МИССИОНЕРЛИК ВА ОИЛАДАГИ  ПАРОКАНДАЛИК

МИССИОНЕРЛИК ВА ОИЛАДАГИ ПАРОКАНДАЛИК

imon.uz 26-06-2021 729

Она диёримизда турли динларга эътиқод қилувчи кишилар бир-бирларини ўзаро ҳурмат қилган ҳолда ҳамжиҳат бўлиб яшаб келмоқдалар. Хусусан, ислом ва насронийлик динлари вакиллари бир-бирларига илиқ ва дўстона муносабатда бўлиб келаётгани бунга мисол бўла олади. Тарихда энг мураккаб ва оғир вақтларда ҳам улар ўртасида келишмовчилик ёки можаролар содир бўлмаган.

Ҳозирда ҳам мамлакатимизда турли конфессияларга мансуб диний ташкилотлар фаолият кўрсатмоқда. Афсуски, юртимиздаги турли дин вакиллари ўртасидаги тотувликни кўра олмаётган, жамият ўртасида турли низолар чиқаришга ҳаракат қилаётган гуруҳлар йўқ эмас. Улардан бири охирги вақтларда кўп тилга олинаётган миссионерлардир.

Миссионерлик умумий маънода бир динга эътиқод қилувчи халқлар орасида бошқа динни тарғиб қилишни англатади. Миссионерлик бугунги кунда мутаассибликнинг ўзига хос бир кўриниши сифатида намоён бўлиб келмоқда. Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 31-моддасида: «Ҳамма учун виждон эркинлиги кафолатланади. Ҳар бир инсон хоҳлаган дининга эътиқод қилиши ёки ҳеч қайси динга эътиқод қилмаслик ҳуқуқига эга. Диний қарашларни мажбуран сингдиришга йўл қўйилмайди», дейилади. Бу эса миссионерлик ва прозелетизм ҳаракатлари Конституциямизга бутунлай зид эканлигини ошкор этмоқда. «Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида»ги Қонуннинг 5-моддасида: «Давлат диний конфессиялар ўртасидаги тинчлик ва тотувликни қўллаб-қувватлайди. Бир диний конфессиядаги диндорларни бошқасига киритишга қаратилган хатти-ҳаракатлар (прозелетизм), шунингдек, бошқа ҳар қандай миссионерлик фаолияти ман этилади. Ушбу қоиданинг бузилишида айбдор бўлган шахслар қонун ҳужжатларида белгиланган жавобгарликка тортилади», деб ҳам таъкидлаб ўтилган. Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг «Диний ташкилотлар тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузиш» масаласига бағишланган моддасида: «Бир конфессияга мансуб диндорларни бошқасига киритишга қаратилган хатти-ҳаракатлар (прозелетизм) ва бошқа миссионерлик фаолияти, шундай ҳаракатлари учун маъмурий жазо қўлланганидан кейин содир этилган бўлса, энг кам иш ҳақининг эллик бараваридан юз бараваригача миқдорда жарима ёки олти ойгача қамоқ, ёхуд уч йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади», деб белгилаб қўйилган.

Шунга қарамасдан, айрим кимсалар ушбу қонунларни била туриб бузмоқдалар ва бошқаларнинг адашиб кетишига сабабчи бўлмоқдалар. Хусусан, қонунда кўрсатилган чораларга қарамай, биринчи галда «Яхова шоҳидлари» диний ташкилоти миссионерлик фаолиятини олиб боришга уринмоқда. Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, уларнинг бундай ғайриқонуний ҳаракатларига Рус православ дини вакиллари ҳам эътироз билдиришмоқда. «Миссионер» сўзи лотин тилидаги «missio» феълидан олинган бўлиб, «юбориш», «вазифа топшириш» деган маъноларни англатади.

Миссионер эса «вазифани бажарувчи» демакдир. Яъни миссионерлик белгиланган вазифани ҳал этишга қаратилган назарий ва амалий фаолиятни англатади. 2005 йилда Москва шаҳрида нашр этилган «Крилл ва Мефодийнинг катта энциклопедияси»да «Миссионерлик бирор диний бирлашма вакилларининг ўз эътиқодини бошқа дин вакиллари орасида ёйиш ҳаракати», деб таърифланган. Христианликда миссионерлик VI асрда пайдо бўлган. Миссионерлик ҳаракатларидан мақсад йирик капитал бойликларни ва ерларни тасарруфга олиб, ўзга ерларда ўз мамлакатининг сиёсатини ўтказишга эришиш бўлган. Улар гўёки маърифат тарқатадилар ёки тиббий ёрдам кўрсатадилар, аммо асосий мақсадларини яширадилар. Асосий мақсад эса ҳам маънавий, ҳам моддий жиҳатдан босқинчилик сиёсати эди.

Ҳозирги кундаги миссионерлик ҳам ана шу қадимги бузғунчилик мақсадини давом эттирмоқда. Жаҳонда бирон ўлка ёки минтақа йўқки, ғаразли ва шум миссионерликнинг қадами етмаган бўлса. Миссионерлар ўз ҳукуматлари томонидан моддий ёрдам олиб туришлари ва бу маблағларни аниқ йўналтирилган мақсадга – моддий ва маънавий босқинчилик сиёсатини юрғизишга ишлатаётганлигини ҳамма ҳам хаёлига келтирмаса керак. Айниқса, миссионерларнинг пуч ва ёлғон сафсаталарига учаётган ишонувчан содда ватандошларимиз огоҳ бўлсинларки, уларнинг ниятлари сизу бизни диндор қилиш эмас, балки моддий бойликларимизга эга бўлиш, холос. Миссионерлар борган ўлкаларнинг аҳолиси орасига мулойим бўлиб, беозор ва меҳрибон дўст бўлиб кириб борадилар. Масалан, «Ўзбек тилини ўрганмоқчиман», дейди ёки «Сизга инглиз тилини ўргатаман», деб бепул хизмат таклиф қилади, қийналаётганингизни билса, дарҳол моддий ёрдамини аямайди. Улар учун ҳар битта одам алоҳида бойлик. Миссионерлар таълим, соғлиқни сақлаш, бепул ижтимоий ёрдам кўрсатиш соҳаларида фаол иштирок этишга ҳаракат қиладилар ва албатта, ўзларининг асосий вазифаларини ҳеч қачон унутмайдилар.

Миссионерлар сиёсий мақсадларини амалга оширмоқчи бўлган ўлкаларнинг аҳолиси эътиқод қиладиган динни, урф-одатларини, ижтимоий муаммоларини ўрганишлари учун махсус тадқиқот ўқув марказларига эгадирлар. Улар хоҳлаган тилда ва хоҳлаган ададда ўзларининг сиёсий ва маънавий босқинчилик йўналиши сингдирилган адабиётларини чоп эта оладилар. Бу уларга катта имкониятлар очиб беради. Замонавий миссионерлар дунё бўйича инсон ҳуқуқлари устувор бўлаётганлигидан ўз мақсадлари йўлида устамонлик билан фойдаланмокдалар. Масалан, қайси давлатда миссионерлик тақиқланса, дод солиб инсон ҳуқуқлари бузилаётганини рўкач қилишади. Ҳолбуки, «Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларацияси»да: «Ҳар бир инсон фикр, виждон ва дин эркинлигига эга», дейилган, аммо «бу эркинлик ўзга инсонларнинг виждон эркинлиги дахлсизлигига рахна солмаслиги шарт»лиги таъкидланган. Замонавий миссионерлик маълум давлат ёки сиёсатнинг маънавий босқинчилигининг ифодасидир. Миссионерлар диндорлар эмас.

Моддий манфаатлар йўлидаги сиёсий ўйинчилар, холос. Мақсадлари одамларнинг онгини чалғитиб, уларни эътиқод қилаётган Ислом динидан оғдириб, ўзлари югурдаклик қилаётган давлат манфаатларига хизмат қилувчи объектга айлантиришдир. Улар асосан диний саводсиз, моддий жиҳатдан ночор, чорасиз бемор, маънавий қашшоқ одамларни «овлашади». Ўзларини меҳрибон, самимий инсондек кўрсатиб, дўстлашиб олишга ҳаракат қилишади. Пулни, вақтни аяшмайди. Ўзлари тарафга мойиллик ҳосил қилишгач, аста-секин маҳаллий аҳолининг динини ёмонлаб, норозилик уйғотишга интиладилар.

Ҳатто мавжуд қонуний ҳукумат ҳақида нотўғри хулосалар тарқатишдан ҳам тоймайдилар. Одамларнинг диний ҳис-туйғуларини суиистеъмол қилиб, ўзларининг «осон йўл билан жаннатга кириш» йўлларига даъват қилишади. Ким улар билан бўлса, «жаннатнинг олтин калити» унинг қўлида бўлиши ҳақида сафсата сотишади. Яқинда Қиёмат бўлади, ана ўшанда ким улар билан бўлса, нажот топиши ҳақида асоссиз айюҳаннос солишади. Одамларнинг эътиқодини бузаётганлари оқибатида оилаларда ота-она ва фарзандлар, ака ва укалар орасида парокандаликни келтириб чиқармоқда. Улар ўзларининг таъсирларини ўтказиш учун турли хил маккорликлардан, жумладан, гипноз усулларидан, ҳаттоки руҳиятга зарба берувчи мутаассиблик ва хаёлпарастликка олиб борадиган кучли прозотоип дори воситаларидан фойдаланишдан ҳам тап тортмайдилар.

Кучли гипноз ва психологик тазйиқ остида бўлганлар билан суҳбатлашсангиз, «Мен Худо билан гаплашдим, у мени жаннатда кутиб турибди», деган иборани манқуртларча такрорлашдан чарчамайди. Ҳа, айнан жамиятнинг фаол ҳаётида иштирок эта оладиган маърифатли, диний фикр юрита оладиган инсонларни эмас, балки ота-онасини ҳам тан олмайдиган ватанфуруш кимсаларни, манқуртларни тарбия қилиш миссионерларнинг мақсадидир. Уларнинг ифлос фаолиятлари аввало жамиятнинг негизи бўлган оилавий саодатга рахна солмоқда.

Назоратсиз қолган фарзанд миссионернинг алдовига учиб, ота-онасига қарши бош кўтариши ҳеч гап эмас. Ошкора бош кўтармаганида ҳам, доимо оилада ўзаро ҳадиксираш ва ишончсизлик ҳукм суради. Муқаддас оиланинг ишончи ва тарбиячиси бўлган Она миссионернинг маккорона тўрига илинса-чи?! Бунинг даҳшатли таъсири ҳақида сўз юритиш ниҳоятда оғир. Мусулмончиликда қиз олиб, қиз бериш, совчилик, қуда-андачилик, ўғил фарзанднинг қўлини ҳалоллаш, дафн маросимлари, жаноза намози каби миллий ва диний қадриятларимиз борки, бизлар айнан мана шулар орқали оламга ўзбек миллати деган шарафли ном ила танилганмиз. Икки йил муқаддам ёз кунларининг бирида кун ботишига яқин қолганда «Қўшчинор» жомеъ масжидига қўнғироқ қилишди.

Бир маҳаллада христиан динига кирган аёл қазо қилган экан, жаноза ўқиб, дафн қилиш керак, аммо ҳеч ким жаноза ўқишга жазм эта олмаяпти... «Қўшчинор»нинг имом-хатиби маҳалла раиси билан боғланиб, вазиятни ўрганди. Раис олти ой аввал маҳаллада айнан шу масалада фуқаролар гувоҳлигида йиғилиш ўтказилиб, мазкур аёл тавба қилиб, христианликни ташлаб, Ислом динига қайтганини ва бу воқеа йиғилиш баённомасида қайд этилганини айтди. Имом домла ўша баённомани олиб келтирди ва йиғилган жамоага ўқиб берди. Шундан сўнггина вазият юмшаб, одамлар жаноза ўқишга рози бўлдилар. Ҳа, бу каби нохуш ҳолатлар миссионерларнинг шум қадамлари ва одамларнинг эътиқодлари билан аралашувлари касофатидан ҳосил бўлмоқда. Миссионер бизнинг нафсониятимизга, яъни ўзлигимизга чанг солмоқчи.

Оилавий бахтимизни, фарзандларимизни асраб-авайлаш учун доимо огоҳ бўлишимиз ва оқилона ҳаракат қилишимиз шарт ва зарур. Прозелитизм, яъни бир диний эътиқоддаги кишиларни бошқа динга киритишга қаратилган ҳаракат Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексида тақиқланган ва жазо белгиланган бўлса-да, бизларнинг эътиборсизлигимиз оқибатида вилоятимизда «Ийсо Масиҳ», «Яхова шоҳидлари», «Адвентисти седъмого дня» ва шу каби норасмий тарзда фаолият юритаётган жамоалар таркибида ўз фаолиятларини яширин тарзда олиб бораётган миссионерлар мавжуд.

Аммо сизу биз ҳам бу каби муҳим иш, яъни ёшларимиз онгини заҳарловчи, келажагимизга, мустақиллигимизга рахна солувчи миссионерликнинг тузоғига илинишдан огоҳ бўлиб туришимиз доимо талаб этиладиган воқеликдир. Огоҳ бўлинг! Сизга оддий кийинган, хушмуомалали нотаниш одам учраб, сиз ва яқинларингиз эътиқод қиладиган дин тўғрисида яхши билимга эга эмаслигингизни билгач, Худога яқин бўлиш йўлларини билишини айтади, бу дунё машаққатларидан халос бўлиш, жаннатга кириш осонлигини, сохта китобий жумлалар ва баландпарвоз иборалар билан ўзи таклиф қилаётган динга даъват қила бошлайди. Дунёда содир бўлаётган урушлар, зилзилалар, жиноятлар, касалликларнинг сабабчиси Худога гуноҳкор бўлган ўзга диндорлар эканлигини исботлай бошлайди. Албатта, унинг қўлида ўзбек ва рус тилларида чиройли суратлар билан безатилган китобчалар ва варақалар бўлади. Сизга уларни бепул беради.

Оилангизда беморингиз бўлса, давоси борлигини, шахсий муаммоларингиз бўлса, ечими осон эканлигини айтади. «Бизга қўшилсангиз, ҳаммаси ўнгланади», дейди. Сизни ўз хонадонига ёки дўстлари билан бўладиган зиёфатларга таклиф қилади. Бундан мақсади сизга маънавий босим ўтказишдир. «Биз билан ибодат қилсангиз, энг оғир гуноҳингиз ҳам кечирилади», деб ишонтиришга ҳаракат қилади. Энг ёлғон гаплари: «Яқинда Қиёмат қоим бўлади. Менга қулоқ солиб, айтганларимни бажарсангиз, абадий жаннатга кирасиз», деб ишонтирмоқчи бўлади. Муқаддас Ислом динимизда Қиёмат қачон қоим бўлишини фақатгина Аллоҳ таолонинг Ўзи билади, буни бандаси гапиришга ҳақли эмас, деб эътиқод қилинади.

Доимий равишда эзгу ишларни бажариб боришга даъват этилади. Ким жаннати ва ким дўзахи эканлиги ҳақидаги ҳукм ҳам ёлғиз Аллоҳга аёндир. Бирор банда бу ҳақда гапиришга ҳақли эмас. Миссионерлар ғоясига учганлар доимо қиёматни кутиб, ваҳимада яшайдилар. Эзгулик ва бунёдкорлик ишлари билан шуғулланишга журъатлари етмайди. Эртанги кунга ишончлари йўқолади. Хаёлан кирадиган жаннатларига алданадилар, бошқа инсонларнинг барчаси кўзларига дўзахи бўлиб кўринади. Маълум бўлдики, миссионерликнинг ғоялари таги пуч, инсон учун ўта зарарлидир. Улар бизларга диний ва дунёвий фойда келтирмайди. Миссионерлик дунёдаги гегемончилик сиёсатини олиб бораётган баъзи давлатларнинг сиёсий тазйиқларидан иборат фаолиятларидир. Шундай экан, миссионерлик Она Ватанимиз аҳолиси тинчлиги ва осойишталиги учун таҳдид эканини чуқур англашимиз лозим. Унинг олдини олиш ҳамда қарши кураш ҳар бир фуқаронинг миллат ва Ватан олдидаги муқаддас бурчи ҳисобланади. Ҳозирги миссионер ташкилотлар асосан геосиёсий мақсадлар йўлида фаолият олиб боришмоқда.

Миссионерларнинг асосий мақсади маълум давлатларда ўзларига кўпроқ тарафдор йиғиш, улар орасида ғарбона, христиан ҳаётини тарғиб қилиш ва шу орқали маълум жамиятда ташқи империалистик кучларга хайрихоҳ бўлган гуруҳларни ташкил қилишдан иборат. Миссионерлик айниқса Осиё мамлакатларида катта муаммолар келтириб чиқариши мумкин. Масалан, Шимолий (Жанубий эмасми?) Кореяни олсак, у ерда АҚШнинг таъсири катта бўлгани учун аҳоли орасида протестантликни қабул қилиш авж олиб кетган. Бу муаммо отани боладан, болани жамиятдан ажратиб қўйиб, жамият ичида парокандалик келтириб чиқармоқда. Замонамиз миссионерлиги фақат бошланғич даврида, илк ячейкаларида дин иши бўлиши мумкин. Аслида эса миссионерлик геосиёсий ўйинларнинг бир усули, таъсир воситаси ва ниҳоят сердаромад соҳага айланиб қолган.

Миссионерлар минтақамизда катта ишларни режалаштирганлар ва ўша режалар асосида тинмай ҳаракат қилмоқдалар. Хулоса шуки, бепарво бўлишга ҳаққимиз йўқ. Ёвуз мақсадли миссионерларнинг чангалларидан фарзандларимизни, яъни келажагимизни асрайлик.  

Отабоев Абдумуталип

Миролим Мансур тайёрлади

Ижтимоий тармокларда улашинг

Фейзбукда изоҳ қолдиринг

Мавзуга оид