130100 Узбекистон мусулмонлар идораси Жиззах вилоят вакиллиги
14.05.2021 й. Ислом динида атроф-муҳитни асрашга эътибор
imon.uz 2021-05-16 505
بسم الله الرحمن الرحيم
الحَمْدُ للهِ الَّذِي خَلَقَ الكَوْنَ فَنَظَّمَهْ، وَخَلَقَ الإِنْسَانَ وَكَرَّمَهْ، وَالصَّلَاةُ وَالسَّلَامُ عَلَى نَبِيِّنَا مُحَمَّدٍ الَّذِي سَنَّ الدِّينَ وَعَظَّمَهْ، وَعَلَى آلِهِ وَصَحْبِهِ أَجْمَعِينْ، اَمَّا بَعْدُ
Ислом динида атроф-муҳитни асрашга эътибор
Муҳтарам жамоат! Табиат – Аллоҳ таолонинг улкан неъматларидан биридир. У Зот бизга атроф-муҳитни озода сақлашни, муҳофаза қилишни, ифлослантирмасликни буюрган. Аллоҳ таоло бизнинг бахтиёр, қулай яшашимиз учун тайёрлаб, жиҳозлаб берган бу сайёрани ифлослантирмаслигимиз, унда бузғунчилик қилмаслигимиз ёки унга нисбатан ёмон муомалада бўлмаслигимиз лозим. Акс ҳолда ердаги бузғунчилик, табиатни асрамаслик даҳшатли фалокатларга олиб келади. Дарҳақиқат, бугунги кунда сайёрамизда бўлаётган кўплаб фалокатларни кўриб турибмиз. Масалан, сувларнинг ифлосланиши, ҳароратнинг кўтарилиши, атмосферага турли заҳарли газларнинг кўп миқдорда чиқарилиши ва ҳоказо. Олдинлари бу каби нохуш олатлар кузатилмаган эди. Аллоҳ таоло Қуръони Каримда шундай марҳамат қилади:
ظَهَرَ الْفَسَادُ فِي الْبَرِّ وَالْبَحْرِ بِمَا كَسَبَتْ أَيْدِي النَّاسِ لِيُذِيقَهُمْ بَعْضَ الَّذِي عَمِلُوا لَعَلَّهُمْ يَرْجِعُونَ
яъни: “Одамларнинг қилмишлари туфайли қуруқлик ва денгизда бузғунчилик пайдо бўлди. Бу уларнинг (ўз қилмишларидан) қайтишлари учун қилган баъзи (ёмон) ишлари (жазоси)ни уларга тоттириш учундир” (Рум сураси 30-оят).
Яъни қаҳатчилик, қурғоқчилик, зироат ва тижоратдан бараканинг кетиши, турли касалликларнинг тарқалиши ҳамда ўт, сув балоси каби офатлар одамларнинг қилмишларига яраша жазо ҳисобланиб, шу билан бирга, уларни огоҳлантириш учундир.
Набий саллаллоҳу алайҳи васаллам пайғамбар этиб юборилган давр инсоният ақлини жоҳилият тушунчалари эгаллаган эди. Одамлар ҳайвонларга қийматсиз, ҳис-туйғусиз махлуқлар деб қарашарди. Лекин Набий саллаллоҳу алайҳи васаллам мўминларни ўша ҳайвонларга эътиборли бўлишга чақирдилар, шунга буюрдилар. Шунинг учун ҳам Пайғамбаримиз ҳақли равишда оламларга раҳмат дея мадҳ этилганлар.
Расули акрам алаҳиссалом Ўзларининг муборак ҳадисларида шундай марҳамат қилганлар:
إِنَّ اللهَ طَيِّبٌ يُحِبُّ الطَّيِّبَ، نَظِيفٌ يُحِبُّ النَّظَافَةَ، كَرِيمٌ يُحِبُّ الْكَرَمَ، جَوَادٌ يُحِبُّ الْجُودَ
(رَوَاهُ الإِمَامُ التِّرْمِذِيُّ)
яъни: “Албатта, Аллоҳ хушҳолдир – хушҳолликни севади, покизадир – покизаликни севади, карамлидир – карамлиликни севади, ўта сахийдир – ўта сахийликни севади” (Имом Термизий ривоятлари).
Дарҳақиқат, Набий саллаллоҳу алайиҳи васаллам бизга йўлларни, кўчаларни озода тутиш, йўлдан азият берувчи нарсаларни олиб ташлашга буюриб, бу иш садақанинг бир тури эканлигини таъкидлаганлар. Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деганлар:
وَإِمَاطَةُ الأَذَى عَنِ الطَّرِيْقِ صَدَقَةٌ
(رَوَاهُ الإِمَامُ البُخَارِيُّ)
яъни: “Йўлдан азият берувчи нарсанинг олиб ташлашингиз ҳам – садақадир” (Имом Бухорий ривоятлари).
Йўлларни ифлос қилмаслик, унга чиқиндилар, пўчоқлар, ичимлик суви идишлари ва шуларга ўхшаш нарсаларни ташламаслик – динимизнинг талабидир. Зотан, бизнинг динимиз таълимотида поклик иймондан экани қатъий таъкидланган. Аллоҳ таоло ер юзини ислоҳ қилишга амр этган:
وَلاَ تُفْسِدُواْ فِي الأَرْضِ بَعْدَ إِصْلاَحِهَا وَادْعُوهُ خَوْفاً وَطَمَعاً إِنَّ رَحْمَتَ اللّهِ قَرِيبٌ مِّنَ الْمُحْسِنِينَ
яъни: “Ва ислоҳ қилингандан кейин ер юзида фасод қилманг ва Ундан қўрқиб тамаъ ила дуо қилинг. Албатта, Аллоҳнинг раҳмати яхшилик қилувчиларга яқиндир” (Аъроф сураси 56-оят).
Муҳтарам жамоат! Пайғамбаримиз саллалоҳу алайҳи васаллам бир муборак ҳадиси шарифларидан бирида:
جُعِلَت ليَ الأرضُ مسجدًا وطَهورًا
(رَوَاهُ الإمَامُ البَزَّارُ)
яъни: “Мен учун ернинг ҳаммаси сажда қиладиган жой ва покловчи қилиб берилди” деганлар (Имом Баззор ривоятлари).
Бу ҳадиси шарифда тупроқнинг поклигига, уни муҳофаза қилиш зарурлигига ажойиб тарзда ишора қилинмоқда. Чунки мўмин-мусулмон одам тупроқ устида намоз ўқийди. Шу боис уни ифлос қилмаслик лозимдир.
Шунингдек, Набий саллаллоҳу алайҳи васаллам тинчлик пайтида ҳам, уруш асносида ҳам дарахтларни кесмасликни, ўрмонларни ёқмасликни буюрганлар. Бу эса атроф муҳит муҳофазасига эътиборнинг юксак кўринишидир.
Қолаверса, Қуръони каримда барча махлуқотлар Аллоҳга тасбеҳ, ҳамд айтишининг хабари берилган. Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилади:
تُسَبِّحُ لَهُ السَّمَاوَاتُ السَّبْعُ وَالأَرْضُ وَمَن فِيهِنَّ وَإِن مِّن شَيْءٍ إِلاَّ يُسَبِّحُ بِحَمْدَهِ
وَلَـكِن لاَّ تَفْقَهُونَ تَسْبِيحَهُمْ إِنَّهُ كَانَ حَلِيماً غَفُوراً
яъни: “Унга етти осмону ер ва улардаги кимсалар тасбеҳ айтур. Унинг ҳамди ила тасбеҳ айтмаган ҳеч бир нарса йўқ. Лекин уларнинг тасбеҳини англамассизлар. Албатта, у ҳалийм ва сермағфират зотдир” (Исро сураси 44-оят).
Араб тилида тасбеҳ айтиш “Аллоҳни поклаб ёд этиш” маъносини англатади. Ушбу ояти карима бутун борлиқ, барча мавжудот Аллоҳ таолони айбу нуқсондан поклаб тасбеҳ айтишини таъкидламоқда. Дарахтларни сабабсиз кесиш, экинларни пайхон қилиш, ер юзида ва сувда яшаётган жонзотларни қирилиб кетишига сабабчи бўлиш нафақат ер юзида бузғунчилик қилиш, қолаверса, Аллоҳ таолога тасбеҳ айтаётган махлуқотларни бехуда нобуд қилишга тенгдир.
Муҳтарам жамоат! Қуръони Каримда бундан ўн тўрт аср олдин ўсимликлар зикр қилиниб, “карамли” дея васф этилган. Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилган:
أَوَلَمْ يَرَوْا إِلَى الْأَرْضِ كَمْ أَنبَتْنَا فِيهَا مِن كُلِّ زَوْجٍ كَرِيمٍ
яъни: “Улар ерга қарамайдиларми?! Биз унда гўзал навлардан қанчаларини ундириб қўйибмиз” (Шуаро сураси 7-оят).
Аллоҳ таоло бошқа бир оятда бундай деган:
وَأَنزَلْنَا مِنَ السَّمَاءِ مَاءً فَأَنبَتْنَا فِيهَا مِن كُلِّ زَوْجٍ كَرِيمٍ
яъни: “Ва осмондан сув тушириб, у билан ун(ер юзи)да турли гўзал ва фойдали жуфтларни ўстириб қўйдик” (Луқмон сураси 10-оят).
Ушбу ояти каримада аввало, ўсимликлардаги гўзаллик ва фойдага ишора қилиняпти, қолаверса, улар жуфт бўлиши ҳам билдириб қўйилмоқда. Аллоҳнинг китобида ўн беш аср илгари зикр этилган бу ҳақиқатга замонавий илм-фан яқиндагина кашф қилди. Ҳар бир ўсимликда эркак ва урғочи хўжайралар бўлиб, улар бир-бири билан чатишгандагина мева ҳосил бўлиши энди тушуниб етилди. Ўсимликларни бундай қилиб яратишга фақат Аллоҳ таоло қодир.
Бугунги кун инсонлари сувсизликдан, қурғоқчиликдан қийналмоқда. Озгина фикрлаб кўрсак, Набий саллаллоҳу алайҳи васаллам бугунги инсонлардан анча олдин сувни исроф қилмаслик ҳақида кўп таъкидлаганларини кўрамиз. У Зот алайҳиссалом таҳорат қилаётган буюк саҳобалардан бирини сувни исроф қилишдан қайтариб шундай деганлар:
وَإِنْ كُنْتَ عَلَى نَهْرٍ جَارٍ
(رَوَاهُ الإِمَامُ البُخَارِيُّ)
яъни: “Агар оқиб турган дарё лабида бўлсангиз ҳам, сувни исроф қилма!” (Имом Аҳмад ривоятлари).
Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳудан ривоят қилинган бошқа бир ҳадиси шарифда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам: “Бирортангиз оқмай турадиган, кейинчалик унда ғусл қиладиган сувга зинҳор бавл қилмасин”, деганлар (Имом Бухорий ривоятлари).
Қуръони Каримда махлуқотларнинг аҳамияти таъкидланиб, улар ҳам биз каби уммат эканини эълон қилинган. Аллоҳ таоло Қуръони Каримда шундай марҳамат қилган:
وَمَا مِن دَآبَّةٍ فِي الأَرْضِ وَلاَ طَائِرٍ يَطِيرُ بِجَنَاحَيْهِ إِلاَّ أُمَمٌ أَمْثَالُكُم مَّا فَرَّطْنَا فِي الكِتَابِ مِن شَيْءٍ ثُمَّ إِلَى رَبِّهِمْ يُحْشَرُونَ
яъни: “Ер юзидаги юрувчи ҳар бир жонзот ва икки қаноти ила учувчи қуш борки, ҳаммаси сиз каби умматлардир. Китобга ҳеч нарсани қўймай ёзганмиз. Сўнгра Роббиларига жамланурлар”.
Ҳар бир инсон мана шу оятда айтилганидек, ҳайвонларни алоҳида уммат эканини ҳис қилса, уларга ёмон муомала қилмайдиган, балки меҳр кўрсатадиган бўлади.
Муҳтарам жамоат! Мавъизамиз давомида фарз намозлардан кейинги зикрлар ҳақида суҳбатлашамиз. Намоздан кейин ўқиладиган Оятал Курси ва зикрлар Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васалламнинг бизга қилган тавсиялари бўлиб, мустаҳаб даражасидаги амаллардир. Уларга доимий амал қилиб юриш катта савоб ва ажрларга сабаб бўлади.
Намоздан кейинги тасбеҳлар. Намоздан кейинги тасбеҳлар ҳақида Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам қуйидагича марҳамат қилганлар:
مَنْ سَبَّحَ اللَّهَ دُبُرَ كُلِّ صَلَاةٍ ثَلَاثًا وَثَلَاثِينَ وَحَمِدَ اللَّهَ ثَلَاثًا وَثَلَاثِينَ وَكَبَّرَ اللَّهَ ثَلَاثًا وَثَلَاثِينَ فَتْلِكَ تِسْعَةٌ وَتِسْعُونَ وَقَالَ تَمَامَ الْمِائَةِ لَا إِلَهَ إِلَّا اللَّهُ وَحْدَهُ لَا شَرِيكَ لَهُ لَهُ الْمُلْكُ وَلَهُ الْحَمْدُ وَهُوَ عَلَى كُلِّ شَيْءٍ قَدِيرٌ غُفِرَتْ خَطَايَاهُ وَإِنْ كَانَتْ مِثْلَ زَبَدِ الْبَحْرِ
(رواه الامام مسلم)
яъни: “Ким ҳар намоздан кейин ўттиз уч марта “Субҳаналлоҳ”, ўттиз уч марта “Алҳамдулиллаҳ”, ўттиз уч марта “Аллоҳу акбар” деса, бу тўқсон тўққизта бўлади, юзинчисида “Лаа илааҳа иллаллооҳу ваҳдаҳу лаа шарикалаҳу луҳул мулку ва лаҳул ҳамду ва ҳува ъала кулли шайъин қодир” деса, агарчи гуноҳлари денгиз кўпигича бўлса ҳам, кечирилади” (Имом Муслим ривоятлари).
Намоздан кейин "Оятал Курсий" ўқиш. Пайғамбаримиз алайҳиссалом фарз намозлардан кейин "Оятал курсий"ни ўқишнинг фазилати ҳақида шундай дейдилар:
مَنْ قَرَأَ آيَةَ الْكُرْسِيِّ في دُبُرِ الصَّلاَةِ المَكْتُوبَةِ، كَانَ في ذِمَّةِ اللهِ إِلَى الصَّلاَةِ الأُخْرَى
(رواه الامام الطبراني)
яъни: “Ким ҳар бир фарз намозидан кейин Оятал Курсини ўқиса, кейинги намозгача Аллоҳ таолонинг зиммасида бўлади” (Имом Табароний ривоятлари). Бошқа ҳадиси шарифда шундай дейилади:
مَنْ قَرَأَ آيَةَ الْكُرْسِيِّ فِي دُبُرِ كُلِّ صَلَاةٍ مَكْتُوبَةٍ لَمْ يَمْنَعْهُ مِنْ دُخُولِ الْجَنَّةِ إِلَّا أَنْ يَمُوتَ
(رواه الامام النسائي)
яъни: “Ким ҳар бир фарз намознинг ортидан Оятал Курсини ўқиса, уни жаннатга киришдан фақатгина ўлим тўсиб туради” (Имом Насоий ривоятлари).
Демак, намоздан кейинги зикру тасбеҳлар тилга осон бўлишига қарамай, Қиёмат куни амаллар тарозусини тўлдириб, оғир босади. Бу – Аллоҳ таолонинг биз Ислом умматига берган катта имтиёзи ва марҳаматидир! Диёримизда қадимдан ушбу гўзал Набавий тавсияларга амал қилиб келинмоқда ва бунинг, баъзилар даъво қилгани каби шариатимизга зид келадиган жойи йўқ.
Ҳозирги кунда сохта салафийлар ва бемазҳаблар томонидан “Оятал Курсий”ни ва намоздан кейинги зикрларни жамоат бўлиб адо этишимизни бидъат дейиш ҳолатлари учрамоқда. Бунга жавобан шуни маълум қиламизки, уламоларимиз ҳеч қачон Исломда бидъат бўлган ишга тарғиб қилмаганлар. Балки, асли шариатда машруъ бўлган амалга буюрганлар. Қолаверса, жамоат бўлиб зикр қилиш Пайғамбаримиз алайҳиссалом давриларида ҳам бор эди. Бунга жуда кўп ҳадиси шарифлар далолат қилади. Қуйида фақат биргина ҳадис шарифни келтириш билан кифояланамиз. Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадиси шарифда Пайғамбаримиз алайҳисалом айтадилар:
مَا جَلَسَ قَوْمٌ يَذْكُرُونَ اللهَ، إلاَّ حَفَّتْهُمُ الْمَلاَئِكَةُ، وَغَشِيَتْهُمُ الرَّحْمَةُ
(أخرجه الامام الترمذي)
яъни: “Қайси бир қавм Аллоҳни зикр қилиб ўтирсалар, албатта, уларни фаришталар қуршаб олади ва уларни раҳмат ўраб олади” (Имом Термизий ривоятлари).
Аллоҳ таоло ҳолатимизни Ўзи ислоҳ қилиб, мўмин-мусулмонлар ўртасида турли ихтилофлар келтириб чиқарадиганлардан бўлиб қолишимиздан паноҳида асрасин. Омин!
Муҳтарам имом-домла! Келаси жума маърузаси “Ижтимоий тармоқлардаги фирибгарлик ва алдовлардан огоҳ бўлинг!” мавзусида бўлади, иншааллоҳ.