130100 Узбекистон мусулмонлар идораси Жиззах вилоят вакиллиги
Инсон қадри .
imon.uz 2024-09-17 06:26:55 115Ислом дини инсониятни
махлуқотлар ичида энг улуғи ва мукаррами деб ҳисоблайди. Зеро Аллоҳ таоло:
“Дарҳақиқат,
Биз Одам фарзандларини азизу мукаррам қилиб қўйдик.”[1]
деб
айтган Ўз Каломи шарифида.
Инсонлар
Аллоҳ таолонинг наздида бир хил. Уларнинг Аллоҳга яқинроғи ва севимлироғи тақво
қилганларидир. Аллоҳ таола:
“Албатта,
Аллоҳ наздида (энг азизу) мукаррамроғингиз тақводорроғингиздир. Албатта, Аллоҳ
билувчи ва хабардор зотдир”[2],
деган.
Ислом
инсонлар орасида адолатни, баробарликни ўрнатувчи раббоний олий шариъатдир. Уни
Ҳаким, Алийм Зот инсонлар орасида адолатни қоим қилиш ва зулмни кўтариш учун
нозил қилган. Ислом қонунларида махлуқотлар томонидан тузилган қонунлардагидек
адолат тарозисидан бир тарафга оғишга заррача ҳам имкон йўқ. Аллоҳ таоло:
“Дарҳақиқат,
Аллоҳ омонатни ўз эгаларига топширишингиз ва одамлар ўртасида ҳукм
қилганингизда адолат билан ҳукм қилишингизга буюрар”[3], деб амр қилади.
Ислом
шариъатида инсонларни мусулмон ёки мусулмон эмаслигидан қатъий назар ҳақлари
кафолатланган.
Абу Ҳурайра розияллоҳу
анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам:
“Албатта ҳақлар
қиёмат куни ўз эгаларига қайтарилади ҳатто шохсиз қўй шохли қўйдан қасосини
олади”, деб
(Муслим ривоят қилган) мусулмонларни ўзаро зулм қилиш, бировларнинг молига кўз
олайтиришдан қайтарганлар.
Бу бировнинг ҳаққини
еган ва зулм қилган ҳар бир кишига нисбатан огоҳлантиришдир.
Ислом шариъатида ҳукм
чиқаришда оға-иничилик, юз-хотир, юқори
мансабдаги кишига ён босиш йўқ.
Бунга қуйидаги ривоят мисол бўла олади:
Махзумиялик бир аёл
ўғирлик қилганида, “Қурайшликлар буни ким Расулуллоҳга айтади”, деб ташвишга
тушдилар. Буни айтишга Расулуллоҳга суюкли бўлган Усомадан бошқа ҳеч ким журъат
қила олмади. Усома розияллоҳу анҳу Расулуллоҳга айтганида Расулуллоҳ соллаллоҳу
алайҳи ва саллам:
“Аллоҳнинг ҳадларидан
бир ҳадда ҳимоячи бўласанми?”, деб сўнгра: “Эй инсонлар, сизлардан
олдингилар ораларида улуғлари ўғирлик қилса жазоламай, заифлари ўғирлик қилса
жазолаганлари сабабидан адашдилар. Аллоҳга қасамки агар Муҳаммаднинг қизи
Фотима ўғирлик қилса албатта Муҳаммад унинг қўлини кесади”, дедилар.
(Бухорий ривоят қилган).
Бу ҳукм Аллоҳ
таолонинг “Эй, имон келтирганлар! Адолатда
барқарор туриб, ўзларинг ёки ота-оналаринг ва қариндошларинг зарарига бўлсада,
Аллоҳ учун (тўғри) гувоҳлик берингиз!”[4],
деган буйруғини тасдиқлагувчи
ва татбиқ қилгувчидир.
“Ислом дини қаҳрли,
каттиққўл дин. Исломда инсонлар эркинлиги йўқ, инсонларнинг ҳақлари, айниқса,
аёллар ва мусулмон бўлмаганларнинг ҳақлари оёқ ости қилинган” каби айтилаётган
гаплар Ислом динига қилинаётган туҳматдир.
Ислом динида
ҳар қандай инсон Аллоҳнинг бандаси экани учун икром қилинади ва инсонийлиги эътиборга олинади,
агарчи у мусулмон бўлмаса ҳам.
Абдураҳмон ибн Абу
Лайло розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: Саҳл ибн Ҳаниф ва Қайс ибн Саъд
Қудисияда ўтирганларида олдиларидан тобутни олиб ўтдилар, икковлари ҳам
ўринларидан турдилар, шунда бу мусулмоннинг тобути эмаску, нега турдиларинг деб
сўралганда, икковлари Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг олдиларидан
тобутни олиб ўтилганда ўрниларидан турдилар, Расулуллоҳдан бу яҳудийнинг
жанозаси, яҳудий бўлса ҳам турамизми деб сўралганда Расулуллоҳ “Бу инсон
эмасми”?, дедилар, - деб жавоб бердилар.
Ислом дини келганида
инсоннинг улуғлигини бадном қиладиган қуллик тузуми ҳукм сурарди. Ислом дини –
инсонийликка хилоф бўлган, адолатсизликки асосланган қуллик тузумини тадрижий
йўл билан даражами-даража муолажа қилди.
Аввало: Пул тўлаб озод этилувчи қулларга молларнинг закотларидан
насиба борлигини баён қилди. “Албатта,
садақаларни фақат фақирлар, мискинлар, унда (садақа
ишида) ишловчилар, диллари ошна қилинувчи (кофир)лар, (пул тўлаб
озод этилувчи) қуллар, қарздорларга ва Аллоҳ йўлида ҳамда йўловчига (мусофирга
бериш) Аллоҳ (томони)дан фарз (этилди). Аллоҳ илмли ва
ҳикматли зотдир.”[5]
Иккинчи: Қасамнинг
каффаротида қул озод қилишга буюрди: (Қасамларингиздаги беҳуда сўзлар учун
Аллоҳ сизларни жавобгар қилмайди, балки сидқидилдан боғлаган қасамлар (бузилгани)
учун сизларни жавобгарликка тортади. Бунинг каффорати (жаримаси) –
оилангизни озиқлантириш учун лозим таомларнинг ўртача миқдорида ўнта мискинга
таом бериш ёки уларнинг кийимлари ёхуд бир қулни озод қилишдир”[6].
Учинчи: Қул эгаси
қулини урса, унинг каффаротига уни озод қилишга буюрди. Абдуллоҳ ибн Умар
розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам:
“Ким қулини муштласа ёки урса унинг каффароти уни озод қилиш”,
деганларини эшитганман дедилар. (Муслим ривоят қилган).
Абдуллоҳ ибн Масъуд
ансорий, қулимни ургандим, орқамдан “Эй, Абу Масъуд албатта Аллоҳ сен уни
жазолашга қодир бўлганингдан сени жазолашга қодирроқдир”, деган овозни
эшитиб бурилиб қарасам, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам экан. Ё
Расулуллоҳ Аллоҳ учун уни озод қилдим дедим. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва
саллам “Агар шундай қилмаганингда албатта дўзах сени ушларди”,
дедилар. (Муслим ривоят қилган).
Имом
Нававий “Бу ҳадисда қулни озод қилишга қизиқтириш, ғазабни ичга ютиш, кечиримли
бўлиш ва Аллоҳ бандага ҳукм қилганидек ҳукм чиқаришга танбеҳ бериш ва ваъз,
насиҳат бор”, - деган.
Инсонни қулликдан озод
қиладиган битта йўл – бу Ислом дини тутган йўлдир. Ислом йўлидан бошқа барча
йўлларда инсонлар инсонларни арбоб қилиб олиш, инсонга қуллик қилиш бор. Бандани
бандага қуллик қилишидан қайтарадиган ва бандани ўз Роббисига ибодат қилишга
чақиргувчи ёлғиз йўл – бу Исломдир.