Илму маърифат мол-дунёдан афзал

Илму маърифат мол-дунёдан афзал

imon.uz 19-02-2020 555

Инсон илм ўрганиш орқали фаришталардан балан даражаларга эришиши мумкин. Акси ўлароқ илмсиз, жоҳиллик, надонлик қилиб энг қуйи табақаларга тушиб кетиши ҳам мумкин. Аллоҳ таоло фаришталарга Одамнинг фазлини улар билмаган нарсаларни билиши билан намоён қилган.

Аллоҳ таоло: 

«Эй Одам, буларга у нарсаларнинг исмларини айтиб бер», деди. Уларга ўша нарсаларнинг исмларини айтиб берган чоғида, «Мен сизларга осмонлару ернинг ғайбини биламан ва сизлар беркитмагану беркитган нарсаларни ҳам биламан демабмидим», деди» (Бақара сураси 33-оят).

Бу ояти каримада Аллоҳ таоло Одам отамизни фаришталардан илм-маърифат сабабли устунлик эканлигини намоён қилган. 

Аллоҳ таоло «Мужодала» сурасининг 11-оятида:

Аллоҳ сизлардан иймон келтирганларни ва илмга берилганларнинг даражаларини кўтарур”, деб марҳамат қилган.

Демак, Аллоҳ таоло иймон келтирган ва илм ўрганганларнинг мартабаларини баланд қилар экан. Баъзи кишиларнинг ўзларича бойлик деб ҳисоблайдиган мансаб, пул, молу дунёларнинг Аллоҳ ҳузурида ҳеч қандай қиймати йўқ, мартаба ҳам ҳисобланмас экан. 

Али ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳу:

Илм энг яхши молдир: 

Илм сени қўриқлайди, молни эса, сен қўриқлайсан. Илм амал билан зиёда бўлади, мол нафақа билан ноқис бўлади. Олимга муҳаббат қилиш тутиладиган диндир. Илм олимга ҳаётида тоатни, мамотида яхши эслашни касб қилдиради, молнинг ўлгани эса у билан қўшилиб, завол бўлади. Молларнинг хазиначиси ўлди, улар эса тирикдирлар. Уламолар замон тургунича боқийдирлар. Таналари йўқолса ҳам, хотиралари, қалбларда мавжуддир. 

Умар розияллоҳу анҳу айтадилар: «Кундузлари рўзадор, кечалари қойим-бедор бўлган мингта обиднинг ўлими ҳалол-ҳаромни ажрата олувчи бир олимнинг ўлимидан енгилроқдир». 

Тобеъинлардан Aто ибн Aбу Рабоҳ айтадилар: «Бир илм мажлиси лаҳв-беҳуда мажлислардан етмиштасига каффорат бўлади». 

Шундай экан инсонлар ҳаётларини илму маърифат ўрганиш билан зийнатлашлари ва ўрганган илмлари боис Аллоҳнинг ҳузуридаги азизу мукаррам зотлар жумласига қўшилишга астойдил сайи ҳаракат қилишлари лозимдир.

Шу ўринда интернет саҳифаларидан бирида келтирилган бир ҳикояни сиз азизларга тақдим қилсак мақсадга мувофиқ бўлади, иншааллоҳ.

Мотори бузилган бир катта кема бор эди. Кеманинг эгалари моторни тузатиш учун мутахассисларни чақира бошлашди. Бир мутахассис ортидан бошқаси келарди. Лекин бари бефойда эди. Ҳеч бир мутахассис иллат қаердалигини билолмасди.

 Шунда умри кемасозликда ўтган бир кекса устани таклиф қилишди. У ўзи билан катта бир жомадон олиб келди. Жомадон асбоб-ускуналар билан тўла эди. У кемага етиб келгач, моторнинг олдига бориб, уни диққат билан бошдан-оёқ кузатди. Унинг ортидан кеманинг эгаларидан иккитаси ҳам бирга юрди. Мақсадлари иллат қаердалигини билиб олиш эди. Кекса уста моторни кўздан кечириб бўлгач, сумкасини очиб, ичидан кичкина болғани олди. Кейин ўша болға билан моторнинг айрим жойини оҳисталик билан ура бошлади. Кўп ўтмай мотор ишлай бошлади. Уста ўрнидан туриб, болғачани сумкасига солди. Мотор олдингидай яхши ишлай бошлаган эди.

  Орадан бир хафта ўтгач, кема эгалари халиги кекса устадан тўлов қоғози олдилар. Унда хизмат ҳақи ўн минг (10.000) риёл бўлиши ёзилган эди. Кеманинг эгалари буни кўриб “Бу қандай нарх?! Ахир бу қария бунча пулга арзийдиган иш қилгани йўқ-ку!” дея қичқириб юборишди. Дарҳол унга хизмат нархлари алоҳида-алоҳида кўрсатилган тўлов қоғози юборишини сўраб мактуб юбордилар. 

Уста уларга хизматларининг нархлари қуйидагича баён этилган бир тўлов қоғозини юборди. Унда шундай дейилганди:

 1. Болға билан уришнинг нархи икки (2) риёл бўлади;

 2. Болғани қаерга уришни билишнинг нархи тўққиз минг тўққиз юз тўқсон саккиз (9998) риёл бўлади.

Демак, бир нарсани илмини билиш, уни бажаришдан устунроқ ва қимматроқ турар экан.

Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг

 Жиззах вилоят вакиллиги матбуот 

котиби Усмонали ОРАЛОВ 



Ижтимоий тармокларда улашинг

Фейзбукда изоҳ қолдиринг

Мавзуга оид