“МЕН УЧУН ЎРГАНИБ КЕЛ!”.

“МЕН УЧУН ЎРГАНИБ КЕЛ!”.

imon.uz 2024-12-17 12:51:03 150

Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам Мадинага ўрнашгач, Бани Нажжор уруғи Зайд ибн Собитни у зотнинг ҳузурларига олиб келди. Ўшанда Зайд розияллоҳу анҳунинг ёши ўн бирда эди. Улар:

– Эй Аллоҳнинг расули! Бу бола сизни хурсанд қиладиган даражада Қуръон ёдлаган, – дейишди.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам унга: “Ўқи”, дедилар. Зайд Қоф сурасини ўқиб берди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам унинг зеҳнидан ҳайратландилар. Унда закийлик, нурли ақл борлигини илғадилар ва дедилар:

– Эй Зайд! Мен учун яҳудийлар ёзувини ўрганиб кел. Мен мактубимни яҳудийларга ёздиришга ишонмайман.

Ўн беш кун ичида Зайд ибронийчани ўрганиб олди. У энди Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам яҳудийларга мактуб юбормоқчи бўлсалар, ёзиб, у зотга яҳудийлар мактуб ёзса, уларнинг мактубини ўқиб берар эди.

Бу сайёрада биз ёлғиз эмасмиз. Бунда бошқа халқлар, миллатлар ва маданиятлар бор. Бошқа тиллар бор. Ўша маданиятни, ўша миллатлар ва уларнинг тилларини ўрганиш албатта лозимдир. Аммо бу ишни маърифат учун қилиш бошқа, фахр учун қилиш бошқа. 

Бугун инглиз тили илм тилидир. Талабаларимиз бугун шу тил орқали илмий ихтисосларига эга бўлишмоқда.

Бу мутахассисликларни ўрганиш албатта вожиб. Чунки вожибга олиб борадиган нарса ҳам вожиб.

Араб араб билан гаплашганида фарангча ёки инглизча сўзларни фахрланиб қўшиб гапириши илмдан кўра кўпроқ нотурғунлик ва маданий жиҳатдан таназзулга юз буришдир. Барчанинг ўзига яраша қобилияти бор. Қобилиятсиз инсон йўқ. Бу баҳслашилмайдиган мавзу. Баъзи ўқувчиларда тил ўрганиш қобилияти юқори бўлади, аммо математикани яхши тушунмайди. Баъзи ўқувчилар эса физика ва кимёдаги тенгламаларни осонлик билан ечади, аммо тўрт қатор нарсани ёд олиши қийин. Баъзиларга эса ўн бет нарсани ёдлаш геометрик масалаларни ечишдан осонроқдир.

Оилада ҳам, мактабда ҳам боланинг қобилиятини аниқлаб олиш лозим. Сўнг ўша томонга қараб йўналтириш керак. Набий алайҳиссалом Зайд ибн Собитнинг тил ўрганишдаги қобилиятини кўра олдилар. Унга йўналиш бердилар. Натижада, жуда қисқа муддатда иброний тили ва ёзувини ўрганиб олди. Бу мислсиз натижа эди. Ҳали вақтнинг қисқалиги маъносида ҳеч ким бу натижани янгилагани йўқ

Ибн Касир роҳимаҳуллоҳ ўзининг “Ал-бидоя ван-ниҳоя” асарида ёзади: “Зайд ибн Собит розияллоҳу анҳу ниҳоятда закий бола эди. Яҳудийларнинг тилини ўн беш кунда ўрганди. Форс тилини Кисронинг элчисидан ўн саккиз кунда ўрганди. Ҳабаш тилини, румийлар ва қибтийлар тилини Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ходимларидан ўрганиб олди”.

Тушунаман, шифокор одам фарзандининг ҳам шифокор бўлишини истайди. Аммо улар фарзандларини ўз рағбатларига бўйсундириши, уларнинг истагини ҳисобга олмаслиги зулмдир. Агар уни ўзи майл қилган соҳага йўналтирилганида мингта шифокордан ҳам ўзиб кетадиган даҳо бўлиши эҳтимоли бор эди.

Тасаввур қилинг, агар имом Бухорий роҳимаҳуллоҳ табибликка мажбурланганида уммат қанақа муҳаддисдан маҳрум бўлар эди?!

Ибн Сино муҳаддисликка мажбур қилинса, уммат қанақа табибдан маҳрум бўлар эди?!

Шоир Мутанаббийни тикувчиликка мажбур қилишганида уммат қанақа шоирдан маҳрум бўлар эди?! Ва ҳоказо...

Болаларга қобилияти бор нарсани ўргатинг!


“Набавий тарбия” китобидан.


Ижтимоий тармокларда улашинг

Фейзбукда изоҳ қолдиринг

Мавзуга оид