Каъбатуллоҳ тарихи

Каъбатуллоҳ тарихи

imon.uz 22-09-2019 908

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

263

Бунга мисол тарихда, бир шартнома тузилди,

Кенгаш қилиб барча эл , Каъбатуллоҳ бузилди,

Обрў учун қон тўкар, ҳатто меҳр узилди,

Тинчликпарвар бир Зотни ҳакам қилганди Аллоҳ.

264

Мухтасар ёзай энди, ҳолатни қилиб баён,

Тошқин селлар кўп вайрон, қилганди Уйга зиён,

Неча аср вақт ўтиб, хароб бўлгани аён,

Муборак Уйни такрор, обод қилдирди Аллоҳ.

265

Бир оз баён қилай мен, тарихи Каъбатуллоҳ,

Улул азим пайғамбар, Иброҳим Ҳалилуллоҳ,

Ўшал Зот замонидан, кўп машҳур, Субҳаналлоҳ,

Ким икром қилса Байтни, икром қиларди Аллоҳ.

266

Озроқ тарихга қайтиб, ёзай ўзимни рослаб,

Фармон келди Роббимдан, Ҳалилуллоҳга хослаб,

Бино қилгин Мен учун, ибодатимга мослаб,

Ҳалилуллоҳга шундай, буйруқ берганди Аллоҳ.

267

Кекса бўлган Ҳалилни, шижоати қўзғалди,

Омонат деб Роббига, бериб кетди рўзғорди,

Лаббай дея фармонга, манзил тамон йўрғалди,

Қувват берди жисмига, дўстини танлаб Аллоҳ.

268

Буйруқдан сўнг Маккага, Ҳалилуллоҳ шошдилар,

Ўғлининг дийдори деб, неча тоғлар ошдилар,

Соғинч тўла юраклар, ишқи роса тошдилар,

Ҳижрон тўла қалбларга, дийдорни берди Аллоҳ.

269

Отасини кўргандан, таниб олганди фарзанд,

Илк бора кўрганидан, жуда ҳам бўлди хурсанд,

Онасидан тарбия, олиб ўсган, бермас панд,

Отага кўз қувончин, бериб қўйганди Аллоҳ.

270

Ота бола учрашди, узоқ хижрондан кейин,

Меҳр тўла кўзларда, таърифга нима дейин,

Орзиқиб кутган диллар, буни ёзмоғим қийин,

Оҳ қанчалар дийдорни, роҳатли қилди Аллоҳ.

271

Пешвоз чиқиб югурди, отанинг дийдорига,

Юраклари ҳовлиқиб, кетмасди бекорига,

Нур чақнаб кўзларидан, айланди беморига,

Исмоилни (алайҳиссалом) соғинчи, муборак қилди Аллоҳ.

272

Меҳрибон ота ҳамда солиҳ фарзанд холини,

Кўрсанг эди уларни, сўзда томган болини,

Таъзим қилиб эгилди, лол қолдириб долини,

Қобил фарзанд отага, меҳрибон қилди Аллоҳ.

273

Узоқ дийдордан кейин, сўзни бошлаб Исмоил,

Қучиб такрор ва такрор, отага бўлди моил,

Тавозелар қилар кўп, кўрган бўларди қоил,

Шундай солиҳ зурриёд, бериб қўйганди Аллоҳ.

274

Эй отажон хуш келинг, қадамларга ҳасонот,

Қўйиб кетгансиз бизни, Роббимга деб амонот,

Дуонгиз ҳам ижобат, қаранг одам тумонот,

Қуруқ чўлни шаҳарга, айлантирганди Аллоҳ.

275

-Болам келдим бу ерга, ҳукми Роббоний билан,

Бино қурайлик битта, ақли салоҳий билан,

Роббим буюрди менга, ғайби Илоҳий билан,

Қувват бўлгин белимга, рози бўлади Аллоҳ.

276

-Эй отажон! Мен қобил, фарзанд бўларман сизга,

Хизматга тайёр ўзим, хожатлар бўлса бизга,

Неки бўлса айтингиз, қайтмасман асло изга,

Аҳдга содиқ ўғлонни, хизматга қўйди Аллоҳ.

(Давоми бор)

Жиззах шаҳар «Имом Бухорий» жоме масжиди

имом ноиби Ҳалилов Умиджон Абдуҳаким хожи ўғли

Ижтимоий тармокларда улашинг

Фейзбукда изоҳ қолдиринг

Мавзуга оид