130100 Узбекистон мусулмонлар идораси Жиззах вилоят вакиллиги
Жаназа намозига қатнашиш – улкан савоб
imon.uz 16-04-2020 1357Алҳамду лиллаҳ васолату вассаламу ала Расулиллаҳ!
Бизларни ва бутун борлиқни яратган Холиқимиз, ризқимиз ва умримизни тақдири азалда битиб қўйган. Яратгувчимиз, инсонни дунёга келишида у билан маслаҳатлашмаганидек, умри ниҳоясига етганида, дунёдан охиратга кетишида ҳам маслаҳатлашмайди.
Ислом динида ажали етиб вафот этган мусулмонни шариат аҳкомларига мувофиқ дафн қилиш бошқа мусулмонлар зиммасидаги фарзи кифоя амалдир. Улардан бир қисми бу ишни амалга оширсалар, мазкур фарз қолганларнинг яъни жаназага қатнашмаганларнинг ҳам зиммасидан соқит бўлади.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Мусулмоннинг мусулмондаги ҳаққи олтитадир», дедилар.
«Улар, қайсилар, эй Аллоҳнинг Расули!?» деб сўралди.
Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Қачон учратсанг, унга салом бер, қачон сени даъват қилса, унга жавоб бер, қачон сендан насиҳат сўраса, унга насиҳат қил, қачон акса урса ва Аллоҳга ҳамд айтса, унга яхшилик тила, қачон бемор бўлса, уни бориб кўр ва қачон вафот этса, ҳозир бўл», дедилар».
Муслим ва Аҳмад ривоят қилишган.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган бошқа ҳадисда:
Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Ким жанозага намоз ўқилгунча ҳозир бўлса, унга бир қийрот савоб, ким дафн қилунгунча ҳозир бўлса, унга икки қийрот савоб», дедилар.
«Икки қийрот нимадир?» дейилди.
«Икки улкан тоққа ўхшаш нарса», дедилар”. Бухорий ривоят қилган.
Ушбу ҳадисда жанозага қатнашиб, жаноза намозини ўқиш катта савоблиги, агар дафн этишда қатнашса яна шунча савоб эканлиги малум бўлаяпди.
Лекин муҳтарам азизлар ҳаммамизга сир эмаски, айни кунларда карантин сабабли жаназаларда ҳам кам миқдордаги кишилар қатнашиши буюрилмоқда. Баъзи юртдошларимиз, кам одам келса жаназа дуруст бўлмайди деган тушунчага бормасинлар. Зеро Молик ибн Ҳубайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда:
Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
“Қайси бир маййит ўлганидан кейин унга мусулмонлардан уч саф намоз ўқиса, албатта, (Аллоҳ жаннатни) вожиб қилади” деганлар.
Ибн Ҳубайра: “Молик розияллоҳу анҳу жаназага келганларни оз кўрса, шу ҳадисга биноан, уларни уч сафга бўлар эдилар”, деган.
Шунинг учун Аллоҳнинг синови келиб турган айни кунларда жаназа намозлари камчилик кишилар билан адо қилинаётган бўлса, бу жаназа друст бўлмади деган тушунчага бормаслик керак.
Аллоҳ таоло барчамизни рушду-ҳидоятда собит қадам қилсин! Бу синов-имтиҳонлардан тезроқ Ўзининг розилигига мувофиқ ўтиб олишимизни насиб айласин!
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Жиззах вилояти бош имом-хатиби
Меҳмонали домла ЖАББАРОВ