130100 Узбекистон мусулмонлар идораси Жиззах вилоят вакиллиги
Жаннат оналар оёғи остидадир
imon.uz 27-05-2020 465Оналаримизни бошга кўтаришга, уларга
ҳамиша шафқатли, хокисор бўлишга, хизматларини қилишга буюрилганмиз. Фарзандини
тўққиз ой қорнида авайлаб кўтариб юриш, ҳомиладорликнинг қийноқ-азобларига
бардош бериш, туғиш чоғида бир ўлиб-бир тирилиш, туққанидан сўнг икки-уч
йилгача бағридан бўшатмай, қўлидан қўймай ардоқлаб парваришлаш, боласи учун бир
тунни бир неча бўлакка бўлиб оромдан кечиш, ҳатто улғайиб, уйли-жойли бўлиб
кетганида ҳам меҳрини, шафқатини, марҳаматини аямаслик фақат оналаргагина хос
илоҳий фазилатдир.
Аллоҳ таоло Аҳқоф сурасида шундай
марҳамат қилади:
“Биз инсонни ота-онасига яхшилик
қилишга буюрдик. Онаси уни (қорнида)
қийналиб кўтариб юрган ва уни қийналиб туққандир. Унга ҳомиладорлик ва уни (сутдан)
ажратиш (муддати) ўттиз ойдир”.
Она зотини фарзандига
ўта меҳрибонлиги ҳақида
Оиша розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда қуйидагича келади: “Ҳузуримга
бир мискина аёл икки қизини кўтариб келди. Шунда унга учта хурмо бердим. У ҳар
бир қизга биттадан хурмо берди. Бир дона хурмони емоқчи бўлиб, оғзига тутди.
Икки қиз уни ҳам беришини сўрашди. У ўзи емоқчи бўлган хурмони иккига бўлиб,
икковига берди. Унинг ҳоли мени ажаблантирди. Унинг қилганини Расулуллоҳ
соллаллоҳу алайҳи васалламга айтдим. Шунда У зот “Бунинг учун Аллоҳ унга
жаннатни вожиб қилди ёки уни дўзахдан озод қилди”, дедилар”. Имом
Муслим ривояти.
Демак, фарзандларини
дунёга келтириш, боқиб катта қилишда бемисл матонат ва фидоийлик кўрсатувчи
оналаримизнинг ҳурматини жойига қўйиш, улар олдида ҳамиша ўзини хоксор тутиш,
уларга ёқимли гапларни сўзлаш, уларнинг ҳаққига дуолар қилиб туриш фарзанднинг
энг муҳим бурчларидандир.
Муъовия ибн Жоҳима розияллоҳу анҳу Пайғамбаримиз соллалоҳу
алайҳи васалламнинг ҳузурларига келиб: “Эй Аллоҳнинг Расули, мен ғазотга
бормоқчи эдим, маслаҳатингизни олишлик учун келдим” деди. Пайғамбаримиз соллалоҳу
алайҳи васаллам: “Онанг борми?”, дедилар. У киши: “Ҳа”, деди.
Шунда У зот: “Онангни хизматларини ғанимат бил, чунки жаннат унинг оёғи
остидадир”, дедилар. Имом Насаий ва Ҳоким ривояти.
Ҳадиси шарифни шарҳлаган уламоларимиз: “Сен
жаннатдаги насибангга фақат онанг орқалигина етишасан. Шундай экан, унинг
розилигини олишга ҳаракат қилгин”, деганлар.
Ибни Ҳажар Асқалоний роҳимаҳуллоҳ ўзларини “Ал-исоба”
номли китобларида шундай келтирган: “Оналарни ҳурмат ва эҳтиром қилиш, уларга
ғамхўр ва меҳрибон бўлиш, уларни олдиларидаги фарзандлик бурчини адо қилиш биз
умматларга Пайғамбаримиз соллалоҳу алайҳи васалламдан меросдир. Пайғамбаримиз соллалоҳу
алайҳи васалламнинг гўдаклик пайтларида оналари оламдан ўтганликлари учун Пайғамбаримиз
соллалоҳу алайҳи васалламга онанинг хизматини қилиш насиб этмаган, бироқ У
зотни эмизган Ҳалима онамиз Пайғамбаримизни ҳузурларига келганларида
ўрниларидан туриб, кийиб турган ридоларини Ҳалима онамизга тўшаб, устига
ўтқизар эдилар.
Расулуллоҳ соллалоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига
Ҳавозин асирлари олиб келинганда, уларнинг орасида Пайғамбаримизни эмизган
Ҳалима онамизнинг Шаймо исмли қизлари ҳам бор эди. Шунда Шаймо Пайғамбар соллалоҳу
алайҳи васалламга У зотга таниш бўлган бир белги орқали ўзини таништириб, “Эй
Аллоҳнинг Расули мен сизни эмикдош синглингизман”, деди. Шунда, беихтиёр
Расулуллоҳ соллалоҳу алайҳи васалламнинг кўзларидан севинч ёшлари балқиб чиқди,
ридоларини тўшаб: “Мана бу ерга ўтиринг”, дедилар ва унга хоҳласа У зотнинг
ҳузурларида иззат-икром кўриб яшаш, хоҳласа ўз қавмига қайтиш ихтиёрини
бердилар. Шаймо Пайғамбаримиз соллалоҳу алайҳи васалламдан бундай ҳурмат ва
эҳтиромни кўриб мусулмон бўлди ва ташаккур айтиб ўз қавмига қайтишини билдирди.
У зот алайҳиссалом унга бир нечта туя ва қўйлар ҳамда учта қул ва чўри ҳадя
қилиб, кузатдилар.
Пайғамбаримиз соллалоҳу алайҳи васаллам эмикдош
сингилларига бундай иззат-эҳтиром қилишларини сабаби оналари Ҳалима онамизнинг
ҳурматларидан эди”. (“Ал-исоба” китоби).
Шу ўринда, Фарзандларнинг
ота-оналари олдидаги баъзи вазифаларининг асосийларига тўхталиб ўтсак.
Ота-онанинг фарзанд
зиммасида кўплаб ҳақлари бўлиб, уларнинг баъзиси ота-онанинг ҳаётлик вақтларига
боғлиқ бўлса, қолгани эса вафотларидан кейинги даврга тааллуқлидир.
Ота-онаси ҳаёт бўлган
даврда фарзанд бажариши лозим
бўлган баъзи амаллар:
- ота-онасига итоат қилиш: гуноҳ
бўлмайдиган ишларнинг барчасида ота-онага лаббай деб, буюрган ишларини
малолланмасдан, гўзал тарзда бажариш;
- ота-онанинг эҳтиёжларидан доимо бохабар бўлиб
туриш: фарзанд ўз
шароитидан келиб чиқиб, ота-онасига егулик, кийим-кечак ва бошқа заруриятларини
таъминлаши;
- ота-онага
камтарлик ва камсуқумлик билан муомала қилиш:
олдиларида ҳурмат билан ўтириш, баланд овозда гапирмаслик, умуман ранжитадиган
сўзларни уларга нисбатан ишлатмаслик, ҳузурларида беҳуда кўп гапирмаслик, одоб
билан сўзларини тинглаш, исмлари билан чақирмаслик, юришда ёки бир жойга кириб
чиқишда рухсатларисиз улардан олдин ҳаракат қилмаслик;
- ота-оналарнинг рухсатларисиз сафарга чиқмаслик: қандай сафар
бўлишидан қатъий назар, фарзандлар доимо ота-оналарининг розиликлари, дуо ва оқ
фотиҳаларини олиб, сўнгра йўлга отланишлари лозим;
Ота-онаси вафотидан
сўнг фарзанд бажариши лозим
бўлган баъзи амаллар:
- ота-онанинг ҳаққига дуо ва
истиғфорларни доим айтиш;
- ота-онанинг дўстлари билан
алоқани узмай, уларга яхшилик қилиш орқали ҳурматларини жойига қўйиш;
- ота-оналарнинг васийятларини
бажариш;
- ота-она сабабли қариндош
бўлганлар билан силаи раҳм қилиш.
Аллоҳ таоло ҳаёт бўлган ота-оналаримизнинг умрларини
узоқ қилсин, ўтганларини эса, Ўз раҳматига ғарқ айласин!
Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг
Жиззах вилоят
вакиллиги матбуот
котиби Усмонали ОРАЛОВ