Исломга кириб икки ракатгина намоз ўқиб вафот этган мусулмон

Исломга кириб икки ракатгина намоз ўқиб вафот этган мусулмон

imon.uz 2024-11-26 11:40:45 169

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин

Мусулмонлар ва румликлар ўртасидаги Ярмук маъракаси бошланишидан олдин румликларнинг Жаржаҳ исмли лашкарбошиси чиқди ва мусулмонларнинг лашкарбошиси Холид ибн Валидни талаб қилди. 

Холид ибн Валид келди. Жаржаҳ унга: “Эй Холид! Менга фақат тўғри сўзла, ёлғон гапирма! Чунки ҳур араб рост сўзлайди, ёлғон гапирмайди. Аллоҳ сизларнинг набийингизга осмондан қилич тушириб, уни сенга берганми? Ва ўша қилич туфайли ҳеч ким сенга ғолиб кела олмай, фақат мағлуб бўладими?”, деди. 

“Йўқ!”, деди Холид разияллоҳу анҳу.

“Унда нега “Сайфуллоҳ” (Аллоҳнинг қиличи) номини олгансан?”, сўради Жаржаҳ. 

  Холид ибн Валид: “Аллоҳ таоло бизга пайғамбарини юборди. Биздан уни тасдиқлаганлар бўлди ва уни ёлғонга чиқарганлар бўлди. Мен у зотни ёлғонга тутганлардан бўлдим. Кейин Аллоҳ қалбларимизни Исломга бурди ва Ўзининг расули билан ҳидоят қилди. Биз у зотга байъат бердик. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам мени чақирдилар ва: “Сен Аллоҳ таолонинг қиличларидан бир қиличсан”, дедилар. Мен шундай қилиб Сайфуллоҳ бўлдим”, деди. 

“Пайғамбарингиз сизларни нимага буюради? “ сўради Жаржаҳ.

Холид: “У зот бизни Аллоҳнинг Яккалиги, тавҳидига ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни тасдиқ этишга чақиради. Мана шу Исломдир”, деди.  

   Жаржаҳ: Бугун Исломга кирадиганга ҳам сизлар каби ажр ва улуш бўладими?”, деб сўради.

Холид: “Ҳа. Ундан ҳам афзалроғи бўлади”, деди.  

   “Қандай қилиб? Ахир сизлар ундан ўзгансизларку?”, деб сўради. 

Холид ибн Валид розияллоҳу анҳу: “Чунки биз Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам билан бирга яшадик ва у зот бизга ғайбнинг хабарларини бериб турдилар. Биз у зотдан ажойибот ва мўъжизаларни кўриб туриб эргашдик. Биз кўрганларимизни кўрган, эшитганларимизни эшитганларга мусулмон бўлиш ҳақ бўлади, шарт бўлади. 

   Лекин, у зотни кўрмаган, эшитмаган, кейинчалик у зотга ғойибдан иймон келтирган кишилар, агар қалбларининг ботини, сирларини ва ниятларини тўғри қилиб олишса, уларнинг ажр-савоблари улуғ, мукофотга лойиқроқ ва буюкроқдир”, деди. 

   Шундан сўнг Жаржаҳ: “Эй Холид, менга Исломни ўргат!”, деди. 

Холид разияллоҳу анҳу: “Ашҳаду ан лаа илаҳа иллаллоҳ ва ашҳаду анна Муҳаммадур расулуллоҳ”, дегин", дедилар. Жаржаҳ шу сўзни айтди ва икки ракат намоз ўқиди. Сўнгра мусулмонлар билан бирга қавмига қарши ушбу маъракада жанг қилди. 

Ҳаёти давомида ўша икки ракат намоздан бошқа нарса адо қилмаган ҳолда  курашиб жангда шаҳид бўлди. У икки ракатни ҳам Холид ибн Валид билан бирга ўқиган эди...


Ибн Касир раҳимаҳуллоҳнинг “Ал бидоя ван ниҳоя” асаридан.


Ижтимоий тармокларда улашинг

Фейзбукда изоҳ қолдиринг

Мавзуга оид