана шулар бугунги куннинг хаворижлари. Аҳли сунна вал жамоага қарши бораётган, фиқҳий мазҳабларни йўқ деяётган, мазҳабга эргашиш керакмас деяётган ўша ҳар хил тоифалар ўзининг гапини айтаётгани йўқ. Улардан бундай гап айтиш учун етарли илм йўқ аслида. Уларни бошқараётганлар Исломнинг душманлари экани ҳар бир ақлли одамга маълум бўлиб турибди, айнан мана шулар мусулмонларни Ислом душманларига масхара қилиб қўйяпти, уларга Аллоҳнинг Ўзи кифоя қилсин, Аллоҳ уларни мағфират қилсин, зеро, Роббимиз субҳанаҳу ва таоло қудрат ва ҳикмат соҳибидир.

 Саййид Раҳматуллоҳ Термизий  

Миролим Мансур тайёрлади


Ижтимоий тармокларда улашинг

Фейзбукда изоҳ қолдиринг

Мавзуга оид