Марҳумларни хотирлаш ва улар ҳаққига Қуръон ўқиш ҳукми

Марҳумларни хотирлаш ва улар ҳаққига Қуръон ўқиш ҳукми

imon.uz 2021-10-21 12:15:18 334

Баъзи бир илмсиз фатво бераётган кишилар: “Юртимизда урф бўлган эҳсон қилиб, дастурхон ёзиб, охирида тиловати Қуръон қилиш шариатда йўқ, марҳумларга унинг савоби етмайди, бу бидъат, фақат дуо қилиш мумкин”, дейишмоқда.

1. Аслида кўпчилик уламолар Қуръон тиловатининг савоби дунёдан ўтганларга етади деганлар.

Ҳанафий мазҳабимизнинг забардаст имомларидан Абу Жаъфар ат-Таҳовий “Ал-Ақидатут-Таҳовия” китобида:

яъни: “Тирикларнинг дуо ва садақаларидан ўлганларга манфаат бордир”, деб келтирадилар.

“Рўза, намоз, Қуръон қироати ва зикр каби баданий ибодатларни қилиб ўтганларга бағишласа савоби етадими, йўқми” деган масалада бироз ихтилоф бор.

Имом Абу Ҳанифа, Имом Аҳмад ибн Ҳанбал ва жумҳур уламолар “Баданий ибодатнинг савоби ўлганларга етади”, деганлар.

Имом Шофеий мазҳабидан машҳур гап ва Имом Молик етмайди, дейдилар. Лекин Шофеий мазҳаби уламолари ҳам агар ўқувчи қироатдан кейин унинг савобини маййитга етказишни Аллоҳдан сўраса, савоби ўлганларга етиб боришини айтишган.

Замондош олимлардан доктор Саъид Абдуллатиф Фуда “Шарҳул кабир ала Ақидатут Таҳовия” китобида шундай ёзади:

яъни: «Ибнул Ҳож “Мадҳал” китобида: “Ким қироати ҳеч хилофсиз (майитга) етишини хоҳласа, шу ишини “Эй Аллоҳ! Қироатимнинг савобини фалончига бергин (етказгин)”, деб дуога айлантирсин”, дейди».

Диққат қилсак, Ибнул Ҳож агар Қуръон тиловатидан кейин дуо қилиб, унинг савоби марҳумга бағишланса, бу ерда  ихтилоф қолмайди, демоқдалар. Юртимизда урф бўлган маросимларда ҳам худди мана шундай йўл тутилади ва бу амал шаръан жоиз ҳисобланади.

2. Динимизда инсон ўлиши билан унут бўлмайди, уларнинг тириклар зиммасида ҳақлари бўлади. Шунинг учун ҳам Исломда ўтганларнинг ҳақларига дуо қилишга тарғиб этилган. Қуръони каримда ўтганларнинг ҳақига мағфират сўраб дуо қилган мусулмонлар мақтов ўрнида зикр қилинади.

Аллоҳ таоло Ҳашр сурасида шундай дейди:

яъни: “Улардан кейин (дунёга) келган зотлар айтурлар: «Эй Раббимиз! Ўзинг бизларни ва биздан илгари имон билан ўтганларни мағфират этгин ва қалбларимизда имон келтирган зотларга нисбатан гина пайдо қилмагин! Эй Раббимиз! Албатта, Сен меҳрибон ва раҳмли зотдирсан!” (Ҳашр сураси, 10‑оят).

Ушбу илоҳий таълим асрлар оша мусулмон оламида амалда жорий бўлиб келган. Шу билан бирга, ўтганларнинг номидан яхши амаллар қилиб, савобини уларга бағишлаш ҳам бевосита Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг тавсиялари билан жорий қилинган амалдир. Бу мавзуга оид диний таълимотларни чуқур ўрганган уламоларимиз Қуръон тиловат қилиб, савобини ўтганларнинг ҳақига бағишлаш ҳам мазкур шаръий кўрсатма остига дохил эканини таъкидлайдилар.

3. “Саҳиҳи Бухорий”га шарҳ ёзган ҳанафий аллома Бадриддин Айний “Қабр ёнида муҳаддиснинг ваъз қилиши ва шогирдлари унинг атрофида ўтиришлари”, деб аталган бобни шарҳлаб шундай дейдилар:

яъни: “Гўёки бу сўз билан Имом Бухорий тирик ёки ўликка манфаат бўладиган бўлса, қабр ёнида жамоат билан ўтириш макруҳ эмаслигига ишора қиладилар. Тирикларга фойда бўлишига мисол, ичида ваъз-насиҳат қиладиган, ўлимни ва охиратдаги ҳолатларни  эслатадиган киши бўлган бир жамоат қабр ёнига тўпланишидир. Ўликка фойда бўлишига мисол қабр олдида Қуръон қироат қилиш ва зикр учун тўпланишдир, чунки майит бу нарсалардан манфаат кўради. Абу Довуд Маъқал ибн Ясордан ривоят қилади. У киши айтдилар: “Расулуллоҳ: “Ўликларингизга “Ясин”ни ўқинг”, дедилар”. Бу ҳадисни Насоий ва Ибн Можа ҳам ривоят қилган. Бу ҳадис ёнида ўқилган Қуръондан майит манфаат кўришига далолат қилади ва “майит Қуръон қироатидан манфаат кўрмайди” деганларга қарши ҳужжат бўлади» (“Умдат ул-қори” китоби).

Шу китобнинг бошқа ўрнида аллома Бадриддин Айний Пайғамбаримиз алайҳиссалом икки қабрга икки ҳўл новдани тиқиб, шу новдалар қуригунча уларнинг тасбеҳи сабабли қабр эгаларидан азоб енгиллашини умид қилганлари ҳақидаги ҳадисни шарҳлаб шундай дейдилар:

яъни: «Хаттобий айтади: “Бу ҳадисда қабрлар ёнида Қуръони карим ўқишнинг мустаҳаблигига далил бор. Чунки дарахтнинг тасбеҳи сабаб майитдан азоб енгиллашига умид қилинса, Қуръони карим тиловатидан янада кўпроқ умид ва барака бўлади. Айтаманки (яъни, Бадриддин Айний), бу масалада олимлар ихтилоф қилганлар. Абу Ҳанифа ва Аҳмад разийаллоҳу анҳумо Қуръон қироатининг савоби майитга етади, деганлар» (“Умдат ул-қори” китоби).

Кейин бу сўзларига бир нечта ҳадиси шарифни далил қилиб келтирадилар. Жумладан, Абу Бакр ан-Нажжор “Сунан” китобида Али  разийаллоҳу анҳудан ривоят қилинган қабристонда Ихлос сурасини ўқиш фазилати, Анас разийаллоҳу анҳудан марфуъ ҳолда ривоят қилинган қабристонда Ясин сурасини ўқиш ҳақида, Абу Бакр разийаллоҳу анҳудан ривоят қилинган ота-онасининг қабрини зиёрат қилганда Ясин сурасини ўқиш ҳақидаги ҳадисларни келтиради.  Кейин эса Абу Ҳафс ибн Шоҳин Анас разийаллоҳу анҳудан ривоят қилган қуйидаги ҳадисни келтиради:

“Ким мана шу зикр қилинган дуони бир марта  айтиб, кейин “Эй Аллоҳ! мана шуни савобини ота-онамга еткизгин” деса, ота-онасини ҳаққини адо қилган бўлади”.

4. Закариё Ансорий раҳматуллоҳи алайҳ «Ал‑Лубоб»да: “Тиловатнинг савоби ўлганга етишига далолат қиладиган нарсалардан бири шуки, мусулмонлар барча асрларда Қуръон ўқиб, ўтганларига бағишлаганлар ва буни ҳеч ким инкор этмаган. Бинобарин, бунга ижмоъ бўлган”, дейди.

Хулоса шуки, бир қанча манбаларда Қуръон қироатининг савоби вафот этганларга етиб бориши айтилган. Бу ҳақда етарлича далилларимиз мавжуд. Қолаверса, бир қанча фиқҳий китобларимизда ҳам бу масала очиқ-ойдин баён қилинган. Масалан, «Ҳидоя», «Бадоиъ», «Баҳр» ва бошқа китобларда бу ҳақда етарлича маълумотлар топилади. Шундай экан, бу борадаги ҳар хил нотўғри фатволарга эътибор бермаслик керак.

 


Интернет материаллари асосида

Ўзбекистон мусулмонлари идораси

Жиззах вилоят вакиллиги матбуот котиби

Усмонали ОРОЛОВ

Ижтимоий тармокларда улашинг

Фейзбукда изоҳ қолдиринг

Мавзуга оид