МИССИОНЕРЛИК ВА ПРОЗЕЛИТИЗМ-МАЪНАВИЯТГА ТАҲДИД

МИССИОНЕРЛИК ВА ПРОЗЕЛИТИЗМ-МАЪНАВИЯТГА ТАҲДИД

imon.uz 20-06-2021 536

Энг аввало миссионерлик нима, Прозелитизм нима, деган саволларга жавоб бериб ўтсак. Хўш, миссионерлик нима? “Миссионерлик” сўзи латин тилидаги "missio" феъли асосида ясалган бўлиб, у ўзбек тилида "юбориш", "вазифа топшириш"деган маъноларни англатади. “Миссионер”сўзи эса "вазифани бажарувчи" деган маъноларни англатади.

Бир динга эътиқод қилувчи халқлар орасида бошқа бир динни тарғиб қилиш билан боғлиқ назарий ва амалий фаолиятга миссионерлик дейилади. Прозелитизм сўзи аслида, грекча сўз бўлиб, у “воз кечиш”, “ўзга жой топиш” деган маъноларни англатади. Тўғридан-тўғри бирон бир динга ишонган фуқарони ўз динидан воз кечишга ва ўзга динни қабул қилишга мажбур қилиш прозелитизм дейилади.

Миссионерлик ва прозелитизм дин билан боғлиқ ҳолда шаклланган ва мутаассибликка асосланган ҳодисалар ҳисобланади. Ҳозирги пайтда миссионерлар маълум бир ижтимоий қатламни ажратиб олиб, мақсадли иш олиб боришга интилмоқдалар. Жумладан, бундан тоифадагилар эътиборни аралаш миллат вакилларидан иборат оилаларнинг аъзолари, илгари ҳеч бир динга эътиқод қилмаган, оғир хасталикка, жудоликка, моддий қийинчиликка дуч келган, ахлоқ тузатиш муассасаларидан чиқиб келган, яъни моддий ва маънавий кўмакка муҳтож кишиларга қаратмоқдалар.

Маълумотларга кўра, миссионерлар зиёлиларнинг турли қатламлари ичида санъат соҳаси ходимлари, кутубхоначилар, ўрта мактаб ўқитувчилари, турли идоралар хизматчилари фаол миссионерлик тарғиботи объекти сифатида танланаётганини ҳам қайд этиш лозим. Таҳлиллар шуни кўрсатадики, динини ўзгартираётган шахслар (прозелит)ларнинг аксарияти ушбу дин ақидаларини чуқур тушуниб қабул қилмаган, балки миссионер томонидан қўлланилган усул таъсири остида эътиқодларини ўзгартиришмоқда.

Миссионерлар бугунги кунга келиб аёллар орасида иш олиб боришга алоҳида эътибор беришмоқда. Бунинг асосий сабаблари аёлларнинг ўз табиатига кўра ишонувчан эканликлари, ташқи таъсирга мойилликнинг юқорилиги ҳамда ҳаётда сабр-бардошли ва фидоий бўлиш билан бир қаторда, ҳамиша маънавий-руҳий кўмакка, қўллаб-қувватлашга эҳтиёж сезишларидир. Ўзбекистон Республикасининг "Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида"ги Қонунининг 5-моддасига мувофиқ бир диний конфессиядаги диндорларни бошқасига киритишга қаратилган хатти- ҳаракатлар (прозелитизм), шунингдек, бошқа ҳар қандай миссионерлик фаолияти ман этилади.

Республикамизда диний соҳадаги қонун ва меъёрий ҳужжатларнинг талабларини бузиш аксарият ҳолларда "Иегова шоҳидлари", Тўлиқ инжилчи христианлар, Еттинчи кун христиан адвентистлари, Евангел христиан баптистлар черкови, Масихийлар, Корейс-протестант черковлари, шунингдек, Баҳоий диний жамоалари ва Кришнами англаш жамиятининг айрим расмий ва норасмий жамоалари вакиллари томонидан амалга оширилмокда.

Мутахассисларнинг фикрига кўра, инсонни бир диндан бошқа динга ўтказиш келгусида унинг иродасида бўшлиқларнинг пайдо бўлишига ҳамда ташқи таъсирларга нисбатан кучсизланиб қолишига олиб келади. Прозелит инсонлар бора-бора онгсиз манқуртларга айланиб қолишмоқда. Бундай шахсларнинг фаол хатти-ҳаракатлари кузатилганлиги, уларнинг давлатимиздаги белгиланган конун-қоидаларга ва анъанавий ислом динимизга қарши бўлган ғояларини фуқароларимиз орасида тарғиб қилганликлари бугун ҳар биримизни янада огоҳ бўлишга чорлайди.

Р. УСМОНОВ 

Ижтимоий тармокларда улашинг

Фейзбукда изоҳ қолдиринг

Мавзуга оид