130100 Узбекистон мусулмонлар идораси Жиззах вилоят вакиллиги
ИФТОРЛИККА КИМЛАРНИ ЧАҚИРЯПСИЗ?
imon.uz 13-05-2019 1576 Алҳамдулиллаҳ, рамазоний шукуҳли фурсатлар бизни чулғаб олди. Ушбу муборак лаҳзалар вужудимизга роҳат бахш этиш баробарида тақво малакамизнинг ҳам ошишига хизмат қилаётгани айни ҳақиқат! Чунки, Рамазон - тақво ойи!
Рамазони муборакда инсонлар энтикиб кутадиган, қавму-қариндошлар бир ерга жам бўладиган, сакинат дастурхони бўлган ифторликларни барчамиз орзиқиб кутамиз. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам рўзадорнинг ифторлик вақтидаги дуоси ижобат бўлиши ҳақида марҳамат қилганлар. Рўзадорга овқат улашишнинг ажри нақадар улуғлиги ҳам ҳадиси муборакларда баён этилган. Лекин...
Лекин биз бугун ифтор дастурхонларига кимларни таклиф этяпмиз? Баъзи бир ифторликларда рўзадордан кўра рўза бўлмаганлар кўплиги айни ҳақиқат эмасми? Мусулмоннинг рўза тутмаслиги нақадар нотўғри эканлиги алоҳида, катта масала...
Биз ҳадисларга мувофиқ рўзадор одамни тўйдириб, савобларни жамлаб, Аллоҳ розилигига эришиш ўрнига, фалон-фалон, казо-казо рўзадор бўлмаганларни айтиб, ўзимизга ўхшаган бандаларни розилигини ўйлаб адашмаяпмизми?
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бир қавм ҳузурида ифтор қилсалар: "Сизларнинг ҳузурингизда рўзадорлар ифтор қилсин, таомингизни яхшилар есин ва сизларга фаришталар тушсин", — деб айтардилар. (Байҳақий ривояти).
Роббим! Муборак ойнинг ҳар бир дақиқасини ғанимат билишимизни насиб қилгин! Пайғамбар алайҳиссалом айтганларидек, ифторликларимизда рўзадорлар ифтор қилмоқлигини, ҳалолидан даромад топиб, бу топганларимиздан безаган дастурхонимизни, таомларимизни яхшилар емоқлигини ва хонадонларимизга фаришталар тушмоқлигини Ўзинг насиб қилгин!
Манба: minbar.uz