Илм икки дунё нажотидир

Илм икки дунё нажотидир

imon.uz 30-01-2020 873

Ислом дини инсонларни илм олишга тарғиб қилади. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга нозил қилинган дастлабки оятларда ўқишга буюрилишнинг ўзи ҳам Ислом илму маърифат дини эканининг ёрқин далилидир. Аллоҳ таоло илмни қиёматгача бандалар учун маърифатга эришиш, ҳақиқатни топиш, икки дунё саодатига эришиш воситаси қилди. Илмсизлик эса инсониятни тубанликка, ҳалокатга олиб боришини билдирди.

Аллоҳ таоло «Фотир» сурасининг 28-оятида:

«Албатта, Аллоҳдан бандалари ичидан фақат олимларигина қўрқарлар», деб марҳамат қилган.

Аллоҳдан қўрқиш учун олим бўлиш керак. Аллоҳ таолонинг қудратини ҳис этиб, бу дунёнинг яратувчиси борлигини англаб етиб, ақли билан Аллоҳни таниган ва ундан қўрққан одамгина олим ҳисобланади.

Имом Ҳасан ал-Басрий: «Олим Аллоҳдан ғойибона қўрққан одамдир. Аллоҳ қизиқтирган нарсага қизиққан, Аллоҳ ёмон кўрган нарсадан қочган одамдир», дея шу оятни тиловат қилар эканлар.

Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳу: «Илм гапнинг кўплигида эмас. Илм қўрқишнинг кўплигидадир», деган эканлар.

Муовия розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Аллоҳ кимга яхшиликни ирода қилса, уни динда фақиҳ қилиб қўяди. Албатта, мен тақсимловчиман, холос, Аллоҳ беради. Албатта, бу уммат Аллоҳнинг иши (қиёмат) келгунча Аллоҳнинг амрида қоим бўлади. Уларга хилоф қилганлар зарар етказа олмайди», дедилар».

Бухорий ривоят қилган.

«Фиқҳ» сўзи луғатда бир нарсани дақиқ жойларигача тушунишни англатади. Шариат ҳукмини дақиқ жойларигача тушуниш ҳам «фиқҳ» дейилиши шундан. Ана шундай малакага эга бўлган одамни «фақиҳ» дейилади.

Демак, дин таълимотларини яхши тушунадиган бўлиш банда учун катта бахт-саодатдир. Унга Аллоҳ таоло яхшиликни ирода қилганининг аломатидир.

Абу Воқид ал-Лайсий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам масжидда одамлар билан ўлтирган эдилар. Бирдан уч киши кириб келди. Улардан иккитаси Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам томон юрди. Биттаси қайтди. Ҳалиги икковлари Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг тепаларига келиб тўхтадилар. Улардан бири ҳалқадан бўш жой топиб, ўша ерга ўтирди. Иккинчиси орқага ўтирди. Учинчиси эса, ортга бурилиб чиқиб кетди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам фориғ бўлганларидан кейин:

«Сизларга ҳалиги уч нафарнинг хабарини берайми? Улардан бири, Аллоҳдан бошпана сўради. Аллоҳ унга бошпана берди. Бошқаси эса ҳаё қилди. Бас, Аллоҳ ҳам ундан ҳаё қилди. Яна бошқа бири юз ўгирди. Аллоҳ ҳам ундан юз ўгирди», дедилар».

Бухорий ривоят қилган.

Ушбу ҳадиси шарифдан малум бўлаяпдики илмий мажлис бўлаётган жойга кирганда дарҳол унга қўшилиш, илмдан юз ўгирмаслик лозим.

Ким илмий мажлисда ихлос билан иштирок этадиган бўлса Аллоҳ таолонинг бошпанасига яъни икки дунё нажотига сазовор бўлар экан. Илмдан қочишдан ҳаё қилган одамни иқоб қилишга Аллоҳ таоло ҳам ҳаё қилар экан. Илмдан қочган одамдан эса Аллоҳ таоло ҳам юз ўгирар экан.

Демак, ҳеч қачон илмдан юз ўгирмаслигимиз, балки доимо илму маърифат йўлида собит қадам бўлмоғимиз лозим. Зеро илм ўрганиш орқали Аллоҳдан қўрқишни ўрганамиз, дин таълимотларини яхши тушунамиз, Аллоҳ Ўз паноҳида асрайди ва икки дунёда нажот топамиз.

Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг

 Жиззах вилоят вакиллиги матбуот

котиби Усмонали ОРАЛОВ

Ижтимоий тармокларда улашинг

Фейзбукда изоҳ қолдиринг

Мавзуга оид