Ҳаёт келган жойидан давом этаверади

Ҳаёт келган жойидан давом этаверади

imon.uz 2023-07-28 01:49:03 340

Жобир розияллоҳу анҳу айтади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

إن من أحبكم إليَّ وأقربكم مني مجلساً يوم القيامة أحاسنكم أخلاقاً

«Сизларнинг менга энг севиклигингиз ва қиёмат куни менга энг яқин жойда бўладиганингиз хулқи чиройлиларингиздир», дедилар. 

Термизий ривояти.

Денгизда бир боланинг поябзали йўқолди, бола соҳилга «Бу денгиз ўғри» деб ёзди.

Ундан унча узоқ бўлмаган жойда бир овчи бор эди, у кўп балиқ овлади, шунинг учун соҳилга «Бу денгиз сахий» деб ёзди.

Бир йигит денгизда чўкиб кетди, онаси соҳилга «Бу денгиз қотил» деб ёзди.

Бир чол денгиздан марварид овлади, соҳилга «Бу денгиз жўмард» деб ёзди.

Сўнг баланд тўлқин келиб соҳилдаги ҳамма ёзувни ювиб кетди.

Ҳаёт эса келган жойидан давом этаверди.

Шунинг учун одамлар айтадиган ҳамма гап билан ҳам миянгизни банд қилаверманг. Чунки кўпчилик фақат зеҳнига келган нарсани гапиради.

Биродарлик давом этиши учун хатони ўчиринг.

Ёмонликка дуч келсангиз, унга кучли раддия билдиришни эмас, чиройли раддия билдиришни ёки раддия билдирмасликни ўйланг.

Одамларга, уларнинг ёмон ахлоқидан эмас, балки ўзингизнинг чиройли ахлоқингиздан келиб чиқиб муомала қилинг.

Сиздан кейин ҳам узоқ яшайдиган ягона нарсангиз — ахлоқингиздир.

Шу боис ахлоқни гўзаллаштиришга, ёмонликлардан тийилишга уринишимиз лозим. Ҳаммамиз Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга севикли ва қиёмат куни у зот соллаллоҳу алайҳи васалламга энг яқин бўлишни истаймиз.

Келинг, ҳаммамиз ахлоқимизни чиройли қилишга уринайлик!

Дунёдан истаганингизча қўлга киритинг, лекин дунёдан аввал қандай келган бўлсангиз, шундоқ чиқиб кетасиз.

Неъматга ғарқ бўлиб турганингизда муҳтож кишиларни унутманг.

Садақа қилинг, барибир, кафаннинг ҳамёни бўлмайди.

Аллоҳ таоло қаерда бўлсангиз ҳам сизларни ва бизларни бахтли қилсин!

Нозимжон Ҳошимжон тайёрлади

Ижтимоий тармокларда улашинг

Фейзбукда изоҳ қолдиринг

Мавзуга оид