Исломда раҳбарга муносабат (1-Қисм)

Исломда раҳбарга муносабат (1-Қисм)

imon.uz 2024-02-02 01:41:43 232

(Халқни мавжуд тузумга қарши гиж-гижловчи ва инқилобий ҳаракат ташвиқотчилари бўлмиш иғвогар хаворижларга холисона раддия)

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳим

Ватанимиз ўз эркига эга бўлиб тараққиёт сари жадал одимлаб борар экан, афсуски, атрофда халқимиз тинчлиги ва равнақига чидай олмайдиган ёвуз кучларнинг ҳам ҳаловати йўқолиб боряпти. Натижада парокандалик чиқариш ниятида турли-туман бўлмағур иғво тарқатишиб аҳолимиз орасида фитна қилишмоқда. Халқаро тармоқ — интернетдаги махсус сайтлари, ижтимоий сайтлар, маркази чет элларда жойлашган радиолар орқали халқимизни давлатга қарши қўзғаш мақсадида ёлғон миш-мишлар тарқатишмоқда. Халқ ичида норозилик кайфиятини пайдо қилиш учун гоҳида юрт раҳбарларини ёмонотлиқ қилишга уринса, гоҳида халқни очиқчасига инқилобга чорлашади. Минбарда туриб жамоатни итоатга чақирган имомлар ва бошқа аҳли илмларни эса «сарой уламолари, куфр малайлари» деган бўҳтон билан айблаб келишяпти. Жирканч мақсадларига етиш учун муқаддас Ислом дини манбалари — Қуръон ва ҳадисларни тескари талқин қилишдан ҳам тап тортишмаяпти.

Мусулмон раҳбарга қарши исён кўтариш шариатимизда жиддий жиноят бўлиб, истилоҳда «боғийлик» дейилар ва боғийларнинг жазоси ўлим ва бежаноза кўмилиш бўлса, бу иғвогарлар боғийликни «жиҳод» деб талқин қилишмоқда. Ақидавий қарашлари етарлича шаклланмаган баъзи ғўрлар эса «Исломда шундай экан» деган пуч тушунча билан уларга алданиб қолишмоқда. Ҳа, минг таассуфки уларнинг тўрига илиниб онгги заҳарланиб қолганлар ичимизда учраб турибди. Бунга раҳбарлар ҳаққига салоҳият, яхшилик сўраб дуо қилинганда, ғаши келиб, ичидан ижирғаниб ўтирадиган ношукур кимсаларни мисол қилиб кўрсатиш мумкин. Интернет сайтларида, ижтимоий тармоқларда ҳам бу мавзуни қизитиб, бир қанча аҳли илмлар шаънига нолойиқ сўзлар тарқатувчи жамоатчилар ўзингизга ҳам маълум бўлса керак. Мавжуд ҳукуматга итоатда бўлишни “ғайри исломий”, деб тушунувчи ўша кимсалар ўзларини гўёки адолатпарвар, исломга тўлиқ амал қилувчи комил мусулмон қилиб кўрсатишади. Оддий авомдан ва ҳатто баъзи зиёлилардан иборат айрим қизиққонларнинг ўша фитначиларга қўшилиб қўллаб-қувватлаши эса, уларнинг шариатмизда айни шу мавзу билан боғлиқ аҳкомларни мутлақо билмаслигидан далолат беради.

Шундан келиб чиқиб хулоса қилдикки, Ислом таълимотида фуқаронинг раҳбарга муносабатини ўрганиш ва бу ҳақда имкон қадар ўқувчиларимизга маълумот бериш — бугуннинг долзарб вазифаларидан бири экан.

Инсон ва жамият ҳаётининг барча тармоқларини қамраб олувчи мукаммал шариатимизда оддий фуқаронинг раҳбарга қай йўсинда муомала қилиш масаласига ҳам алоҳида урғу берилган. Аҳли суннат ақидавий йўналишида бош матнлардан ҳисобланмиш «Ақидатут-таҳовия”да мавзуга доир қуйидагича матнлар бор:

و لا نري الخروج علي ائمتنا و ولاة امورنا و إن جاروا، ولا ندعوا على احد منهم، و لا ننزع يدا من طاعتهم، و نري طاعتهم من طاعة الله تعالي فريضة ما لم يأمروا بمعصية، و ندعوا لهم بالصلاح و النجاح و المعافات

«Имомларимиз, бошлиқларимиз агарча зулм қилсалар-да, уларга қарши чиқишни ҳақ деб ҳисобламаймиз. Улардан бирортасини қарғамаймиз. Уларга бўйсунишдан бош тортмаймиз. Улар модомики маъсиятга амр қилишмас экан, уларга итоат қилишни Аллоҳга итоат қилиш ўлароқ фарз деб биламиз. Уларнинг ҳаққига салоҳият, муваффақият ва саломатлик сўраб дуо қиламиз» (Имом Абу Жаъфар ат-Таҳовий).

Пешқадам салафларимиздан бири — имом Таҳовийнинг бу жумлалари аҳли сунна вал-жамоа ақидавий мазҳабининг эътиборли муҳим ҳужжатларидан бўлиб, унда фуқаро ва ҳукумат муносабатларига доир, аҳли суннат мазҳабининг усулий муҳим масалаларидан қуйидаги бандлар баён қилинмоқда:

  1. Раҳбарга итоат қилиш ва ҳатто зулм қилса ҳам унга қарши қурол кўтариб чиқмаслик;
  2. Шариатга зид бўлмаган ҳолатларда раҳбарга итоат Аллоҳ ва Расулуллоҳга итоат каби фарз деб эътиқод қилиш;
  3. Ҳукумат раҳбарларига насиҳат қилиш ва яхшилик тилаб дуо қилиш;

Энди шу масалаларни китоб, суннат ва уламолар фикрлари асосида таҳлил қилиб, ўрганиб чиқамиз:

БИРИНЧИ БАНД

Расулуллоҳ ва саҳобалари йўли ҳисобланмиш аҳли суннат ақидаси таълимотига кўра, тинч аҳоли томондан қонуний йўл билан сайланган ҳукумат раҳбарига, ҳаттоки у жабр қилса ҳам итоат қилиш, унинг амридан бўйин товламаслик лозим бўлади. Балки, раҳбарга бўйсуниш ақидамизнинг аслий муҳим масалаларидан биридир!

Аҳли суннат ақидаси бўйича рофизий шиаларнинг хилофи ўлароқ, давлат бошлиғининг исмати яъни, ҳеч гуноҳ қилмайдиган тақводор пок инсон бўлиши шарт эмас. Бошлиқ қўл остидагиларга жабр-ситам қилса-да, гуноҳи кабира эгаси бўлса-да шаръан бошлиқ деб тан олинаверади. Ҳа, бу ҳам аҳли суннат вал-жамоат ақидасида муҳим асл қоидалардан биридир!

Раҳбарга қарши исён кўтариш аслида хаворижларнинг мазҳабидир. Хаворижлар ҳазрати Али розияллоҳу анҳунинг раҳбариятини тан олмай, у кишига қарши чиқиб, тарихда исён бидъатига асос солган биринчи тоифа бўлган. Ҳатто улар ҳақида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам олдиндан «Хаворижлар — жаҳаннам аҳлининг итларидир», деб огоҳлантириб кетганлар. Мингдан-минг афсуслар бўлсинки, ҳазрати Алидек улуғ саҳобанинг раҳбарлигига қарши чиқиш билан пешоналарига «хавориж» деган тамғани илиб кетган бидъатчиларнинг издош авлодлари хозиргача давом этиб келмоқда.

Бугунги кунда бутун дунё бошига ташвиш бўлиб турган ИШИД жангарилар тўдаси, ягона «халифалик» ўрнатишга чираниб ётган ҳизбут-таҳрир экстремистик оқим аъзолари ва умуман сиёсий раҳбарларга бўйсунишдан бош тортиб исёнчилик тарафдори бўлган барча дин ниқобли оқимларнинг ҳаммаси «хавориж» номи остида бирлашадилар.

Аллоҳ таоло Қуръонда шундай дейди:

يَا أَيُّهَا الَّذِينَ آمَنُواْ أَطِيعُواْ اللّهَ وَأَطِيعُواْ الرَّسُولَ وَأُوْلِي الأَمْرِ مِنكُمْ

«Эй иймон келтирганлар! Аллоҳга итоат қилинг, Пайғамбарга ва ўзингиздан бўлган ишбошиларга итоат қилинг.». (Нисо / 59).

Ояти каримадаги «ишбошилар»дан кўплаб тафсирчилар султон-у, подшолар кўзда тутилган, деб изоҳ берган.

Ибн Жарир ибн Зайддан у киши эса отасидан «ишбошилар»нинг тафсирида «улар султонлардир» деб тушунтирганини ривоят қилган. (Имом Суютий. ад-Дур-рулмансур фит-тафсир бил-мансур. 4 – Ж. 504 – Б. Қоҳира 2004).

Саъид ибн Мансур, ибн Абу Шайба, Абд ибн Ҳамид, ибн Жарир, ибн Мунзир ва ибн Абу Ҳотамлар Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳунинг: «улар сизлардан бўлган амирлар», деб изоҳ берганини ривоят қилишган. Яна бир лафзида эса «улар қўмондонлар», деб айтилган. (Имом Суютий. ад-Дур-рулмансур фит-тафсир бил-мансур. 4 – Ж. 504 – Б. Қоҳира 2004).

Шунингдек, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг кўплаб ҳадислари ҳам имом Таҳовий ҳазратлари айтган ҳужжатларга асос бўла олади:

Имом Бухорий Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилади:

قال رسول الله صلى الله عليه و سلم: إسمعوا و اطيعوا و إن أستعمل عليكم حبشي كأن رأسه زبيبة

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: қулоқ солинглар ва бўйсунинглар! Гарчи сизларга боши майиздек ҳабаший ҳоким этиб тайинланган бўлса ҳам» (Бухорий. 694, 7142).

Ирбоз ибн Сория розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ривоят қилган узун ҳадиснинг бир бандида шундай насиҳатлар бор:

…اوصيكم بتقوى الله و السمع و الطاعة و إن كان عبدا حبشيا..

«…Сизларга Аллоҳдан қўрқишни ва (бошлиқларга) гарчи у ҳабаший қул бўлса ҳам, қулоқ солиб итоат қилишни насиҳат қиламан…» (Абу Довуд).

Юқоридаги оят ва ҳадислардан умумий тушунча оладиган бўлсак маълум бўладики, ижтимоий келиб чиқишидан қатъий назар, адолатли раҳбарга ҳам, золим раҳбарга ҳам итоат қилинади, қарши исён кўтариш эса асло тўғри эмас! Эътибор беринг, Расулуллоҳ: «сизларга боши майиздек ҳабаший ҳоким этиб тайинланган бўлса ҳам», деб бежизга қўшимча қилмадилар. Шунга кўра, айта оламизки: ҳокимятни бошқариб турган раҳбарга итоат масаласи худди Аллоҳ ва Расулуллоҳга итоат қилиш билан тенг туради. Шунинг учун ҳам имом Таҳовий роҳимаҳуллоҳ: «Имомларимиз, бошлиқларимиз агарча зулм қилсалар-да, уларга қарши чиқишни ҳақ деб ҳисобламаймиз», деб айтди. Буни пухта билиб олишимиз лозим!

Соф аҳли суннат йўлида юраман деган мусулмон ҳукумат қарори ёқмаган тақдирда ҳам бўйсунишдан бош тортмайди, жамиятдан ажрамайди, халқ тинчлигини бузиб, давлатга қарши исёнчилик ҳаракатига қўшилмайди, бошлиқлар ортидан иғво қилмайди, қарғамайди, фитна қўзғамайди. Ҳанафий мазҳабининг йирик фақиҳларидан имом Сарахсий имом Муҳаммад раҳимаҳуллоҳнинг «Ас-сияр ал-кабир» асарини шарҳлашда: бошлиққа итоат қилиш лозим, агар гуноҳ ишга буюрса итоат қилинмайди балки сабр қилиб, унга қарши қурол кўтаришдан тийилишини айтиб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ушбу ҳадисларини далил сифатида келтиради:

عن إبن عباس عن النبي صلى الله عليه و سلم قال: من كره من اميره شيئا فليصبر، فإنه من خرج من السلطان شبرا مات ميتة جاهلية

Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳу пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ривоят қилди: «Кимки амир тарафдан бирор қарорни номаъқул кўрса, бас, сабр қилсин. Чунки, ким подшо қарорларидан бир қарич бўлса-да ташқари чиқса, шубҳасиз жоҳилятда ўлади». (Бухорий, китоб ал-фитан 7054. Муслим, китоб ал-имарот 1849. Доримий, китоб ас-сияр 2519. Имом Аҳмад. Муснад 2491).

Ибн Ҳажар Асқалоний роҳимаҳуллоҳ бу ҳадисни шарҳида шундай дейди:

قال ابن بطال: فى الحديث حجة في ترك الخروج على السلطان و لو جار، و قد اجمع الفقهاء على وجوب طاعة السلطان المتغلب و الجهاد معه، و ان طاعته خير من الخروج عليه لما في ذلك من حقن الدماء و تسكين الدهماء

«Ибн Баттол айтган: бу ҳадисда султон агарчи золим бўлса ҳам унга қарши чиқилмаслигига ҳужжат бор. Фуқаҳолар ҳукумат раҳбари бўлиб турган султонга итоат қилиш ва унинг ёнида туриб душманга қарши жанг қилиш вожиблигига бир овоздан ижмоъ қилганлар. Шунингдек, султонга итоат қилиш унга қарши исён кўтаришдан яхшироқдир. Чунки султонга итоат билан кераксиз ғам-ташвишларга барҳам берилади ва қон тўкилишининг олди олинади». (Фатҳ ал-Борий. 13 – Ж. 9 – Б.).

Муҳтарам ўқувчи, бугунги кунда халқни мавжуд тузумга қарши қўзғашга уринаётган оқим аъзоларининг деярли ҳаммаси салафийлик оқими асосчиси Аҳмад ибн Таймияни ўз раҳнамолари сифатида шайхул ислом деб кўкка кўтариб келади. Худди ўша ибн Таймия ҳам султон гарчи золим бўлса-да унга итоат қилиш зарурлигини ёзган:

المشهور من مذهب أهل السنة أنهم لا يرون الخروج على الأئمة وقتالهم بالسيف وإن كان فيهم ظلم

«Аҳли суннат мазҳабида машҳур қавл шуки, бу мазҳаб уламолари бошлиқларга қарши чиқишни ва уларга қарши қурол кўтаришни, ҳатто уларда зулм бўлса ҳам тўғри деб ҳисоблашмайди» (Минҳож ас-суннатин-набавия 3/390).

Ислом динига эътиқод қилувчи мусулмон подшоларни ҳақоратлаб, кофирга чиқариб юрган интернет жарчилари буни яхши билиб олишлари шарт! Улар яна шуни билиб олсинларки, подшонинг амрига норизо бўлиб, уни ҳақорат қилиш, унга қарши иғво тарқатиш, жамиятдан ажраб мухолафат қилиш каби ишлар охир-оқибат кишини хор қилади, жоҳилят ўлими каби ўлимга гирифтор қилади. Айниқса, бугунги кун хаворижлари ҳисобланмиш ИШИД ва шу каби бузуқ гуруҳларга ёлланганлар, уларнинг ариғига сув очиб юрган калтабинлар буни пухта билиб олишлари шарт!

ИККИНЧИ БАНД

Юқорида тақдим қилинган далиллар шуни кўрсатиб турибдики одил подшолар, ҳокимлар ва жамики раҳбарлар мусулмонлар манфаатини кўзлаб сиёсат юргизар экан, манфаат диний бўладими ёки дунёвий булардан қатъий назар, уларга итоат қилиш, буйруқларини Аллоҳ ва расулининг буйруғи каби тан олиш аҳли суннат ақидасига кўра, ислом нуқтаи назаридан фарздир!

Шунингдек, юқоридаги сифатларга эга одил ҳукуматга қарши чиқиш, мухолафат томонда туриш бутун аҳли суннат уламоларининг иттифоқи ила ҳаромдир! Буни шундай эътиқод қилиш эса фарздир!

Агар ҳукумат гуноҳга буюрса, шариатга номувофиқ қарор чиқарса, бундай қарорларга амал қилиш, бундай буйруқларни бажариш, бундай вазиятларда раҳбарга итоат қилиш—аҳли суннат ақидасига кўра, Ислом нуқтаи назаридан фарз деб эътиқод қилинмайди! Лекин бу «золим подшога қарши чиқиш мумкин», деган хулосани ҳам бермайди. Имом Таҳовий роҳимаҳуллоҳнинг «Улар модомики маъсиятга амр қилишмас экан, уларга итоат қилишни Аллоҳга итоат қилиш ўлароқ фарз деб биламиз» деган сўзларини нотўғри талқин қилиш керак эмас! Бундан маъсиятга амр қилган раҳбарга қарши исён қилиш мумкин экан, деган бузуқ ақидани ясаш қўпол хато ва аҳли суннат ақидасини бузиб кўрсатиш бўлади!

Агар раҳбар осийлик, гуноҳ ишларга амр қилсачи?

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг бу хусусда маънан бир-бирига яқин бир қанча машҳур ҳадислари бор:

لا طاعة في معصية إنما الطاعة في المعروف

«Аллоҳга осий бўладиган вазиятларда бандасига итоат қилинмайди. Итоат яхши ишларда бўлади» (Бухорий /7257. Муслим /1840).

لَا طَاعَةَ لِمَخْلُوقٍ فِي مَعْصِيَةِ اللَّهِ عَزَّ وَجَلَّ

«Аллоҳга осийлик бўлган ишларда Аллоҳ азза ва жалланинг яратган бандаларига итоат қилинмайди» (Имом Аҳмад /1098).

السّمْعُ والطّاعَةُ عَلَى المَرْءِ المُسْلِمِ فِيمَا أحَبّ وكَرِهَ ما لم يُؤمَر بِمَعْصِيَة، فإنْ أُمِرَ بِمَعْصِيَةٍ فلا سَمْعَ عليهِ ولا طَاعَةَ.

«Мусулмон кишига модомики осийликка буюрилмас экан, қулоқ солиши ва итоат қилиши вожибдир. Агар осийликка буюрилса қулоқ ҳам солмайди итоат ҳам қилмайди» (Термизий. 1707).

Аҳли суннат вал-жамоат таълимоти шуки: гуноҳ бўлмаган ишларнинг барчасида ҳокимларга итоат қилиш вожиб. Агар улар Аллоҳга осий бўладиган ишларга масалан: ароқ ичиш, зино қилиш, ўғирлик қилиш, порахўрлик қилиш, ноҳақ одам ўлдириш, каби ишларни буюрса бажарилмайди. Шу билан бирга оддий фуқаронинг бу каби буйруқ берувчи бошлиққа қарши қурол кўтариши, уни мансабидан ағдаришга интилиш аҳли суннат ақидасига кўра жоиз ҳам бўлмайди. Ҳукуматга қарши ҳаракатларнинг барчаси оддий фуқаро учун фақат ғам-ташвиш, кулфат келтиради. Бу каби ҳаракатлар ҳатто қон тўкилиши каби катта офатларга сабаб бўлиши мумкин. Имом Ғаззолий ҳазратлари «ал-Иқтисод фил-эътиқод» номли рисоласида: «Битта мусулмоннинг бир томчи қонини хато қилиб тўкишдан кўра, юзта кофирни хато қилиб тирик қолдириш енгилроқ хатодир» — деганлар.


Давоми....

Ижтимоий тармокларда улашинг

Фейзбукда изоҳ қолдиринг

Мавзуга оид